ЎзА Ўзбек

14.12.2019 Чоп этиш версияси

Огаҳий Мунисга ким бўлган?

Огаҳий Мунисга ким бўлган?
Муҳаммад Ризо Огаҳий таваллудининг 210 йиллигига

XIX асрда ўзбек мумтоз адабиётида икки йирик дарға – Шермуҳаммад Мунис мироб (1778-1829) ва Муҳаммадризо Огаҳий мироб (1809-1874) яшаб ижод этган. Хўш, улар қандай муҳитда шаклланган, бир-бирига қандай қариндош бўлган?

XIX асрда Бухорода манғитлар, Қўқонда минглар ва Хивада қўнғиротлар сулоласи ҳокимиятни қонунийлаштириш учун мусулмон сулолаларда кенг қўлланилган усул – тарихнависликка мурожаат қилганди.

Қўнғиротлар сулоласи бошқа икки хонликдан фарқли ўлароқ, тарихнависликни чиғатой ёхуд Ўрта Осиё туркий тилида ёзишни маъқул кўрди. Бу ишга биринчи бўлиб хон унвонини расман олган Элтузархон (1804-1806) Шермуҳаммад Мунис миробни танлади. Мунис Авазбий миробнинг ўғли бўлиб, сарой муҳитида тарбияланганди. Унинг таълимига отаси катта эътибор қаратиб, замонасининг машҳур уламоларига шогирдликка беради. Қўнғиротлар сулоласининг тамалтоши бўлган “Фирдавс ал-иқбол” асари Муниснинг ташриф қоғози бўлди. Бу асар анъанавий мусулмон тарихнавислик услубида ёзилганди. Одам ато тарихидан бошланиб, Муҳаммадраҳимхон I (1806-1825) даврининг 8 йиллигини қамраб олди.

Мунис саройда расман мироб лавозимида ишлашига қарамасдан, адабий кечалар ташкилотчиси эди. Сарой атрофига ўткир қалам соҳиблари тўпланиб, баҳс-мунозара, адабий мушоиралар ўтказган. Иқтидорли шоирнинг назм ва насрда қалам тебратиши ва туркийгўй шоир Алишер Навоий услубини қўллаши қўнғирот хонларига маъқул келган. У ёш бўлишига қарамасдан, тарих саҳнасига янги келган ва чингизий бўлмаган бешинчи хоразмшоҳлар сулоласини қонунийлаштириб бериши керак эди. Хива тарихнависи Муҳаммадюсуф Баёний (1858–1923) таъкидлаганидек, Элтузархон фармони билан ёзилган Хива хонлари тарихида Мунис турли ибора, бадиий восита ва мажозийлик кабиларни катта маҳорат ва назокат билан қўллаган. Натижада асарни ўқиган китобхонлар бадиий ифодавийлик гўзаллигидан ҳайратланган.

Мунис жуда истеъдодли, кенг қамровли билим эгаси бўлган, хонлар эса буни қадрлаган. 1829 йили Мунис вабо туфайли вафот этган. “Тазкирайи шуаро” асари муаллифи Ҳасанмурод Лаффасийнинг ёзишича, бу Хуросонга навбатдаги юриш вақтида рўй берган. Оллоқулихон (1825–1842) буйруғи билан марҳумнинг жасади Хивага келтирилган. Лаффасийнинг таъкидлашича, Оллоқулихон Муниснинг тўсатдан рўй берган ўлимидан қаттиқ изтиробга тушган. Афтидан у Мунисни жуда эъзозлаган. Анъанага кўра, саройдаги мансаб авлоддан- авлодга эркаклар томонидан ўтган. Муниснинг меросхўри йўқ эди. Хон жияни Огаҳийни ягона номзод сифатида мироблик лавозимига тайинлаган.

Муҳаммадризо ибн Эрниёзбек Хива хонлигида расмий мироб лавозимига эга бўлган. У кўпроқ Огаҳий тахаллусли шоир, таржимон ва тарихнавис сифатида танилган. Шарқ ёзма адабиёти анъанасига мувофиқ, шоирлар таржима ҳолини қисман девонлари дебочасида келтирган. “Таъвиз ал-ошиқин” (Ошиқлар тумори) девони ҳам шундай дебочага эга. У Саййид Мухаммадхон ҳукмронлиги даврида, унинг шогирди, тахт вориси Муҳаммад Раҳим II – Феруз (1864–1910) фармонига кўра тузилган.

