ЎзА Ўзбек

20.04.2019 Чоп этиш версияси

Одам ва одамзод

Одам ва одамзод
Новелла

Ўйланаман. Исм инсонга зеб, аммо инсон исмга муносиб бўлиши бироз машаққатлидай туюлади. Ўзи исм одамни тортиб юрадими ёки инсон шу исмни кўтариб юрадими? Янаям ким билсин?

Менинг Музаффар исмли танишим бор, аммо у ҳаётда сира ҳам музаффар эмас, Шуҳратда сира ҳам шон-шуҳрат йўқ, Ботирали дегани ботирлик нари турсин, чумчуқ пир этса, юраги шир этади. Ё тавба, анна сизга исмнинг зеби. Шуларни ўйласам, Ўлжабойлигимга минг маротаба шукр қиламан.

Ҳа, менинг исмим Ўлжабой. Касбим геолог. 19…йили январь ойида Нурота кенглигидаги Жўш қишлоғида туғилганман. Айтишларича, мен туғилганда ҳаво совуқ ва тизза бўйи қор ёққан экан. Касалхонада ҳамма яхши кўрадиган, қўл-оёғи чаққон Ўлжабой деган шофёр бор экан. У кишига адаш бўлсин, дея менинг исмимни ҳам Ўлжабой қўйишибди.

Бу энди кўп йиллар олдин бўлган воқеа. Кейинчалик улғайиб, оддийгина шу исм билан боғлиқ кўп воқеаларни бошимдан кечиришимни эҳтимол улар билмаган бўлсалар керак. Кейинги пайтда бу ҳақда кўп ўйланадиган бўлиб қолдим. Бутун бошли дунёда Ўлжабой исмли одамлар кўпмикан? Уларнинг касби-кори, ёши ҳам турлича. Оиласи, туриш-турмуши, феъли ҳам бўлакча. Улар ҳаётга турлича ёндашадилар. Улар ҳам Ўлжабой исми билан боғлиқ воқеаларни бошидан кечирганмиканлар? Ўлжабоевичлар-чи?

Ўйлаганим сари исмим билан боғлиқ изланишларим бойиб бораверди. Қайси бир йили Бухорога борганимда, Ато Ўлжабоев деган ёши улуғ бир инсон: ”Э, келинг меҳмон сиз Ўлжабой экансиз, мен Ўлжабоевман, барча Ўлжабой, Ўлжабоевич, Ўлжабоевларни йиғиб бир дийдорлашсак, қанча дўстларимиз кўпаяр эди!” деб қолди. Қувониб кетдим, мен ёлғизман десам, адашнамо дўстларим кўп шекилли деб ўйладим. Ахир меҳр ва самимият қанчалик қадрли ва азиз.

19… йили мактабга бордим. Қизиғи шундаки, мени туғруқхонадан чиқариш кунларида туғилганлик гувоҳномамга исмимни Ўлжабой деб ёзишган. Аммо уйга келгач, бир аммам раҳматли, э, бу қандай исм бўлди, чақалоқни Эркин денглар, деб эътироз билдирган. Шу-шу мен “Эркин – Ўлжабой” бўлиб вояга етдим. Мактабга боргач, Ўлжабой эканлигим “қатъийлашди”. Болалар мени масхара қилишарди, баъзилари Ғўлжабой, Ғўлжа, дея чақиришарди.

Университетда ўқиб юрган кезларимда менга таниқли алломалар,олимлар қўлида тарбия олиш бахти насиб этди. Талабалик давримда Гулмира исмли курсдошим мени яхши кўрарди, кунларнинг бирида, нега исмингиз Ўлжабой дея, бироз оғриниб сўраб қолди.

Тошкентдай шаҳри азимда вояга етган қизнинг мендай олис бир қишлоқдан келган болани яхши кўриб қолиши-ю, қизғаниши алоҳида ҳодиса эди, албатта. Охири жаҳл билан, устоз профессорнинг хонасига кириб бордим. Айтдимки, мен университет дипломини Ўлжабой исми билан олмайман, Эркин исми билан оламан, тўғриси Ўлжабойлигим жонимга тегиб кетди…

Устоз профессор аввалига жилмайиб кулиб қўйди, сўнгра биронтасини севиб қолибсиз, шекилли деди менга тикилиб. Мен қизариб кетдим, севиб қолганим, исмимнинг унга ёқмагани ҳам рост эди аслида. Устоз мураббийнинг салобати босди шекилли, бирдан бўшашиб қолдим.

Домла босиқлик билан таъкидлади: ”Бу исм бутун бошли туркий қавмга хос. Бу ёғи қозоқ, қорақалпоқда, қирғизу-тожикда, ўзбекда бирдай ардоқли-ю, севимли. Биз сизларни яхши инсон бўлсин, миллати, элига фойдаси тегсин, деб ўқитяпмиз ахир, сиз бўлса, исмингиздан ор қилиб юрибсизми, уят, уят ахир!”

Устоз мураббий ҳаётдан кўз юмганига кўп йиллар бўлди, ўйлаб қарасам, бугун мен ҳам домланинг ёшига етай деб қолибман…

Адоқсиз ўйлар тинчлик бермайди. Ўлжабой бўлмаганимда исмим ким бўларди? Дейлик, Шавқиддин, Сулаймон, Ҳамидулла, Достон, Даврон, э борсин, Асқарали бўлсин. Лекин шу исмини мақтаётганга йўйманг-у, Ўлжабой исмимни айтиб чақиришганда, кўпчилик ушбу исмни алоҳида талаффуз қилади. Кимдир э, ўлжангиз кўп бўлсин, деса, кимдир жуда баракали одамсиз-да, дея алқайди ёки менга шундай туюладими? Яна Ўлжабой , Ўлжабоевич, Ўлжабоевлар билан боғлиқ манбаларни излай бошлайман.

Ўзим яхши кўриб ўқийдиган ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг ”Лолазор” романидаги бир воқеа мени кўп ўйлантиради. Асар қаҳрамонларидан Саидқул Мардонов болалар уйида етим ўсган. У ўз акаси, укаси жигарлари бўлишини, улар билан биродарлашишни хоҳлайди. Ёқубжон исмли журналист қишлоқларида қайси бир йили сел келиб, бир бола омон қолганини, уни бир киши асраб олганини, унинг ҳам холи борлигини хуллас, у Саидқул Мардоновнинг жигаримикан, деб юрагига ўт солади.

Саидқул Мардонов уни излаб, қишлоқдаги топилган укаларига акалигини исботлай олмай турганида, кимсан – Назар Яхшибоевдай уддабурон одам ўртага тушиб ”яраш-яраш” бўлади. Бир пайтлар асраб олинган одам, ўзгалар қўлида ўсган Саидқул Мардоновнинг акасининг қабрига Ўлжабоев Нормўминов деб ёзилади. (Демак, Мардонов ҳам асли Ўлжабоев). Энди улар жигар Ўлжабоевлар сифатида қабртошига ҳам ёзилдилар.

Қизиқ нега ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг хаёлига айнан асар қаҳрамонларига Ўлжабоев деган фамилия қўйиш ғояси келиб қолди? (Балки ҳаётда унинг прототипи бошқадир)

Ростдан ҳам дунёдаги бор Ўлжабой, Ўлжабоевич, Ўлжабоеевлар тақдири, қисматини синчиклаб ўргансангиз, яна нималар ойдинлашади экан? Оббо,Ўлжабой ,Ўлжабоевич, Ўлжабоевлар эй!

Рўйхатга қарайман, Гулистонда Умрзоқ Ўлжабоев деган адабиётшунос олим яшайди. Тарихчи Шоҳиста Ўлжабоеванинг кўплаб мақолаларини ўқиганман. Телевидениедаги мухбир Назира Мамбетшарипованинг Нукус давлат университетидаги ўқитувчи опасининг исми эса Ўлжагул экан.

Тожикистонда давлат ва жамоат арбоби Ўлжабоев деган одам кўп йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган, Самрқандда Ўлжабой Нур деган касби ветеринар, шоир бор. Унинг уйидаги ноёб топилма-ю, китобларини кўрган одам, унинг ветеринар, археолог, этнограф, шоир ва прозаэклигини билгач, бир жуссада нечта Ўлжабой яшаб юрибди деган ўйга боради.

Қўшрабоддаги мен туғилганда машина ҳайдаб юрган, одамлар яхши кўрадиган Ўлжабой шофёр ҳам қариб-қуриб қолгандир. Мен ҳам Ўлжабойман, шу исм билан яшаб ўтаяпман.

Охири бўлмади яна излайвердим. Қашқадарёнинг Деҳқонободига борганимда, бир чўпон бобомиздан суҳбат олиб шу исм маъносига доир жўяли гап эшитдим. Чўпон ёш эмас, етмишдан ошиб, дунёнинг кароматларини кўп кўрган.

Қадимда бир кишининг фарзанди туғилиб нобуд бўлаверибди. Охири бир мўйсафиднинг айтганини қилишиб, тоғдан тирик бўрини тутиб келиб янги туғилган болани бўрининг оғзидан уч маротаба ўтказиб олиб, бўрини қўйиб юборишибди. Чақалоқ яшаб кетибди, у энди бўрининг ўлжаси бўлди, дея кўнгилдан ўтказишиб Ўлжабой дея исм қўйишибди.

Чақалоқ соғлом улғайиб яшаб кетибди. Чўпоннинг гапини эшитиб, ҳеч нарса дея олмадим. Аммо, қозоқ биродарларимизда Ўлжабой ботирнинг довруғи тилларда достон эканлигини хаёлимга келтирдим.

Эҳтимол, қозоқ иниларимиз унинг шижоати, мардлигини бўрига қиёслашар. Бекорга Ўлжабой ботир деб номлашмагандир. Бу энди алоҳида гап. Мен ирим-сиримга ҳаётда умуман ишонмайман, аммо кекса чўпоннинг гапида ҳам жон бордир. Дунё кенг ва сирли, унинг кўҳна синоатларига инсоннинг кучи етмаса керак.

Дунёда қанча инсон бор. Уларнинг ўз милати-ю элати, исми, феъли, қисмати бор. Одам исмига, суяниб-ўрганиб яшаб ўтади.

3 896
Ўлжабой Қаршибой, ЎзА