Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.10.2017 16:56 Чоп этиш версияси

Наманганда Жанубий Корея фестивали

Наманганда Жанубий Корея фестивали Наманганда Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги ҳамда мамлакатимизда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз яшай бошлаганининг 80 йиллиги муносабати билан “Корея фестивали – 2017” тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда таълим ва маданият муассасалари, миллий маданий марказлар вакиллари, талаба ва ўқувчилар, ёш ижодкорлар, рангтасвир усталари иштирок этди.

Фестиваль Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар марказида истеъдодли ёшларнинг “Ўзбекистон ва Корея дўстлиги” мавзусидаги расм чизиш танлови билан бошланди. Унда шаҳардаги бир қатор умумтаълим ва болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари мавзуга доир сурат чизиш бўйича ижодий қобилиятини намойиш этди.

Наманганда Жанубий Корея фестивали

– Турли тадбир ва танловларда ўқувчиларнинг тасвирий санъат бўйича ижодий машқлари кўргазмаси кўп ташкил этилган, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси Наманган бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Эркин Азизов. – Бироқ, айнан бугунгидай тадбирнинг ўзида сурат чизиш бўйича ўтказиладиган танловлар ёш истеъдодларга ўз қобилиятини ҳар томонлама намоён этиш имконини беради. Бу ерда мавзу бўйича чуқур фикрлаш, композицияни пишитиб олиш, хотиржам ишлаш учун етарлича вақт бўлмайди. Мазкур танлов ўғил-қизлар орасида бундай қобилиятга эга истеъдодлар борлигини кўрсатди. Айниқса, Сергей Қурбонов, Севара Исаева, Диёра Каримбоева, Анастасия Шегай, Карамина Бабинова, Саид Тўхтасинов сингари ўқувчиларнинг мавзуга ижодий ёндошиш борасидаги интилишлари алоҳида эътироф этилди.

Танлов ғолиб ва совриндорларига Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У диплом ва эсдалик совғалари топширди. 

Вилоят мусиқали драма театрида Жанубий Кореянинг “Last For One B-boy” гуруҳи ва “Koryo” ансамбли ижросидаги корейс миллий ва замонавий мусиқа ва рақсларидан тузилган концерт дастури, корейс киноижодкорлари томонидан яратилган бадиий фильмлар намойиш этилди. 

– Мен биринчи шундай тадбирни Наманганда ўтказаётганимиздан ғоят мамнунман, – дейди Квон Ён У. – Ўзбек ва корейс халқлари маданияти ўхшаш. Меҳнатсеварлик, бағрикенглик, каттага ҳурмат, кичикка иззат каби фазилатлар халқларимизни ўзаро яқинлаштирувчи омиллардир. Бугун Ўзбекистонда бизнинг ватандошларимиз ўзбеклар билан дўст-биродар, шу юртнинг тенг ҳуқуқли фуқароси сифатида эмин-эркин яшамоқда. Мазкур фестивалда халқларимиз ўртасидаги дўстлик, маънавий яқинлик яна бир бор ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
10 008






Все о погоде - Pogoda.uz