ЎзА Ўзбек

12.09.2020 Чоп этиш версияси

Оқтоғнинг нарисида, Қоратоғ берисида

Оқтоғнинг нарисида, Қоратоғ берисида

Коронавирус воқеаси бутун инсониятни ҳушёр торттирди. Одам ва олам муносабатлари ўзагини янгилади, гўё. Аммо, ҳаёт давом этар экан, бугун ва эртанинг ташвишлари тугамайди. Айниқса, ўзбекчиликда. Шаҳар ҳаётидан чекиниб, олис қишлоқларни кузатамиз. Кўринмас, душман орамизда бўлса-да, унга тайёр туришимиз, огоҳ ва ўзимизни идрок этишимиз даркор.

Ҳеч ким эътибордан четда эмас

– Аввало, коронавирус балоси одамлар онгида ваҳима уйғотди, – дейди Нурота туманидаги “Қадоқ” қишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини раисиЭгам Дўстмедов. – Ваҳоланки, ваҳима қўрқув бор жойда бу бало билан курашиб бўлмайди. 20 йил умумтаълим мактабида, 20 йил Навоий Давлат педагогика институтида талабаларга дарс бердим. Биласиз, қишлоқда маънавиятнинг асосий тарғиботчиси, зиёли қатлами асосан ўқитувчилар ҳисобланади. 2019 йил май ойида маҳалла раислигига сайлангач, биринчи ишни мактаблар фаолиятини жонлантиришдан бошладим. Таълимга қўйилаётган бугунги талаб, тезкор ислоҳотоқимини кузатиб туриб муаммоларнинг илдиз отганини сеза бошлайсиз. Бугун ўқитувчига эътибор ортмоқда, маошлари кўпайтирилаяпти. Ўқитувчининг фақатгина таълим билан шуғулланиши талаб этилаяпти, аммо самарачи? Баъзи мактабларда ўтган йили, бор йўғи икки нафаргина бола ўқишга кирган. Ҳаёт тезлашиб онлайн таълимга суяниб турибмиз. Баъзи мактабларда ўқитувчилар онлайннинг ўзи нималигини тушуниб улгургани йўқ. Ҳаёт эса пандемия шароитида ишлаб, яшашни тақозо этаяпти. Қолаверса, омма яхши хабар қолиб, бемаза хабарнинг орқасидан чопади. Бу эса аҳолининг саросимага берилишига олиб келади. Яна қишлоқда зиёли қатлам – ўқитувчимаънавий кўмак вахалққа далда беришга масъул. Маҳалламизда 1285 хонадонда 35800 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқлар тарқоқ, инфратузилма ҳам шунга яраша. Ҳудудларимиз буёғи Қўшрабод, Каттақўрғон, Хатирчи туманлари билан чегарадош бўлиб, Навоий шаҳридан 150 км олисликда жойлашган. Биз асосан Оқтоғ ва Қоратоғ этакларида яшаймиз. Қишлоқда интернет йўқ. Уни олиб киришни тезлаштиришимиз керак. Анъанавий таълим бошлансада, бари бир онлайн таълимдан ҳам фойдаланамиз, усиз қишлоқларда таълим сифатини ошириб бўлмайди. Қолаверса, бугун дунёда ҳар дақиқада воқеа-ҳодиса рўй бераяпти. Таълимда инновация яратилмоқда. Онлайн таълимга жамоатчиликни тайёрлашимиз керак. Вақт эса кутиб турмайди. Ҳаётнинг ўзи пандемия даврида ишлашга, мослашишга ва яна инсоннинг ўзини-ўзи асрашга интилишига мажбур қилмоқда.

222222.JPGЯнги ўқув йили бошланаяпти, карантин талабларига риоя этишни ота-она боласининг қулоғига қўйиши керак. Мавжуд 11 қишлоқдаги “темир дафтар”га киритилган 31 оилага июль, август ойларида ёрдам кўрсатилди. 5 нафар боқувчисини йўқотган оилага моддий ёрдам берилди. “Тиконли” қишлоғидаги боқувчисини йўқотган Мукаррам Арзиеванинг уйини таъмирлашга ёрдам бердик. Қадоқ қишлоғидаги 15-умумтаълим мактабини 1970 йилда тамомлаган синфдошлар марҳум Эркин Омоновнинг уйини таъмирлашга ёрдам бериш ташаббуси билан чиқишди. Бундай мисоллар кўп. Аммо касаллик чекиниши учун фуқаролар мавжуд қоидаларга риоя этишлари,маълум чекловларни ҳам тушунишлари керак. Биз барибир уни енгамиз, аммо орамиздан кетган инсонлар қайтиб келмайди. Менимча шу тоғлар бағрида ҳаётга катта умидлар билан қараб яшаётган инсонлар Ўзбекистоннинг энг каттабойлиги. Улар ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди. Давлатмиз раҳбарининг 26 августдаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, муҳтож оилалар болаларига кийим-бош, мактаб формаси, ўқув қуроллари ва ижтимоий моддий ёрдам кўрсатилади. Муҳими, ўша хонадоннинг фарзандлари ўксимаслиги керак. 40 йиллик мураббий, маҳалла раиси сифатида мени бу жуда ўйлантиради.”