Девон 1872–1873 йилларда тартибланган. 810 та форсий ва 18 000 мисра туркий шеърдан таркиб топган. Огаҳий таржимаи ҳолига оид маълумотлар девон дебочаси доираси билан чекланмади. Шоир ҳаётига оид қизиқарли баён унинг тарихий ва таржима асарларида ҳам мавжуд.

Огаҳий туғилган аниқ санани Муниc маълум қилди: у 1224 ҳижрий йил зулқаъда ойининг 10 куни /милодий 1809 йил, 16 декабрда, шанба куни туғилди. Отаси Эрниёзбек Шермуҳаммад Муниснинг қариндоши бўлган. Мунис “Фирдавс ал-иқбол” асарида Эрниёзбекни ука (ини) деб атаган. Бироқ Хоразмда ини сўзи ҳар доим ҳам ука – кичик биродар маъносини англатавермайди. Умумий маънода амакивача ёки тоғавача қариндошларга ҳам ини сўзи ишлатилади.

Фанда Мунис ва Огаҳийнинг қариндошлик риштасига доир икки хил тахмин мавжуд. Биринчисига кўра, Мунис Огаҳийнинг онаси тарафидан қариндош, яъни тоғаси бўлган. Бошқа олимлар, Шермуҳаммад Мунис ва Эрниёзбек ака-ука бўлган деган тахминни илгари суради. М.Йўлдошев уларни амакиваччалар деб атайди. Сўзининг исботи сифатида, Муҳаммадюсуф Баёнийнинг Хоразм тарихи қўлёзмасидан иқтибос келтиради. Аммо М.Йулдашев келтирган маълумотни қўлёзмадан топмадик.

Огаҳий туғилган қишлоқ – Қиётда қариндоши Тоҳир Худойназаров 1941–2018 йилларда яшаб ўтган. Унинг таъкидлашича, Мунис шоирнинг она томонидан тоғаси бўлган. Тоҳир Худойназаров 1941 йили туғилган, Хоразм вилояти, Қиёт қишлоғида яшаган. Унинг оғзаки маълумотига кўра, Эрниёзбек ва Аваз мироб туғишган ака-ука бўлган. Жиянбий мироб уларнинг отаси бўлган. Аваз миробнинг ўғли – Мунис Огаҳийнинг тоғаси бўлган. Информаторнинг таъкидлашича, у Огаҳийдан кейинги бешинчи авлоддир. Онаси Раҳима (1905-1989) Машариб миробнинг (1867-1954) қизи бўлган. Машариб мироб эса Огаҳийнинг укаси бўлган (Бу маълумотни муаллиф 2015 йил 24 апрелда ёзиб олган). Қиёт қишлоғида жойлашган Огаҳий уй-музейидаги шажара (оғзаки маълумот асосида) кўп жиҳатдан қўлёзмалардаги саналарга тўғри келмайдиган рақамларга эга.

Хоразмга илмий сафар мобайнида ахборот тўплаш жараёнида қўлёзмаларда қайд фактларни оғзаки тарих билан солиштириб, таҳлил қилдик. Улардаги тавофутни 3-тоифадаги бошқа манбалардан излаб кўрдик. Бундай манбалардан бири “Тазкира-йи шуаро” асаридир. Китоб Хива хонлигида яшаган шоирларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган. Муаллиф Ҳасанмурод Лаффасий (1880–1949) Огаҳийни Муниснинг жияни (амакизодаси) деб атайди. Қизиқ тарафи, асарнинг кейинроқ кўчирилган нусхаларида амакизода ўрнига амаки сўзи ёзилган, зода қўшимчаси Мунис ва Огаҳийнинг ижодларини ўрганган тадқиқотчиларни чалкашликларга олиб келган. Юқоридаги баёнлардан келиб чиқиб, Огаҳий икки йўналишда Мунисга қариндош бўлган, деб айтишимиз мумкин: отаси тарафдан жиян (амакизода), она томонидан тоғаси (Хоразм лаҳжасида дойи). Афсуски, мавжуд адабиётлардан Эрниёзбек отаси исмини топа олмадик. Бу ўтмишнинг икки таниқли шахси қариндошлик даражасига оид барча келишмовчиликларни ҳал қилишга ёрдам берган бўларди. Марказий Осиё бўйича йирик тадқиқотчи Юрий Брегель негадир Эрниёзбекни Эшимбий миробнинг ўғли деб атайди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, Мунис Эрниёзбекни ини (ука) деб атай олмасди. Чунки Эшимбий мироб 1727 – 1735 йиллар орасида вафот этган, Мунис бу муддатдан кейин – 1778 йили дунёга келган.

