ЎзА Ўзбек

17.02.2020 Чоп этиш версияси

Нақшбанд ҳақидаги асар

Нақшбанд ҳақидаги асар

Бугун офтоб юзидан булутлар тарқаб, манбалар эшиги очилиб, авлиё-анбиёлар ҳақида ҳам бор ҳақиқатлардан хабардор бўлиш имкони туғилди. Сир эмаски, неча йиллар мобайнида улуғ зотлар ҳақида омма орасида юрган сохта ривоятлардан бошқа нарса билан таниш эмас эдик.

Ҳазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёт йўлларига бағишланган, ул буюк зот ҳақидаги “Мақомати Хожа Баҳоуддин” илмий-маърифий рисоласи Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирди Муҳаммад Боқир ибн Муҳаммад Али томонидан ёзилган. Китобда Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг туғилганидан то вафотигача бўлган ҳаёти ва фаолияти муфассал баён қилинган. Асар 1401 йилда форс тилида битилган. Асарнинг қўлёзма ва тошбосма нашрлари кенг тарқалган.

Тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасаний томонидан форс тилидан таржима қилинган ушбу муаззам асар, Махдум Восилий номидаги Маънавий мерос марказида сақланаётган нусха асосида амалга оширилган.

Китоб сўзбошисида: “Мақомат” мазмуни ҳақида гапиришдан аввал мақомат сўзининг нима эканини билиб олайлик. “Ғиёс ул –луғот” китобида: “Мақомат – мартаба, қоидалар ва ҳикояларни билдирувчи китоб” дейилади. Мақомат арабча мақомнинг кўплиги бўлиб, ўрин, жой, мартаба ва даражани билдиради. Демак бирор киши ҳақидаги мақомат деганимизда, ўша кишининг ҳаётда тутган ўрни, олиб борган ишлари, мартаба ва даражаларни тушунамиз” дейилади.

Дарҳақиқат, ушбу “Мақомат” рисоласи ҳам Хазрат Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг туғилганидан то вафотларигача бўлган воқеаларни ўз ичига олган бўлиб, бир муқаддима, уч боб ва бир хотимадан ибратдир.

“Мақомати Хожа Баҳоуддин” илмий-маърифий рисоласи “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган. Китоб тасаввуф тарихи ва адабиёти билан қизиқувчи кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

4 209
О. БЕКМУРОДОВА, ЎзА