Шу куннинг қаҳрамонлари

– Айни кунларда кенг жамоатчилик янги ўқув йилини бошлашга тайёргарлик кўрмоқда, – дейди Сиртсилув қишлоғидаги 16-умумтаълим мактаби директори Абдумутал Турсунов. – Рости, мураббийлар ҳам, ўқувчилар ҳам, мактабни роса соғинишди. Мамлакатимиз раҳбарининг 28 августдаги видеоселектор йиғилишидаянги ўқув йилигатайёргарлик юзасидан ўтказган йиғилишида яқин кунлардаги амалга оширишимиз лозим бўлган вазифалар тилга олинди. Айниқса, Президентимизнинг “Мендан бугунги кун қаҳрамонлари ким деб сўрашса, бу соғлиқни сақлаш ходимлари билан бир қатордаҳурматли устозларимиз, деб айтган бўлар эдим” деган сўзлари биз қишлоқ мураббийларига катта куч бағишлади. Тўғриси мактабни ҳамма соғинди. 14 сентябрдан бошлаб эса янги ўқув йилига болажонлар мактаб остонасига қадам қўядилар. Биринчи талаб мактабларда тартибни сақлаш ва карантин талабларига риоя этишга қаратилган. Энг муҳими ўқувчиларга инфекция юқмаслиги, дарслар бир маромда кечиши лозим. Албатта, бу борада маҳалла, ота-оналар, жамоатчилик ёрдамига таянамиз. Мактабимиз 91 йил олдин таниқли мураббий Ўтамурод Халилов томонидан ҳашар йўли билан ташкил этилган. Марҳум адабиётшунос, ЎзМУда кўпйиллар дарс берган Нуротанинг Кирҳовут қишлоғида туғилиб ўсган Ҳақназар Халилов мактабимиз тарихига бағишланган “Ирфон йўли” китобини ҳам ёзган. Ўтган йилги юбилейимиздасобиқ мактаб ўқувчилари “90 йилга 9 китоб” акцияси доирасида мактаб кутубхонасини бойитди. Биласиз қишлоқда ягона маънавият даргоҳи мактаб. Анъанавий дарслар давом этса-да, илғор технология – онлайн тизими қишлоқ аҳолиси учун ҳам зарурий эҳтиёж. Бунинг учун қишлоқларда ҳам интернетга уланишни тезлаштириш керак. Электр токи ўчмаслиги, умуман таълимда узилиш бўлмаслиги лозим. Юқорида тилга олинган мажлисда видеодарсларни сифатли тайёрлаш ва ўтиш, бу жараёнгадавлат ва нодавлат телеканалларини фаол жалб этиш, ўқувчилар учун интернетдан фойдаланишда имтиёзли “Мактаб” тариф режаси ишлаб чиқилаётгани қувонарли.

зууур.JPG

Инсон азиз, инсон муҳтарам

Нуротанинг Кўкбулоқ қишлоғидамиз. Менинг бу ерларда болалигим ўтган, кўзимга азиз кўринади. Шу қишлоқлик Эсонбой Омонов 2012 йил ишлаб чиқаришда жуда ҳам оғир жароҳат олиб тиббиёт ходимларининг кўмагида ҳаётга қайтган. Аниқроқ айтсак, ўлимнинг олдидан қайтиб келган. Унинг қалб ярасини тирнасакда, у бошидан ўтказган азоблару-уқубатлар бугунги кунлар учун аччиқ сабоқ бўлишини биламан.

– Излаб келганларинг учун раҳмат, аммо бу дардларни достон қилманглар, – дейди суҳбатдошим, қишлоқ одамларига хосвазминлик билан. – Оддий қишлоқ фарзандиман. Ҳарбий хизматдан қайтгач, “Навоийазот” корхонасига ишга кириб, 28 йил ишладим. Хизматимдан нолимайман. Шу иш туфайли обрў топдим, оила боқдим. 2012 йил 10 июнь куни одатдаги иш кунларининг бирида ацетон ишлаб чиқариш цехида ишлаб турганимда станок портлаб кетди. Энди бу воқеани эслагингиз келмайди. Албатта техник фалокат, ускуналар эскирган. Ҳали уйланмаган ёш бола портлаб кетди. Мен эса судралиб зўрға цехдан чиқиб олдим. Баданим 90 фоиз куйган. Кейин эса 40 кундан ошиқ ҳушсиз ётганман, аммо юрагим уриб турган. 3 ойда оёққа турдим. Тортган азобим ўзимга маълум, аммо ҳаётдан нолимайман, тирик қолдим, оилам бағридаман. Куйиб кетган терим ўрнида 40 кундан кейин нур орқали даво чоралари орқали яна тери ўсиб чиққан. ”Навоиазот” бирлашмаси тиббиёт қисмининг барча жамоасидан миннатдорман. Мана кўзга кўринмас бало коронавирус туфайли қанчалаб хонадоннинг азиз аъзолари, замондошларимиз ҳаётдан кўз юмди. Бу касаллик бутун инсониятнинг тинчини бузди. Шундай оғир шароитда халқимизга шифо улашаётган шифокорлар эса чинакам фидоийлар, замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонларидир. Гарчанд азоб тортган бўлсамда, тирикман. Яшаш учун курашиш керак. Шунинг ўзи бахт. Инсонларга тилагим, тинчлик ва ҳаётнинг қадрига етинг!”

Суҳбатдошимнинг бу сўзларидан аввало, бир ижодкор сифатидакўп нарсани англагандай бўлдим. Қорақалпоқ халқининг буюк оқини Бердақ бобомиз бир пайтлар “Бу дунёнинг кўрки инсон боласи” деганида минг бора ҳақ экан. Узоқдан кўриниб турган баланд тоғларга термулиб, бир пайтлар қоғозга туширган бир шеърим ёдимга тушди.

Бу юртда зилол чашма сувини зар яратган,
Ёшлари орзуси мўл осмонга бўй таратган.
Қарилари тўлиқиб, дуога қўл узатган,
Оқтоғнинг нарисида, Қоратоғ берисида.


Ўлжабой ҚАРШИЕВ​

4 075
ЎзА