ЎзА Ўзбек

08.12.2019 Чоп этиш версияси

Навоийнинг Табризда яшаган хоразмлик котиби

Навоийнинг Табризда яшаган хоразмлик котиби

Маълумки, Алишер Навоий ҳаётлик чоғидаёқ мусулмон шарқида катта довруғ таратган, унинг шеърлари ўзининг таъбири билан айтганда Хитойдан Хуросонгача, Шерозу Табризгача етиб борганди.

Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида Шероз ва Табриз шаҳарларини бежиз алоҳида таъкидлаб кўрсатмаган кўринади. Чунки, Эроннинг бу икки қадимий шаҳрида азалдан туркийзабон адабиёт тараққий этган, жумладан, Навоийнинг асарлари бу шаҳарларда қайта кўчирилган. Бунда, албатта, котиблар, хаттотларнинг хизмати катта бўлган.

Буюк шоир асарларини маҳорат билан кўчириб, ўша даврдаги ўқувчиларга ва асрлар оша бугунги кунимизга етиб келишига катта ҳисса қўшган хаттотлардан бири, асли Хоразмдан бўлган машҳур хаттот ва шоир Абдураҳим Хоразмий – Анисийдир.

Анисий ҳақида бизгача жуда кам маълумотлар етиб келган. Туркия Диёнат вақфининг “Ислом энциклопедияси”да ёзилишича, Анисий Шерозда, хоразмлик хаттот Абдурраҳмон Хоразмий оиласида туғилган, даставвал Шерозда, Оққўюнли ҳукмдори Узун Ҳасаннинг ўғли Султон Халил саройида, кейинчалик Табризда, ҳукмдор Султон Яъқуб саройида яшаб ижод қилган.

Абдураҳим Хоразмийнинг туғилган ва вафот этган йиллари маълум эмас. Яъқубий, Султоний, Анисий, Рустамий сингари тахаллуслардан фойдаланган. Ўз шеърлари жамланган девонни 899/1494 йилда кўчириб, Оққўюнли сулоласи вакилларидан бўлган Амир Муҳаммадга туҳфа қилган. Анисий томонидан кўчирилган бир қатор қўлёзмалар – “Мунтахаботи ғазалиёт” (Аё София, Сулаймония кутубхонаси, №3946), “Мунтахаботи ашъори форсий” (Истанбул университети кутубхонаси), Низомийнинг “Хамса”си (Тўпқопи саройи кутубхонаси №762) бизгача етиб келган.

2012 йилда филология фанлари доктори Афтондил Эркинов томонидан топилиб, “Оққўюнли мухлислар девони” номи билан фанга олиб кирилган ноёб қўлёзма ҳам бевосита Анисий томонидан кўчирилган бўлиб, унда Алишер Навоийнинг илк ғазаллари ва бошқа шеърлари девон кўринишига келтирилган.

Аввало ушбу қўлёзма ҳақида икки оғиз: настаълиқ хатида битилган ушбу қўлёзма 67 варақдан иборат. Қўлёзманинг қандай Мисрга бориб қолгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Девон хотимасидаги маълумотларга эътибор қаратсак, у 876 йили ражаб ойининг 12-куни, (1471 йили 24 декабрда) кўчирилган. Бу пайтда Навоий ҳали 30 ёшли йигит эди.

Сафавийлар сулоласининг вакили Сом Мирзо (1517–1576) ўзининг “Туҳфаи Сомий” тазкирасида мазкур қўлёзма котиби Абдураҳим Хоразмийни Мавлоно Анисий номли шоир сифатида таништириб, унинг 30 йилдан кўпроқ Оққўюнлилар саройида хизмат қилганини қайд этган. Навоий девонидан ташқари Абдураҳим Хоразмий – Анисий Абдураҳмон Жомий шеърларини ҳам кўчиргани тахмин қилинади.

Бизгача етиб келган, бевосита Абдураҳим Хоразмий томонидан 1481 йилда кўчирилган яна бир қўлёзма ҳам айнан Оққўюнлилар даврига тегишли. Бу қўлёзма афтидан у қадар катта ҳажмга эга бўлмаган ва қўлимизда унинг олтита саҳифасигина мавжуд, холос. Уларда Навоийнинг “Бадойиъул-бидоя” ва “Оққўюнли мухлислар девони”га киритилган ўнта шеърий парча – 20 байт ўрин олган. Қўлёзманинг сўнгги саҳифасида араб тилида “бу сайланма малик ва ваҳҳоб бўлган Аллоҳнинг изни ила Бой парвардигорининг раҳматига муҳтож ва ожиз банда Абдураҳим ал-Яъқубийнинг қўли билан тамомланди. Аллоҳ хатоларини бекитиб, гуноҳларини мағфират қилсин. 885- ҳижрий санада, яхшилик билан” деган сўзлар битилган.