Афтидан, Огаҳийнинг отаси саройда бирор мансабга эга бўлмаган. Сабаби, унинг исми хонлик тарихий асарларида учрамайди. Эрниёзбек Огаҳийнинг ёшлигидаёқ ҳаётдан кўз юмган. Кейинчалик Огаҳий тоғаси қўлида тарбияланган. Мунис ва Огаҳийнинг умумий аждодлари Аваз мироб вафоти муносабати (1800 йил 7 сентябрь) билан “Фирдавс ал-иқбол” асарида ёдга олинган.

Мунис ва Огаҳий аждодлари ўзбекларнинг юз уруғидан бўлиб, улар наслдан-наслга саройда мироб лавозмида фаолият юритган. Сўнгги вақтгача илмий доираларда Хоразмда мироб мартабасини эгаллаган шахс хонликдаги суғориш ишлари учун жавобгар бўлган, деган қараш мавжуд эди. Бироқ Хоразм манбалари бўйича мутахассис Н.Тошевнинг аниқлашича, Хиванинг тарихий хронологияларида мироб атамаси кўпинча ҳарбий иш ва кампаниялар муносабати билан тилга олинган. Аммо биз учун муҳими – Мунис ва Огаҳий номларининг ҳарбий юришларда эмас, хонлик маданий ҳаётига оид ўринларда тез-тез тилга олиниши. Қўнғирот хонлари уларни қудратли қалам соҳиби ва моҳир таржимон сифатида тарихнавислик ишига жалб этан. Огаҳийнинг ёзишича, унга ижодий иш билан машғул бўлиш, олиму шоирлар даврасида юриш ҳарбий ишларга жалб қилинишдан афзалроқ ва қизиқроқ бўлган.

Кўриниб турганидек, информаторлар билдирган фикрлар ва автобиографик маълумотга суяниб, Огаҳийнинг шажарасини қайта тиклаш лозим.

Ҳилола НАЗИРОВА,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси кичик илмий ходими.

* * *

Ошиқ ўлдинг,эй кўнгул,жонинг керакмасму санга?
Ўтға кирдинг жисми урёнинг керакмасму санга?

Истабон ул юз тамошасини кўздин дамба-дам,
Қон тўкарсан чашми гирёнинг керакмасму санга?

Ҳардам эткунг орзу кофир кўзи наззорасин,
Қил ҳазарким нақди имонинг керакмасму санга?

Лутфунг этдинг хаста кўнглимдин дариғ, эй шоҳи ҳусн,
Бу гадойи зори ҳайронинг керакмасму санга?

Ўзгаларга илтифотинг айладинг махсус, бу
Мустаҳиқ лутфу эҳсонинг керакмасму санга?

Сел ғамдин хонавайрон ўлдиму ёд этмадинг,
Айтким бу хонавайрининг керакмасму санга?

Огаҳий ҳолин кўруб доим тағофил қилғосан,
Шоири донойи давронинг керакмасму са
нга?

* * *

Мушкин қошингнинг ҳайъати ул чашми жаллод устина,
Қатлим учун нас келтирур нун элтибон сод устина.

Қилғил томошо қомати, зебоси бирлан оразин,
Гар кўрмасанг гул бўлғонин пайванд шамшод устина.

Нозу адо-ю ғамзаси қасдим қилурлар дам-бадам,
Ваҳ, мунча офатму бўлур бир одамизод устина.

Ман хастаға жон асрамоқ эмди эрур душворким,
Қотил кўзи бедод этар ҳар лаҳза бедод устина.

Ул гул юзи шавқи била шайдо кўнгул шому саҳар,
Булбулдек айлар юз наво минг навъи фарёд устина.

Бошимға ёғғон ғам тоши мингдин бирича бўлмағай,
Гардун агар минг бесутун ёғдурса Фарҳод устина.

Эй шаҳ, карам айлар чоғи тенг тут ямону яхшини -
Ким,меҳр нури тенг тушар вайрону обод устина.

Хоки танинг барбод ўлур охир жаҳонда неча йил,
Сайр эт Сулаймондек агар тахтинг қуруб бод устина.

Не журъат ила Огаҳий очғай оғиз сўз дергаким,
Юз хайли ғам қилмиш ҳужум ул зор ношод устина.

3 283
ЎзА