ЎзА Ўзбек

28.11.2018 19:23 Чоп этиш версияси

Навоий ворислари билимини синовдан ўтказди

Навоий ворислари билимини синовдан ўтказди
Қибрай туманидаги Дўрмон маданият саройида ўтказилган “Навоий ворислари“ кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичида бу сафар ҳам Юқори Чирчиқ тумани ўқувчиси ғолиб бўлди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш“ демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан вилоят ҳокимлиги, халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳудудий босқичларда сараланган 22 нафар иштирокчи Алишер Навоий асарлари бўйича ўз билимини синовдан ўтказди.

– Алишер Навоийнинг маънавий мероси туганмас хазина, неча асрдирки, инсонлар қалбига эзгулик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва саховат зиёсини таратиб келмоқда, – дейди “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши раиси Маҳмуд Назаров. – Мазкур кўрик-танлов буюк мутафаккир аждодимизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, асарлари мазмун-моҳиятини ёш авлод онгу шуурига чуқур сингдириш, бу борада фаол она тили ва адабиёти ўқитувчиларини рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Танловда ўқувчилар энг кўп ғазал ёд олиш, ифодали ўқиш, матннинг насрий баёнини (ёзма шарҳи) ярата олиш, тушуниш қийин бўлган сўзларни изоҳлаш каби шартлар бўйича баҳслашди.

Юқори Чирчиқ туманидаги 33-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шукурулло Зикриёев биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Кези келганда айтиш керакки, танловнинг 2017 йилги вилоят босқичида ҳам Юқори Чирчиқ тумани вакили – 15-умумтаълим мактаби ўқувчиси Нилуфар Усмоналиева ғолибликни қўлга киритган эди.

3.JPG

4.JPG

Иккинчи ўринга Пискент туманидаги 1-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мадина Толибова, учинчи ўринга Чиноз туманидаги 36-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мадина Дўрменбоева сазовор бўлди. Шунингдек, қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ғолиблар ва уларнинг ўқитувчиларига партиянинг эсдалик совғалари топширилди.



Авазбек Худойқулов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
6 290