ЎзА Ўзбек

10.02.2020 Чоп этиш версияси

Навоий ва Бобурни англай олаяпмизми?

Навоий ва Бобурни англай олаяпмизми?

Шу кунларда сўз мулкининг султони, буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллиги кенг нишонланмоқда. Таъкидлаш жоизки, Навоий ва Бобур ижоди туркий адабиётнинг энг юксак чўққисидир.

Навоий туркий тил асосида бетакрор боғ яратиб, дунё аҳлини ҳайратга солган бўлса, Бобур шу туркий назм гулшанидаги бепоён боғни чин маънода бўстонга айлантирган ва ҳинд юртида ҳам ижодкорлар раҳнамоси бўлган. Шу боис улар ижоди ҳамон қунт билан ўрганилмоқда.

Ҳазрат Бобур ҳақида дунё олимлари турли жанрда 12 мингдан зиёд катта-кичик асар ёзган. Навоий яратган жами 34 асарнинг ҳар бири ҳақида юзлаб тадқиқотлар қилинган, диссертация ва монографиялар ёзилган. Аслида боболаримизнинг ҳар мисра битиги бир тадқиқот бўла олади.

Шоир боболаримиз абадиятининг сири, асарлари қиммати нимада, нега улар фикрлари ва ўгитлари барча даврлар учун ҳам долзарб бўлиб қолаверади, икки аллома шоиримиз шахсини, асарлари бадиятини бугун қай даражада тушунаяпмиз, англаб етаяпмиз, бой адабий мероси, айниқса, асарлари қўлёзма матнларини, нечоғли ўргандик, улар асосида қанчалик мукаммал илмий нашрлар тайёрлаяпмиз, асарларини ўқитиш ва тарғиб этиш бўйича қанақа масалалар бор, деган саволларга бироз бўлсада жавоб излаб кўришни мақсад қилганмиз.

Навоийшунослик ва бобуршуносликдаги бугунги муаммолар ҳақида сўз борар экан, даставвал матншунослик билан боғлиқ ҳолатларга эътибор қаратамиз. Бугун Навоий ва Бобур асарларининг мукаммал илмий нашрлари борми? Навоий асарларининг турли йилларда нашр этилган кўп жилдлик тўпламлари камчиликлардан холими? Бобурнинг “Бобурнома”, “Бобур девони”, “Мубаййин” асарлари илмий нашрлари матншунослик талаблари асосида тайёрланганми? Бизнингча, булар борасида сўз борганда ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар борлигига амин бўламиз.

Масалан, Мирзо Бобур қаламига мансуб асарларнинг бугунга қадар аниқланган қўлёзма нусхалари асосан Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон каби мамлакатлар китоб фондларида сақланмоқда ва уларнинг факсимилеси турли даврларда заҳматкаш олимларимиз томонидан юртимизга келтирилган. Масалан, айни пайтга қадар “Бобурнома”нинг 17 қўлёзма нусхаси, “Бобур девони”нинг эса 10 қўлёзмаси топилган. Таъкидлаш жоиз, шарқшунос олимлар томонидан бобуршунослик илмига маълум бўлган қўлёзма манбалар асосида шоир ҳаёти ва ижодининг барча қирралари қамраб олинган минглаб илмий асарлар, рисола ва монографиялар нашр этилиб, илмий тадқиқотлар олиб борилган ва бу ишлар бугун ҳам мунтазам давом эттирилмоқда.

Бироқ қанча кўп илмий изланишлар олиб борилмасин, бобуршунослик илмида ҳамон очилмай турган қирралар кўп. Биз шу пайтга қадар Бобур ҳаёти ва ижодига оид амалга оширилган жамики ишларни эътироф этган ҳолда, бу борада ҳали ечимини кутаётган айрим масалалар ҳақида тўхталмоқчимиз. Эътибор берсак, тенгқурларимиз ва ёшлар орасида мумтоз адабиётга, хусусан, қўлёзмалар билан ишлашга бўлган қизиқиш кам. Бу борада мутахассис кадрлар етишмаслиги, бўлса ҳам саноқли экани афсусланарли. Балки шунинг учундирки, бошқа кўплаб нодир қўлёзмалар қатори Бобур асарлари қўлёзмаларига ҳам кам эътибор қаратилмоқда. Тўғрироғи, бугун матн билан ишлаш амалиёти деярли йўққа чиқаяпти. Қўлёзмалар табдили ва тавсифи билан боғлиқ мавжуд камчиликларни бартараф этган ҳолда ягона бир илмий хулосалар берувчи тадқиқотлар жуда оз.

