ЎзА Ўзбек

12.04.2019 13:40 Чоп этиш версияси

Музeйларимиз болалар учун муносибми?

Музeйларимиз болалар учун муносибми?

Ёш авлодни ер юзи ва инсоният цивилизацияси ҳақидаги билимларини ривожлантириш ва дунёқарашини кенгайтиришда музейларнинг аҳамияти беқиёс. Лекин, музейларимиз болаларга мос эмаслигиданми, авваллари болалигимизда музей деса, кўз ўнгимизга зерикарли маскан келарди. 

Музейларимизга ташриф буюрувчилар ҳам сийрак. Бугун дунёнинг кўпгина ривожланган давлатларида музейлар аллақачон кишиларнинг асосий кўнгилочар масканлардан бирига айланиб бўлган. 

Масалан, АҚШда ўтказилган сўровларда 69 фоиз америкаликлар маънавий-маърифий ҳордиқ чиқриш учун айнан турли музей ва тарихий-меъморий ёдгорликларга ташриф буюришларни айтганлар. Бу мамлакатда бугун 35 мингдан зиёд катта-кичик музейлар бўлиб, доим одамлар билан гавжум. c1ef103c-a137-4421-9642-48c0cb92a6e1.jpg

Умуман, музейлар аллақачон туризмнинг бир қисмига айланган бўлиб, ер куррасининг турли нуқталаридан йилига милионлаб кишиларга мезбонлик қилади. 

Масалан, пойтахт Вашингтондаги Ҳаво ва коинот Миллий музейини олайлик. Бу ерга бутун дунёдан йилига 7 миллиондан зиёд киши ташриф буюриб, ташриф буюрувчилар сонига кўра 2017 йилда дунёда 3-ўринда турган. Нью-Йоркдаги Санъат музейи эса мазкур кўрсаткич бўйича дунёда 4-ўринда туриб, бу ерга 2017 йилда 6.6 миллион киши ташриф буюрган. 

Мамлакат пойтахтидаги Табиий фанлар Миллий музейига эса 2017 йилда 6 миллион киши ташриф буюриб, дунё рейтингида ташрифчилар сонига кўра 6-ўринда турган. 

АҚШ МУЗЕЙЛАРИ НЕГА ДОИМ ГАВЖУМ?
 
fc5fcdd0-a1a7-4e15-b606-7c7f39969ed9.jpgДарҳақиқат, савол туғилади: нима учун бу мамлакатда музейларга миллионлаб кишилар келади? АҚШда музейларнинг андоза олишга арзигулик қандай жиҳатлари мавжуд?

Биринчидан, АҚШда музейлар нафақат катталар, балки болалар учун ҳам мўлжалланган. Чунки, у хоҳ тарих музейи, хоҳ архитектура музейи, хоҳ тўқимачилик музейи бўладими, уларда албатта кичкинтойлар учун “Болалар бурчаги” ташкиллаштирилган. 

Масалан, Вашингтондаги Қурилиш ва Архитектура музейининг Болалар залида турли бино, кўприк, йўл ва туннеллар қуриш учун ўйинчоқ қурилиш ашёлари, хонани дизайнлаш учун ўйинчоқ уй жиҳозлари билан тўлдирилган бўлса, Америка ҳундулари тарихи Миллий музейининг Болалар зали эса америка ҳиндулари турмуш тарзи ва маданиятини акс эттирувчи ўйинчоқ маиший уй анжомлари, меҳнат қуроллари билан тўлдирилган. Бу ерга келган бола ўзини бамисоли ҳунду қабилалар маконига тушиб қолгандай ҳис қилади. 

Болалар залининг бир бурчагида мўжазгина мутолаа бурчаги ҳам ташкил этилган. Бу ерда ҳундулар билан боғлиқ минглаб эртак китоблар жо бўлган. Снимок.PNG

Америка тарихи Миллий Музейининг Болалар зали эса “Ўз қўлимиз билан ясаймиз” машғулотлари хонасини эслатиб, бу ерда болалар ўз қўллари билан турли буюмлар ясашлари мумкин.

