ЎзА Ўзбек

09.11.2016 18:22 Чоп этиш версияси

64 нафар йигит-қиз ижрочилик маҳорати бўйича баҳслашди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофоти танловининг Андижон вилояти босқичида 64 нафар йигит-қиз эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, рақс ва опера санъати ижрочилиги бўйича истеъдодини намойиш этди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур танлов ҳам санъат соҳасида 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган ижодкор ёшларнинг ўз истеъдодини намоён этишига хизмат қилмоқда.

Мусиқа ижрочилиги йўналиши бўйича Шаҳзодбек Тўйчиев, Азимжон Каримов, Машҳурбек Козимжонов, анъанавий хонандалик йўналишида Жаҳонгир Тўхташев, Моҳларой Бўтаева, Раҳимжон Талабоев, рақс йўналишида Одина Ортиқназарова, Омина Рўзиева, эстрада йўналишида Достонбек Аҳмадалиев, опера йўналишида Шоҳида Нурматова ва Бекзод Иброҳимов ғолиб, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Рақс жону дилим, – дейди рақс йўналиши ғолибаси Одина Ортиқназарова. – Бугун ғолиблар қаторидан жой олганимдан хурсандман. Бу менга катта масъулият юклашини ҳам яхши биламан. Мен ва мен каби минглаб ёшларга ўз истеъдод ва салоҳиятимизни юзага чиқариш учун кенг имкониятлар яратиб берилаётган озод ва обод Ватан фарзанди эканимдан фахрланаман.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
4 813