Масалан, Бобур асарларининг Париж, Истанбул, Теҳрон ва бошқа қўлёзма нусхалари ҳақида мактаб, коллеж, академик лицей дарслик ҳамда ўқув қўлланмаларида “Улуғ шоир 1519 йилда Кобулда, 1528-1529 йилларда Ҳиндистонда шеърлар тўпламини тузган. Бу икки тўплам ўша жойлар номи билан “Кобул девони” ва “Ҳинд девони” деб аталади. Аммо бугунга қадар “Кобул девони” топилган эмас” тарзидаги маълумотларга дуч келамиз. Ваҳоланки, шоир аслида битта девон тартиб этганини кўпчилигимиз билмаймиз. Шукрки, кейинги йилларда Бобур халқаро жамоат фонди ташаббуси билан “Бобур энциклопедияси” тайёрланиб, кенг омма ва илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола этилиши бу каби юзлаб хато ва чалкаш фикрларга ойдинлик киритди. Бугунга қадар “Бобурнома” дунёнинг 17 тилига ўша миллат вакиллари томонидан таржима қилинган (Ваҳоланки, бу маълумот ҳам турли манбаларда ҳар хил келади. Масалан, дунёнинг 22 та, 31 та, 41 та тилига тарзида). Аслида “Бобур энцеклопидияси”даги энг охирги маълумотга кўра, асар дунёнинг 17 тилига таржима қилинган ва айрим таржималарнинг қўлёзма нусхалари бор. Масалан, биргина форсча таржимасининг 20 та қўлёзма нусхаси мавжуд. 17 тилга қилинган ҳар бир таржима эса турли даврда қайта-қайта нашр этилган.

“Бобурнома”га асрлар қаъридан катта қизиқиш билан қараб келинаётганини, хорижий тилларга қилинган таржималари қайта-қайта нашр қилинаётганлигини кўп бора ифтихор билан тилга оламиз. Аслида ҳам шундай. Бу бизнинг кимлигимизни, қандай бир аждодлар авлоди эканимизни яққол кўрсатади. Аммо шу билан биргаликда таржималардан сон-саноқсиз камчиликлар топамиз. Манбани қиёсий таҳлил қилиш, камчиликларни кўрсатиш, тўғрилаш ҳам бир илм. “Бобурнома”нинг инглиз, француз, рус ва турк тилларига қилинган таржималари, айниқса камчиликлардан холи эмас. Эътибор қилинса, ҳар қайси таржимада учрайдиган умумий камчиликлардан бири матн ва сўзни илғамаслик, нотўғри тушуниш, у сўзнинг ўша тилда муқобили йўқлиги билан боғлиқ ҳолда кўринади. Бу фикр асарнинг барча тилларга қилинган таржималарига хосдир. Аслида бу каби нуқсонларни кўп айтамиз. Бироқ савол бермаймиз: хўш, шунча камчилик бор экан, нега биз ўзимиз уларга нуқсонсиз таржима қилиб тақдим эта олмаймиз? Нега энди, Бобур асарларининг орасида фақат “Бобурнома”гина хорижий тилларга таржима қилинган? Демак, чет эллик шарқшунос олимлар бу асарга катта қизиқиш билан қарамаганида, майли камчиликларга йўл қўйса-да таржима қилмаганида, нашр эттирмаганида шу кунга қадар бу буюк асарни дунё оммаси билмас экан-да? Бундан ташқари, шоирнинг бошқа асарлари, дейлик, шеърий асарларини хорижий тилларга мукаммал ҳолда нега таржима қилмаймиз? Бу каби саволлар кўп.

Тан олиш керак, олимларимизнинг кекса авлоди бобуршунослик соҳасида қатор салмоқли ишларни бажарди ва айримлари томонидан бугун ҳам муайян илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Масалан, заҳматкаш олимларимиз Х.Сулаймонов, П.Шамсиев, С.Азимжанова, А.Абдуғафуров, А.Қаюмов, С.Ҳасанов, З.Машрабов, Ҳ.Қудратуллаев, А.Аъзамов, В.Раҳмонов, Х.Султонов, Ҳ.Болтабоев, Н.Отажонов, Э.Очилов, О.Жўрабоев каби кўплаб адабиётшунослар Бобур Мирзо ҳаёти ва ижодини ўрганиш, қўлёзма нусхаларини қидириб топиш ва уларни илмий истеъфодага киритиш юзасидан қатор тадқиқот ишларини амалга оширгани, мазкур ишлар кейинги бу борадаги илмий изланишларга ҳам асос бўлиб хизмат қилаётганини мамнуният билан таъкидлаш жоиз. Эҳтимол, улар хорижий тилларни мукаммал билишганида шоир асарларини жаҳон тилларига юксак маҳорат билан таржима қилиб чиқарган бўлар эди.

Афсусланарлиси, бугун ёшларга кенг имконият берилаётган бир пайтда, камида 2-3 та тилни мукаммал биладиган ёш мутахассисларимиз бор бўлган бир шароитда бу каби сусткашликка йўл қўётганимизни ҳеч бир баҳона билан оқлаб бўлмайди.

Шу кунга қадар жамики адабиётларда Бобур шеъриятининг ҳажми, жанр хусусиятлари ҳақида турлича фикрлар илгари сурилиб келинган ва шоир 400 дан ошиқ шеърий асар ёзган дейилади. Ваҳоланки, “Бобур девони” туркча таржимасини кузатар экансиз, улар сони 600 дан ошиши маълум бўлади. Балки бу фикрга кўпчилик қўшилмас. Бироқ энг муҳими икки хил маълумот берилаётганида. Хўш, қай бири тўғри? Ҳарқалай бу яна ўша фикр, яъни қўлёзмалар билан ишлаш кўникмамиз йўқлиги эвазига содир бўлмаяптимикан? Бизнингча шундай. Агар 10 та мавжуд қўлёзмани аллақачон қиёсий планда ўрганиб, шу асосда Бобур шеърий асарларининг мукаммал тўпламини яратганимизда бу каби ҳолатларга йўл қўйилмасди балки. Шоир шеърияти хусусида шунда ягона бир хулосалар яратилган бўлар эди. Шундай ҳолат, яъни Бобур ҳаёти ва унинг ижоди, асарлари қўлёзма нусхалари табдили ва тавсифи ҳақидаги маълумотларда ҳам учрайди. Демак, Бобур асарлари қўлёзма нусхаларининг тадқиқ этилишида фарқлар бор ва улар бугунги кун нуқтаи назаридан қайта ўрганилишга муҳтож.

Масалан, биргина “Бобур девони”нинг Париж нусхасини бир пайтлар А.Самойлович XVI-XVII асрларга мансуб деб қараган бўлса, Э.Блоше бу нусха Кобулда 1515 йилларда кўчирилган, деган тахминни илгари суради. Турк олими Ю.Билол тадқиқотларида ушбу қўлёзмада 87 ғазал, 2 маснавий, 65 рубоий, 28 муаммо (2 рубоий, 26 мусарраъ байт), 1 қитъа, 9 туюқ, 15 матлаъ, 3 маснуъ шеър, 2 тугалланмаган ғазал, 1 назм, 5 мусарраъ байт, 1 муфрад борлиги айтилса, айни қўлёзма ҳақида профессор С.Ҳасанов қарашлари бутунлай бошқача. Унга кўра: мазкур қўлёзмада 89 тугал ғазал, бир тугалланмаган ғазал, 13 рубоий, 1 маснавий, 11 туюқ, 1 қитъа, 29 муаммо, 21 фарддан иборат. Эътибор беринг бир қўлёзма ҳақида икки олим турли хил фикр айтишган ва ҳар ҳил тавсиф келтирган. С.Ҳасановнинг Париж нусха ҳақидаги тавсифий қарашлари турк олими Ю.Билолникидан шеърларнинг сони, уларнинг жанрини белгилашда фарқлар бор. Хўш, қайси фикр тўғри? Демак, Бобур асарларини ўрганишдаги мавжуд қарашларда чалкашликлар бор. Бундай мисоллар яна кўплаб кузатилади.

Йўқ, биз бу борада бобуршуносликдаги аввалги тадқиқотларни инкор этмоқчи эмасмиз. Бироқ вақтнинг ўтиши илм-фанга оид янгича қараш ва маълумотларнинг юзага келиши, топилиши баъзан эскиларини инкор этади ва уларга қўшимча ўзгартиришлар киритишга олиб келади, демоқчимиз. Масалан, афғонистонлик олима Ш.Ёрқин томонидан 2004 йилда тайёрланган “Девон” бир муддат ўз даврига қадар тайёрланган нашрлар орасида мукаммал деб ҳисобланган. Бобур шеърияти, унинг қўлёзмалари борасида олиб борилган чуқур тадқиқотлар, илмий-академик нашрлар, жумладан, адабиётшунос олим Э.Очилов томонидан 2007 йил чоп этилган “Сочининг савдоси тушти” деб номланган тўплам ва бобуршунос олим В.Раҳмонов томонидан 2008 йил чоп этилган “Ғарибинг андижонийдур” номли китоб 2004 йилги нашрда ҳам камчиликлар борлигини кўрсатди.

“Бобур девони”нинг Истанбул қўлёзмаси асосида тайёрланган туркча илмий матнни А.Абдуғафуров томонидан 1994 йилда тайёрланган нашр ва Э.Очилов ҳамда В.Раҳмонов нашрлари билан ўзаро қиёслашимиз натижасида бир қанча фарқли жиҳатлар аниқланди. “Бобур девони”нинг туркча матнида келган айрим туюқлар В.Раҳмонов нашрида учрамайди. Туркча нашр ўзининг қитъалар сони кўплиги билан ҳам ушбу нашрлардан фарқ қилади. А.Абдуғафуров ва В.Раҳмонов нашрида шоирнинг 13 қитъаси берилган бўлса, Ю.Билол нашрида улар сони 19 та, Э.Очилов нашрида бу кўрсаткич 22 та экани қайд этилади. Хўш, ўқувчи учун қай бири тўғри? Хуллас адабиётларда Мирзо Бобурнинг деярли барча асарлари билан боғлиқ фикрларда хилма-хилликлар кузатилади. Демак, баъзан бобуршуносликда биз билган, ўқиб-ўрганиб келган айрим маълумотлар мутлоқ ҳақиқат эмас, нотўғри эканини ҳам кўрсатади ва энг муҳими бу ҳақдаги энг тўғри хулоса қандай экан, деган саволга жавоб излашни тақозо этади. Бир сўз билан айтганда, даврнинг ўтиши, бобуршунослик илмининг тобора ривожланиб бориши, янгидан-янги маълумотлар билан бойиши бу борада янги бир қарашларни юзага келтиради. Натижада эса биз тўғри деб билган Бобур ҳаёти ва ижодига доир айрим маълумотлар нотўғри бўлиб чиқмоқда ёки уни инкор этувчи фикрлар пайдо бўлмоқда.

Афсуски бундай камчиликларни навоийшуносликка оид тадқиқотлардан ҳам кўриш мумкин.

Оммавий нашрлар ёки академик нашрлар имкон қадар илмий-танқидий матн асосида тайёрланса, ишончли ҳисобланади. Буни тасаввур этиш учун турли йилларда нашр этилган “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги бир байтнинг тўрт-беш хил эканини келтириш мумкин. Илмий-танқидий матн шундай ҳар хилликнинг олдини олиб, бир хил хулосавий матн тарзида яратилиши билан муҳимдир. Матншунос олим В.Раҳмоновнинг қайд этишича “Ҳайрат ул-аброр”нинг аввалги нашрларидаги энг қалтис нуқсонлардан бири “қалбгоҳ” (жангга саф тортган лашкарнинг шоҳ турадиган ўрни) “калбгоҳ”, “итхона” тарзида ўқилишида содир бўлган. Иккинчи бир жиддий нуқсон: “Каср” (кишилар тизилиб ўтиргандаги энг пастки, қуйи ўрин – пойгак) сўзи “қаср” тарзида нашр этилган. (“Хамса”нинг (1960 й.) 41-бетидан). Навоий асарлари йигирма жилдлиги еттинчи томининг 77-бетидаги байт ҳам ана шу нуқсонли мисраларни айнан такрорлайди. Бундай мисолларни, яъни жиддий нуқсонли байтларни “Хамса”нинг ҳар бир достони илгариги нашрларидан ўнлаб эмас, юзлаб кўрсатишимиз мумкин. Афсуски, бу ҳолат матншунослик аҳволининг ғариблигини кўрсатиб беради ва энг ёмони бундай хатоликлар нашрдан нашрга кўчиб келаётганлигида. Демак, бу борада хулоса шуки, бугун навоийшунослик ва бобуршуносликдаги энг катта ўз ечимини кутаётган масала Навоий ва Бобур асарларининг мавжуд қўлёзмалари асосида саҳиҳ, муаллиф дасхатига мос келадиган илмий академик тўплам нашрини эълон қилишдир. Шу ўринда олимларимиз кейинги йилларда, жумладан, матншунос олим В.Раҳмонов ва О.Жўрабоев томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари таҳсинга сазовор эканини ҳам айтиб ўтмоқчимиз.

Навоий ва Бобур ижодини чуқур англаш ҳақида гап борар экан, галдаги долзарб масала бу таълим муассасаларида шоирларимиз ҳаёти ва ижодини ёшларга ўқитиш ва XXI аср ахборот асрида қандай бир таъсирчан йўл ва усуллар орқали бўлса-да тарғиб этишга доирдир. Нима деб ўйлайсиз, адабиётимизнинг шоҳ асарлари – “Хамса” ва “Бобурнома”ни бугун кимлар ўқимоқда? Ёшларимиз ўқияпти, тушунаяпти деб ўйлайсизми? Агар ўқимаётган ва тушунмаётган бўлса нима қилиш лозим? Қандай методлардан фойдаланмоқ жоиз? Бунинг учун нималар қилишимиз керак? Бундан ташқари бугун мактаб дарсликларида Навоий ва Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган дарс соатлари тақсимоти қай аҳволда? Шу пайтга қадар биз буюк аждодларимизни ёшлар қалбига сингдиришда бадиий адабиётларнинг ўрни ва таъсирини катта деб биламиз. Хўш шундай экан бугун Навоий ҳақида ёки Бобур ҳақида (албатта, П.Қодиров, Ҳ.Султонов, Қ.Кенжа, С.Саййид каби адиб ва шоирларимизнинг асарларини айтмаганда) бадиий адабиётларда етарли даражада акс этаяптими?

Ойбекнинг “Навоий” романи ёзилганига 80 йил бўлганини ва шу кунларда ниҳоят ёзувчимиз Исажон Султонов томонидан “Алишер Навоий” романи ёзилганини мамнуният билан тилга олсак ва бир иккита шоирларимиз томонидан битилган айрим шеърларни демасак, миллатимиз фахри бўлган Алишер Навоийга бағишланган каттароқ бир асарни айтиш қийин. Навоий ва Бобур ижодини тарғиб этишда яна бир жиҳат, XXI аср – интеллектуал авлод асри, деб аталаётган бир даврда наҳотки интернет имкониятларидан шу йўлда ижобий фойдаланишнинг имкони бўлмаса, шу кунга қадар Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини ёритишга ихтисослашган махсус интернет сайтнинг ташкил этилмагани, этилган бўлса-да, кичик доираларда эканлиги, бугун бу борада интернет ва ижтимоий тармоқлардан унумли фойдаланилмаётгани ҳар қанча ўйлашимизга сабаб бўлмайдими?

Маълумотларга кўра Германиянинг буюк шоири, атоқли мутафаккир ва олим Иоганн Вольфранг Гёте номида Германиянинг ўзида 13 та ва жаҳонда 150 дан зиёд илмий тадқиқот муассасаси фаолият юритади ва улар фақат Гёте меросини ўрганиш, тарғиб этиш, ишлари билан шуғулланади. Тасаввур қилинг, агар бизда ҳам Навоий ва Бобур номида алоҳида илмий тадқиқот муассасаси ташкил этилса, бу муассаса фақат юқорида айтиб ўтилган масалалар ечими билан шуғулланса...

Хуллас, ўзбек адабиётида ижоди энг кўп ўрганилган адабий сиймо бу Навоий ва Бобур бўлишига қарамасдан ва бугунда ҳар иккиси ҳақида юзлаб китоблар чоп этилгани ва тахминан шу миқдорда диссертациялар ёзилганига қарамасдан ҳали-ҳамон муаммолар кўп. Келгусида бу икки буюк ижодкор ҳаёти ва ижоди борасида энг саҳиҳ ва мукаммал илмий асарлар яратилиши ва халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида шоир асарларини кенг тарғиб этишнинг энг замонавий усул ва воситалари ишлаб чиқилиши, айниқса, бунда интернет тизимидан, ижтимоий тармоқлардан ўринли фойдаланиш лозим деб ҳисоблаймиз.

Шуҳрат ҲАЙИТОВ,

“O‘zbekiston” телерадиоканали бош муҳаррири,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори


5 046
ЎзА