ЎзА Ўзбек

21.12.2018 09:15 Чоп этиш версияси

“Оқ кема” инглиз тилида саҳналаштирилди

Сирдарё вилоятининг қатор таълим муассасаларида буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган турли маданий тадбирлар давом этмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Гулистон шаҳридаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида ташкил этилди.

Дастлаб иштирокчилар Чингиз Айтматов ижоди ва фаолиятига бағишланган очиқ дарсларда қатнашди. Ўқувчилар адиб ижоди, асарларида илгари сурилган ғоялар, ўзларини таъсирлантирган сюжетлар ҳақида гапириб берди. Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари Умрзоқ Ўлжабоев, Ҳабибулло Абдукаримов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зебо Ҳайдарова ва бошқаларнинг улуғ адиб ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маърузалари тингланди.

– Бу йил мамлакатимизда жаҳон адабиётининг буюк дарғаларидан бири – Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллик юбилейи кенг нишонланди, – дейди мактаб-интернат директори Саодат Файзиева. – Биз ҳам жамоамиз билан адиб таваллудига бағишланган тадбирга алоҳида тайёргарлик кўрдик. Чингиз Айтматовнинг асарлари бутун дунёда машҳур ва улар кўплаб тилларга таржима қилинган. Бугунги тадбирда ўқувчиларимиз адиб асарларидан парчаларни инглиз, француз, немис тилларида ҳам ёддан айтиб берди.

Ўқувчилар томонидан “Оқ кема” асари асосида инглиз тилида саҳналаштирилган томоша иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Тадбир сўнггида Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодига бағишланган фильм намойиш этилди.



Абдужалол Қаюмов, ЎзА
5 565