ЎзА Ўзбек

30.11.2019 Чоп этиш версияси

Нонушта

Нонушта

Она тилим - олтин сандиғим

Билағоннинг билағонлиги шуки, у ҳеч вақт билмайман, деб айтмайди. Билмаса ҳам тахминий гап айтиб вазиятдан чиқади. Билмайман, дейиш билағон учун ўлиш билан баробар.

Тўрт билағон нонушта сўзининг аслияти устида баҳс қилаяптилар. Биринчи билағон шундай дейди: Нонушта ― нон ушатмоқ сўзидан олинган. Одатда, нон эрталаб ушатилади. Шунинг учун эрталабки таом нонушта дейилади. Иккинчи билағон бу фикрни рад этади. У дейдики, нонушта аслида нону нўшида бўлган. Нўшидан ― ичмоқ. Бир бурда нон билан бир ҳўплам чой ― нону нўшида, яъни нонушта бўлади. Қандай мантиқли фикр! Лекин учинчи билағоннинг ўз талқини бор: деҳқонми, косибми эрта тонгда битта нонни еб, иккита нонни белига тугиб даласига ё дўконига кетган. Ўша учта нон ― нон учта, яъни нонушта бўлади. Бу талқинлар тўртинчи билағоннинг энсасини қотирди. У "нону нўшида эмас, нонўшида, яъни чой ичмасдан оч-наҳор юриш нонушта аталган, кейинчалик оч қоринга ейилган таом шундай аталган, деди.

Билағоннинг билағонлиги яна шуки, у осмондан олиб гапирса ҳам мантиққа яқин гапиради. Содда одам лаққа тушиб ишониши, ҳавоий фикрни ҳар ерда айтиб юриши мумкин. Бундай ишонувчан одамлар ё ўзидан чиқариб ё бирор донишманд тилидан гапиради ва одамларни чалғитади. Олам хато талқинларга тўлиб кетган. Негаки, биз луғат кўришга эринамиз. Янада тўғрироғи, эски луғатларимиз ўзи қўлимизда йўқ. Мумтоз адабий тилимизни чуқур билган устозлар дунёдан ўтиб кетдилар. Кунимиз тахминчи билағонларга қолди.

Биз бошдан кечирган тарих, инқилобий ўзгаришлар жараёни, авлодлар ўртасидаги узилишлар боис маънавий хазинамизнинг катта қисмини йўқотиб бўлдик. Уларни тўла тиклаш амримаҳол. Бу кўргилик она тилимиз бошида ҳам бор. Кўпгина сўзларимизнинг асл кўриниши жоҳил ва таҳқирли замон чанглари остида қолиб кетди. Навоий, Бобур, Огаҳийлар тирилиб келиб билмаганларимизни тушунтириб беролмайдилар. Ўзим англаб етмаган байтлар маъносини сўраб борай десам, Алихон тўра Соғунийдек табаррук алломалар йўқ...

Бугун энди дунёнинг ҳамма китобларини йиғиб титкилаганимда ҳам, масалан, нонушта сўзининг аслини топа олмайман. Негаки, ҳеч бир эски луғатда бу сўз учрамайди. Фақат қадимги китобларни кўздан кечиратуриб, тасодифан, ношито сўзига дуч келиб қолган одам нонушта аслида нима эканини англаши мумкин. Ношито ― очлик, ношитоий ― оч қоринга ейилган таом. Бу сўзларни учратмаган киши минг даргоҳга бош уриб ҳақиқатни тополмайди. Сўзимиз бошида айтилган билағонларга қулоқ солишдан бўлак чораси йўқ.

Гапиришни биламиз, яхши кўрамизу, гапириш ― гап уриш эканини ҳаммамиз ҳам билавермаймиз. Ханда урганимиз, лоф урганимиз каби сўзлаганда гап урамиз. Эътибор беринг, тожик биродарларимиз ҳам гапиришни гап задан дейдилар.

Тир ― форсча ўқ дегани. Бу сўз жаҳон тилларига тарқалиб бошқа маъно касб этди. Тир ― ўқ отиш мусобақаси ўтказиладиган жой.

Шарм ― ҳаёми ёки латофат?

Шарм ― номус, уят демак. Уятсиз одам бешарм бўлади. Шарманда сўзининг ўзаги ҳам шарм. Европага келиб бу сўз жозиба деган маъно топди. Бу хато эмас, негаки аёл номус, ҳаёси билан жозибали.

Сигир форсча гов, инглизча ков бўлади. Русча корова ҳам шу ўзакдан. Мол гўшти говядина шаклида аслиятга ― гов ўзагига қайтади.

Эркин ВОҲИДОВ, Ўзбекистон халқ шоири

"Сўз латофати" китобидан олинди


3 910
ЎзА