Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.04.2018 13:54 Чоп этиш версияси

Нафосат фестивали чорлайди

Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида жорий йилнинг 17-21 апрель кунлари бўлиб ўтадиган Тасвирий ва амалий санъат фестивалига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Бадиий академия томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган Тасвирий ва амалий санъат фестивали Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилига бағишланади.

Тасвирий ва амалий санъат фестивали ҳафталиги Бадиий академия Марказий кўргазмалар зали, Тошкент Фотосуратлар уйи, Халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида ҳамда республикамиз ҳудудлари бўйлаб ўтказилади.

Санъат байрамининг юқори ташкилий ва ижодий савияда, байрамона руҳда ўтишига пухта тайёргарлик кўрилди.

– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 август куни юртимиз ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган учрашувида белгилаб берилган вазифалар ижроси бу йилги Тасвирий ва амалий санъат фестивалида ҳам ўзининг яққол ифодасини топади, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов. – Бу жиҳатлар ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодини кенг жамоатчиликка намойиш этиш, таништириш, тасвирий санъатга меҳри баланд ўғил-қизларни янада кўпроқ илҳомлантириш, уларни янги-янги ижодий марралар сари руҳлантиришга кўмаклашади. Шу билан бирга, фестиваль доирасидаги барча тадбирлар ёшларнинг билим даражасини ошириш, уларга имкон қадар кўпроқ эътибор қаратишни кўзлаши билан аҳамиятлидир.

Тасвирий ва амалий санъат фестивали иштирокчилари сони йил сайин ортиб бораётир. Бу йил Эрон, Хитой, Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, Қатар, Россия, Исроил, Япония каби давлатлардан 20 нафардан зиёд ижодкор ўз ишлари билан иштирок этади.

Бир ҳафта давомида ранг-баранг кўргазмалар, тақдимотлар, маҳорат сабоқлари, анжуманлар, давра суҳбатлари, рассомлар ижодига оид фильмлар намойиши, иқтидорли ёшлар иштирокидаги концертлар ўтказилиши режалаштирилган.

Назокат Усмонова, ЎзА
5 301