Чамаси, котибиннинг отаси Абдурраҳмон Хоразмий 15-асрнинг бошида Хоразмда туғилган, ёшлик йилларида Табризга кўчиб келган ва шу ерда яшаб қолган. Унинг икки ўғли Абдулкарим ва Абдураҳим ҳам ота касбини давом эттириб, котиблик билан шуғулланишган ва довруғ қозонган. Абдулкарим акаси ва отаси сингари котиблик қилиш билан бирга “Подшоҳ” тахаллуси билан шеърлар битгани маълум.

Хўш, Навоий билан бир пайтда яшаган хаттот Анисий улуғ шоирнинг ўзи билан учрашган бўлиши мумкинми? Бунинг учун Навоийнинг асарларига мурожаат қилишга тўғри келади. “Мажолисун-нафоис” тазкирасининг иккинчи мажлисида чиндан ҳам Мавлоно Анисий номли шоир ҳақида маълумот учрайди: “Мавлоно Анисий – кам бизоат шоир эрди ва муттаҳам анга эрдиким, элнинг шеърини ўзига боғлар. Бу матлаъни дер эрдиким, мен айтибмен:

Гарчи межўяд дилам доимвисоли ёрро,
Ёр межўяд ба рағми ман дили ағёрро.

(маъноси: Гарчи менинг дилим ҳар доим ёр висолини изласа-да, ёр менга қаршилик қилиб, ағёр дилини қидиради).

Бу матлаъ ҳар кишининг бўлса, маҳалли музояқа эмас Қабри Ҳирийдадур”.

Навоийнинг фикрича, бу ўринда тилга олинган Анисий фақирроқ киши бўлган, уни бошқаларнинг шеърини ўзлаштиришда айблашган. Юқорида Анисий ўзиники деб даъво қилан байтни Навоий унчалик ачинишга арзигулик байт эмас деб ҳисоблайди.

Хўш, бу ерда тилга олинган шоир билан биз сўз юритаётган хоразмлик хаттот бир одамми? Йўқ. чунки, Мавлоно Анисий ҳақидаги маълумотлар Абдураҳим Хоразмийнинг таржимаи ҳолига мос келмайди. Биринчидан, Алишер Навоий Мавлоно Анисийни марҳум шоирлар қаторида тилга олади. Аммо, юқоридаги манбалардан биламизки, Абдураҳим Хоразмий 1494 йилгача Оққўюнлилар саройида хизмат қилган. “Мажолисун-нафоис” эса 1491 йилда ёзилган эди. Қолаверса, Навоий Мавлоно Анисийнинг қабрини Ҳиротда деб билади. Абдурраҳим Хоразмий умрининг охирида Ҳиротда яшагани ҳақида маълумотларга дуч келмадик.

Фикримизча, Навоий бу ўринда айнан Абдураҳим Хоразмий ҳақида сўз юритганида, унинг хаттотлиги, унинг девонини кўчиргани ҳақида эслатган бўлур эди.

“Мажолисун-нафоис”нинг Ҳакимшоҳ Муҳаммад Қазвиний (1559 йилда вафот этган) томонидан 1522 йилда форсчага қилинган эркин таржимасида, Навоийга қўшимча равишда Оққўюнлилар саройида фаолият кўрсатган бир қатор шоирлар ва котиб ҳақида маълумот бераркан, 349-ўринда Мавлоно Анисий – Абдураҳим Хоразмий ҳақида ҳам маълумот бериб ўтади:

“Мавлоно Анисий настаълиқ хатида ўз услуби бўйича олам аҳлининг устодидир. Укасидан бошқа ҳеч ким унингдек ёза олмаган. Мавлоно инсоний камолот ва фазилатларни ўзида мужассам этган эди. Беназир инсон эди. Мана бу матлаъ уникидир:

Дил сенинг кўйинга ёш келган эрди, кексайди.
Бас, кўчанг тупроғи ундан яна не истайди?

Яна бир байт уники:

Юзи ой каби гўзаллар сочин очса не гўзалдир,
Кечалар томон фироқ кундузи бўйлаган маҳалдир” (Форс тилидан эркин таржима).

Хуллас, ўзи яшаган замон ва маконда шоир ҳамда котиб сифатида довруғ таратган ҳамюртимиз Абдураҳим Хоразмий буюк шоир Мир Алишер Навоий ижодидан яхши хабардор бўлган, унинг шеърларини ўғуз лаҳжасида кўчирган бўлса-да, фикримизча у шахсан Алишер Навоий билан юзма-юз келмаган. Аммо, Анисий ўзбек халқининг ва адабиётининг бир вакили, Навоий билан бир пайтда яшаган, унинг асарларини меҳр ва маҳорат ила кўчирган ватандошимиз сифатида эъзоз ва эҳтиромга лойиқ. Унинг ҳаёти ва ижодини тадқиқ этиш бугунги кун ворислари, адабиётшунослари олдидаги муҳим вазифалардан саналади.

Рустам ЖАББОРОВ,
тадқиқотчи

4 013
ЎзА