Ҳаво ва коинот Миллий музейида эса болалар нафақат самолёт, ракета, сателлит ва бошқа ҳаво машиналаридан намуналар, қисмлар кўришлари мумкин, балки турли-туман катта-кичик самолётларга ўтириб, хаёлан бошқаришлари, самога парвоз қилишлари мумкин. 

“Ёш олимлар лабараторияси”да эса шамол қандай ҳосил бўлади, вертолёт ва самолётлар нега учади, ернинг тортишиш кучи нима, каби қатор саволларга кўргазмали тарзда жавоб оладилар. 
Хусусан, музейдаги “Ойда вазнингиз неча кг.ни ташкил этган бўларди?” деб номланган вазн ўлчаш ускинаси кўпгина болаларда катта қизиқиш уйғотишига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Мазкур ўзига хос тарози орқали болалар бошқа сайёраларга тушиб қолгудек бўлса, вазни ҳам маълум килограммга ўзгариши ва бунинг сабаблари ҳақида билиб оладилар.

Иккинчидан, музейларда тез-тез соҳага оид турли мавзуларда маърузалар, кўргазмали намойишлар, суҳбат, амалий машғулотлар уюштирилади. 
Болалар учун эса мунтазам равишда “Эртаклар олами” соати, “Ўз қўлимиз билан ясаймиз” амалий машғулотлари ташкил этилади. 

d57f34be-2820-4ea6-9c07-a605cf35fe17.jpgМасалан, кеча Ҳаво ва Коинот Миллий Музейида болалар “Коинотга Парвоз қилган филча” эртагини тинглаган бўлсалар, Табиий фанлар Миллий музейида эса “Дунё ва мен” машғулотида масъул ходимлар турли ўргимчаклар ҳақида болажонларга кўргазмали тарзда маълумотлар берадилар. 
Тирик ўргимчакларни намойиш этиб, уй шароитида қандай хавфсиз боқиш бўйича йўл-йўриқлар кўрсатди.

Учинчидан, музейларнинг виртуал фаолияти, яъни интернет сайтлари фаолияти жуда яхши йўлга қўйилган. Сайт орқали музейда айни кунда қандай кўргазма бўлиб ўтаётгани, қайси залда соат нечада қандай тадбир бўлиб ўтиши ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлишингиз мумкин. 

ТАДБИРЛАР ЖАДВАЛИ ЭЛЕКТРОН МАНЗИЛИНГИЗГА ЮБОРИЛАДИ 

Сайтга кириб, “Электрон-хабар”га обуна бўлсангиз, электрон манзилингизга мунтазам равишда тадбирлар жадвали юборилади. 
Кўпгина музей сайтларида мавзуга оид болалар ва катталар учун илмий китоблар, маърифий аудио ва видеофильмлар, онлайн амалий машғулотлар, тестлар жойлаштирилган бўлиб, кишилар билимини оширишга, дунёқарашини кенгайтиришга катта хизмат қилади. af6e57b0-0ca1-4b4f-a8b9-1edde60f24e6.jpg

Умуман, АҚШда музейлар нафақат экспонатларни намойиш этишга ва ноёб ашёлар орқали маълумот беришга, табиат ва жамият тараққиётининг бирор йўналишини акс эттиришга қаратилган, балки кишиларга, хусусан, болалар ва ёшларга турли ўйинлар, ижодий машғулот ва интерактив мулоқотлар орқали оламни кашф этишга, билимларини мустаҳкамлашга йўналтирилган. 
Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, бизда ҳам музейлар моддий-техник базасини яхшилаш, ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ташкилий фаолиятини ривожлантириш эҳтиёжи мавжуд. 

Юртимизда ҳам ҳар бир музейда болалар учун юқоридаги каби “Болалар бурчаги” яратилиши ва монанд равишда жиҳозланиши, болалар учун мунтазам турли қизиқарли маърифий тадбирлар ташкиллаштирилиши музейларни гавжум масканлардан бирга айлантиради. Том маънода маънавият, маданият, маърифат ўчоғи сифатида хизмат қилади. 

Ойдин Саъдуллаева, АҚШ


ЎзА учун махсус
2 697