ЎзА Ўзбек

09.09.2019 Чоп этиш версияси

“Журналист учун эътибордан кўра муҳимроқ нарса йўқ”

“Журналист учун эътибордан кўра муҳимроқ нарса йўқ”

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси соҳа фахрийлари, пенционер ва ёрдамга муҳтожларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ўз дастурий вазифалари сифатида белгилаб олган. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Уюшма ва Республика товар хом ашё биржаси ўртасида тузилган “Дўстлар клуби” бу бу борада муҳим аҳамият касб этаяпти. Жорий йилда фахрийларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида “Дўстлар клуби” маблағлари кўмагида 107 нафарга яқин фахрийлар қўллаб-қувватланди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан ушбу анъана давом эттирилди. Уюшма томонидан 35 нафар фахрий журналист ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ижодкорлар оиласига озиқ-овқат маҳсулотлари моддий ёрдам сифатида етказиб берилди.

Жумладан уюшманинг Навоий вилояти бўлими томонидан 40 йил мобайнида турли таҳририятларда фаолият олиб борган икки нафар фахрий журналистлар — Фаттоҳ Сатторов ҳамда Исроил Холбоев ҳолидан хабар олиниб, уларга совғалар топширилди.

Фаттоҳ Сатторов 1944 йилда туғилган. Умрининг асосий қисмини газетчиликда ўтказди. Матбуотдаги умумий иш стажи 44 йилдан ошиқ. Иш фаолиятини битта нашр — “Қизилпета тонги” газетасида олиб борди. Бугунги кунда фахрий ижодкорпенцияда бўлишига қарамасдан ёшларга касб сирларни ўргатиб келмоқда.

– Журналист учун эътибор, эътирофдан кўра муҳимроқ нарса йўқ, – деди 80 ёшни қаршилаётган Ф.Сатторов. – Тўғриси, нафақага чиққанимдан буён “сиз журналист экансиз”, “таҳририятда ишлаган экансиз”, деб биров сўрамаганди. Бугун сизларнинг келишингиз мени жуда руҳлантирди. Уюшма раҳбариятига бунинг учун ташаккур. 

Тақдиру азалдан эса инсон қочиб кетолмайди. Ўтганларни эслаш, улар ҳаққига дуо қилиш эса тирикларнинг гарданида. Сурхондарё вилояти оммавий ахборот воситаларида кўп йиллар меҳнат қилган ва журналистик фаолиятлари орқали воҳада эътибор топган Азизали Алибоев ва Жўрабек Рамазонов афсуски, орамиздан эрта кетган. Байрам арафасида уюшманинг Сурхондарё вилояти бўлими ходимлари марҳум қаламкашларнинг оиласи ва фарзандлари билан яқиндан танишиб, улар билан дилдан суҳбатлашдилар.

Азизали Алибоев “Сурхон тонги” газетасида мухбир, Сурхондарё вилоят прокуратурасининг “Адолат тарозиси” газетаси ва “Адолат” телевидениеси бирлашган таҳририятида бош муҳаррири лавозимларида ишлаган. 2015 йилда вафот этган. 

Журналист Жўрабек Рамазонов эса Бойсун туманида амалга оширилаётган ўзгаришларни қаламга олди. У “Бойсун овози” газетасида узоқ йиллар фаолият кўрсатган фидойи журналистлардан бири эди. Жўрабекнинг ҳаётлигида қилган эзгу ишлари, амаллари кўплиги боис бугун қаламкаш дўстлари томонидан эслаб турилмоқда.

Учрашувларда фахрийлар ва марҳум журналистларнинг оила аъзолари юртимизда бўлаётган ўзгаришлар ва инсон омилига кўрсатилаётган бундай юксак эҳтиром учун давлатимизга, Уюшма ва унинг ҳамкорларига миннатдорлик билдирдилар.

Жобир ХЎЖАҚУЛОВ

4 563
ЎзА