Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.09.2017 18:26 Чоп этиш версияси

Нукусдаги И.Савицкий номидаги давлат санъат музейида “Ватанни куйлаб” номли кўргазма очилди

Нукусдаги И.Савицкий номидаги давлат санъат музейида “Ватанни куйлаб” номли кўргазма очилди Нукусдаги И.Савицкий номидаги давлат санъат музейида Қорақалпоғистон халқ рассоми Бозорбой Сарекеев ижодига бағишланган “Ватанни куйлаб” номли кўргазма очилди.

Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори Бозорбой Сарекеев ўзининг ранг-баранг мавзу ва жанрлардаги сермаҳсул ижоди билан қорақалпоқ тасвирий санъатига муносиб ҳисса қўшган ижодкор.

Рассом ўз ижодини Нукусдаги бадиий санъат ишлаб чиқариш устахонасидан бошлаган. Турли халқаро кўргазмаларда иштирок этган.

Манзара, портрет, натюрморт жанрларида ижод қилган мусаввир ўз асарларида қорақалпоқ халқининг миллий қадриятлари, анъана ва урф-одатлари, турмуш тарзи, маданиятини акс эттиради. Рассомнинг “Боғда” (1969), “Хотира” (1971), “Созанда” (1969), каби дастлабки картиналариёқ мухлис ва мутахассислар эътиборини тортган. Унинг ижодида портрет жанри асосий ўрин эгаллайди. Асарларида қаҳрамоннинг ички кечинмалари, ҳаётга муносабати ёрқин акс этади. “Ота ва фарзанд”, “Рассом оиласи”, “Қизимнинг портрети”, “Ёш дуторчи” сингари картиналар шулар жумласидандир. Турли йилларда яратилган “Баҳор шамоли”, “Чўпон ва баҳор”, “Хива. Калта минора”, “Узум терими”, “Ўтов олдидаги кечки мусиқа” картиналарида юртимиз табиати турфа рангларда жилоланади.

22.jpg

Рассом кейинги йилларда тасвирий санъатда янги техника – аппликация усулида ҳам асарлар яратди. Турли рангдаги иплардан фойдаланган ҳолда ишланган “Ёш оила” (2008), “Саҳро қўшиғи” (2013), “Олма терими” (2016) картиналари томошабинларга завқ бағишлайди.

Бугуннинг глобал муаммоси – қуриб бораётган Орол денгизи рассом ижодини четлаб ўтмаган. Айниқса, “Орол балиғи”, “Оролни тарк этаётганлар” асарлари ҳеч кимни беэътибор қолдирмайди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
1 257






Все о погоде - Pogoda.uz