ЎзА Ўзбек

04.09.2019 Чоп этиш версияси

Нуфузли анжуманда мингдан зиёд маҳаллий ҳунарманд қатнашади

Нуфузли анжуманда мингдан зиёд маҳаллий ҳунарманд қатнашади

Халқаро ҳунармандчилик фестивали олдидан 

Қўқон шаҳрида илк бор ўтказилаётган халқаро ҳунармандчилик фестивалида фарғоналик 230 нафар ҳунарманд иштирок этади.

Мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида халқ амалий санъати ва ҳунармандчиликнинг энг қадимий турлари, анъаналари, ўзига хос услублари ва мактаблари сақланиб қолган мамлакат сифатида алоҳида ўринга эга. Олиб борилаётган ислоҳотлар ҳунармандчилик соҳасида ривожланиш, тараққиёт йўлидан бориш имкониятини яратиб берди. Ҳунармандларимиз қўл меҳнати билан яратаётган маҳсулотлар аллақачон жаҳон бозорида ўз ўрнини топган. Фарғона вилоятида ҳам мазкур соҳа жадал ривожланиб, ҳунармандлар сафи тобора кенгаймоқда.

photo5438485872111627189.jpg

photo5438485872111627191.jpg

photo5440517610685967350.jpg

photo5440729094875622544.jpg

photo5440729094875622545.jpg

– Марғилон, Қўқон шаҳарлари, Риштон тумани ҳунармандчилик борасида ўзига хос мактаб яратган, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Расулжон Мирзааҳмедов. – Юртимизда соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ҳунармандларимизни руҳлантириб, янада куч-ғайрат билан ишлашга, бетакрор санъат асарлари яратишга ундамоқда. Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ҳунармандчилик фаолияти йўналишларининг янгиланган рўйхати тасдиқланди, 34 йўналиш киритилди. Ҳунармандчилик субъектлари, жумладан, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди. Бугунги кунда вилоятимизда 5 минг 360 нафар ҳунарманд рўйхатдан ўтган бўлиб, улар самарали фаолият олиб бормоқда. 

Марғилонлик ҳунармандлар энг қадимги матолардан банорас ва адрасларни унутилиб кетган кудин усулида ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, шунингдек, читгарлик ҳунари қайта тикланди. Жорий йилда Марғилон шаҳар Бурҳониддин Марғиноний кўчасида кичик ҳунармандчилик маркази иш бошлади. Риштон туманида ҳам кўплаб кулолчилик устахоналари ташкил этилди.

Бугунги кунда ҳунармандчилик туризмнинг ажралмас қисмига айланди. Қадим шаҳарларимиз кўрки, мамлакатимизнинг экологик табиатига ҳамоҳанг яратилаётган ҳунармандчилик намуналари сайёҳлар эътирофига сазовор бўлмоқда. Марғилон, Қўқон шаҳарлари ва Риштон туманида миллий ҳунармандчиликни кенг тарғиб этишга муҳим эътибор қаратилмоқда.

photo5438485872111627190.jpg

photo5440517610685967349.jpg

photo5440729094875622543.jpg

photo5440729094875622542.jpg

Айни кунларда Қўқон шаҳрида ўтказиладиган халқаро ҳунармандчилик фестивалига вилоят ҳунармандлари ҳам катта тайёргарлик кўрмоқда. Шаҳарда ҳунармандлар бозори ташкил этилаётир. Фестиваль доирасидаги тадбирларда ҳам миллий ҳунармандчилигимизнинг ўзига хос жиҳатларини намойиш этишга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳунармандларнинг кўрик-танлови, хорижий ва маҳаллий уста-ҳунармандларнинг маҳорат дарслари, кўргазмалар бўлиб ўтади.

Мазкур нуфузли анжуман ҳунармандчиликни кенг тарғиб қилиш, ҳунармандчилик анъаналари ва мактабларини сақлаш, қайта тиклаш, бу соҳадаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда маҳорат дарслари ташкил этиш, ушбу соҳадаги иқтидорли ҳунармандларни рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

Риштонлик кулоллар Шарофиддин Юсупов, Алишер Назиров, қўқонлик ёғоч ўймакор Мирзаюнус Умаров, Муҳаммадали Юнусов, пичоқчи Ҳасанбой Умаровлар ҳам фестивалга муносиб совға тайёрламоқда. Юртимиз ҳунармандлари ҳам мазкур фестивалнинг кўрик-танловида ғолибликни қўлга киритиш ниятида.

7 399
М.СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА