ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Музейлар фаолияти талабга жавоб берадими?

Музейлар фаолияти талабга жавоб берадими?


Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи​ мисолида

Музейлар – юртимиз тарихи, халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган қадриятларини ўзида мужассам этган осори-атиқалар, ноёб буюмлар билан ўзлигимизни англашга, ўтмишдан ибрат олиб яшашга ундайди.

Бугун ана шу масканларга аҳоли, айниқса, ёшлар қай даражада ташриф буюрмоқда? Музейларда сайёҳлар учун қандай шароит ва қулайликлар яратилган? Ана шу саволларга Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи фаолияти мисолида жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи капитал реконструкция қилиниб, атрофи ободонлаштирилди, инфратузилмаси тубдан янгиланди. Бу ишлар учун 500 миллион сўм маблағ сарфланди.

Айни пайтда 110 мингдан зиёд экспонат сақланаётган мазкур музейнинг “Жомеъ меъморий обидаси“, “Бобур уй-музейи”, “Чўлпон ёдгорлик музейи”, “Қалъа ёдгорлик мажмуаси” бўлимлари ҳамда Пахтаобод туманидаги “Ҳабибий ёдгорлик музейи” филиали фаолият кўрсатмоқда.

“Жомеъ меъморий обидаси“ бўлимида жойлашган адабиёт ва санъат галереясида тарихимизга оид 20 мингдан зиёд ҳужжат, қўлёзма ва турли даврларда чоп этилган китоблар, шунингдек, Андижон адабий муҳити ва халқ амалий санъатига оид ноёб асарлар, буюмлар ўрин олган. ХIV асрга оид Бобур уй-музейи (Арк ичи) меъморий обидасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар даврига, “Қалъа” меъморий ёдгорлигида эса ХIХ аср ва ХХ аср бошларидаги Андижон тарихига, Абдулҳамид Чўлпон ҳамда Зокиржон Ҳабибий ёдгорлик музейларида ўзбек адабиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшган ижодкорлар ҳаёти ва фаолиятига оид экспонатлар сақланмоқда.

– Музейимизни бундан икки йил аввал йилига тахминан 40-42 минг киши томоша қилган бўлса, 2019 йилда 70 мингдан ортиқ одам ташриф буюрди, – дейди Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори ўринбосари Роҳатой Муҳаммедова. – Жумладан, 250 нафардан зиёд хорижлик сайёҳ ҳам музей экспонатлари билан танишди.

Музейдаги ҳар бир экспонат ёритиш чироғи билан таъминланди. Хорижий сайёҳлар учун сувенирлар сотиладиган дўкон ташкил этилди. Интернетдан эркин фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида музей ҳудудида Wi-Fi интернет зонаси яратилди. Бу каби қулайликлар музейга ташриф буюрувчилар сонини ортишига хизмат қилмоқда.

Аҳоли, айниқса, ёшларнинг музейга қизиқиши ва ташрифини ошириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар академияси, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда кўплаб тасвирий ва халқ амалий санъати асарлари кўргазмалари ўтказилади.

Вилоят Халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда ўқувчи-ёшларнинг музейга мунтазам келиб туришини таъминлаш бўйича ҳам муайян ишлар олиб борилади. Хусусан, юқори синфларда адабиёт, тасвирий санъат ҳамда тарих фанлари дарслари бир йилда бир марта бевосита музейнинг тегишли бўлимларида ўтказилиши йўлга қўйилди.

Бир неча йилдирки, музей маъмурияти ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси Самарқанд археология институти олимлари ҳамкорлигида қўшма илмий экспедиция иш олиб бормоқда. Қўрғонтепа туманидаги “Қўштепа” археологик ёдгорлигидаги қазиш ҳамда илмий-тадқиқот ишлари натижасида юртимизнинг қадим ўтмишига оид 5 мингга яқин сопол буюм топилди. Улар музей фондига топширилиб, “Кўҳна замин дурдоналари” кўргазмаси доирасида кенг жамоатчиликка намойиш этилди. Ушбу буюмлар яқин кунлар ичида Ўзбекистон халқлари тарихи музейида ташкил этиладиган кўргазмага олиб борилиши кўзда тутилган.

– Музейимизда турли даврларга оид 2 мингга яқин қўлёзма сақланмоқда, – дейди Қўлёзма ва тошбосма китобларни сақлаш сектори мудири Ғанижон Қосимов. – Мутахассислар уларнинг илмий-тарихий аҳамиятини ўрганмоқда. Музей экспонатларининг электрон каталогини яратиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Музей жамоаси томонидан ўтган йили халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Қирғизистон Республикаси Ўш областидаги “Сулаймон-тоо” миллий-тарихий археологик музей комплекси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳамкорлик доирасида Андижонда “Сулаймон-тоо – халқаро мерос объекти” номли кўчма кўргазма ташкил этилди. Шунингдек, Ўш шаҳрида “Фарғона водийсидаги умумий қадриятларни сақлаган музейлар ҳамкорлиги” мавзусида семинар ўтказилди. Бу икки қўшни халқлар ўртасидаги маданий-тарихий ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга, сайёҳлар оқимининг кўпайишига ёрдам бермоқда.

Халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш мақсадида Венгрия Республикаси Халқ музейи, Қозоғистон Республикаси Миллий музейи ҳамда Хитой Республикасининг Сиангь шимоли-ғарбий университети вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Учрашувлар доирасидаги мулоқотларда келгусида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Наврўз байрами арафасида Ўш шаҳрида “Андижоннинг туризм салоҳияти” мавзусида, апрель-май ойларида Рус миллий-маданий маркази, Россия Федерациясининг Оренбург тарихий-ўлкашунослик музейи билан ҳамкорликда Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг “Андижон қалъаси” ёдгорлик мажмуасида Оренбург тарихий-ўлкашунослик музейининг кўчма кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган.

Мухтасар айтганда, Андижоннинг қадим тарихидан сўзловчи ушбу музейда сақланаётган ноёб экспонатлар, осори-атиқалар билан танишиш юртдошларимиз қалбида тарихимиз, улуғ аждодларимиз, она Ватанимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромни янада оширади.


17 457
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА