Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

29.07.2018 09:05 Чоп этиш версияси

МУТОЛАА ЗАВҚИ. Матназар Абдулҳаким

МУТОЛАА ЗАВҚИ. Матназар Абдулҳаким
Бахт изладим мен дала, даштдан,
Орзуим бол, умидим — асал...

Матназар Абдулҳаким 1948 йил 20 февралда Хоразм вилоятининг Урганч туманида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2000). Россиянинг Таганрог шаҳридаги Рус тили ва адабиёти институтини тамомлаган. “Тиниқ тонглар” (1982), “Фасллар қўшиғи” (1984), “Қор қўшиғи” (1990), “Ёнимдаги дарёлар” (1993), “Қорачикдаги дунё” (1994), “Бир кучоқ гул”, “Ойдинлик” (1997), “Сўнгги япроқ” (1999) каби китоблари нашр қилинган. Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Бедил асарларини форсийдан ўзбек тилига таржима қилган.

* * *

Бахт изладим мен дала, даштдан,
Орзуим бол, умидим — асал.
Онагинам!
Сени алдашдан
Ҳалокатни санадим афзал.

Сармаст қилди чаманлар васли,
Қайғурмадим, ризқу рўзимни.
Яшадим мен бағишлаб, асли,
Фақат ўзгаларга ўзимни.

Билмам, учдим қанчалар чақрим,
Гоҳ мағлуб, гоҳ ғолиб келдим мен.
Бол деб меҳрим, асал деб фахрим –
Топганимни олиб келдим мен.

Гуллар ичдим ичгандек қасам,
Лойиқ бўлдим заҳматкаш сафга.
Балки… балки янглишиб баъзан,
Қўниб қўйдим сассиқ алафга.

Ноз бўйлардан уйғониб саҳар,
Учмоққа йўқ, эҳтимол, ҳаққим.
Балки, асал деганим заҳар,
Бол деганим, эҳтимол, заққум.

Хуллас, ўзинг биласан, онам,
Сен минг сирдан хабардор ҳаким.
Хоҳла, мени қабул эт, мана,
Хоҳла, мана, бўғиб ташлагин.

БАХТ

Мукаммал бу гўзаллигингни
Ёниб қилгим келади таъриф,
Бироқ, не қилайки, қошингда
Энг қудратли каломлар ғариб.
Висолингни қилсам-да ҳавас,
Меҳрим изҳор этмадим ҳеч вақт.
Сен билан бир ҳаводан нафас –
Олиш ўзи менга катта бахт.
Бир қайрилиб ташласанг нигоҳ,
Юрак тўлар сўнмас зиёга…
Сени бир бор кўриш-чун фақат
Келиб кетса арзир дунёга.

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Кўринмасдим ҳар ким-ҳар кимга,
Мен — саҳарлар уфурган нафас.
Гардсизлигим, тозалигимга
Чексизликлар қиларди ҳавас.

Бир тонг ногоҳ бўлдим мен шабнам,
Сўнг булутга, ёмғирга дўндим.
Майсаларга айландим кам-кам,
Тупроқ бўлиш дардига кўндим.

Минг йилликлар туркум ва туркум
Қорилдилар зулмат, зиёга.
Саодатли қандайдир бир кун
Дарахт бўлиб келдим дунёга.

Ҳаёт бир йўл — сўнгсиз, бетимсол,
Минг тирилиб, минг ўлиб чопдим.
Насиб бўлди ноёб бир висол,
Жонзот бўлиб таваллуд топдим.

Қаноатлар, тоқат, сабрлар
Ғилдираги айланди гир-гир.
Кечди неча туман даврлар,
Инсон бўлиб туғилдим ахир.

Эндигина ором топиб жон,
Етди десам толега хуш гал,
Ҳар тўкисда — неча минг нуқсон,
Ҳар тўкисда — неча минг ишкал.

Зулмат тўйди, ютиб зиёни,
Зулматларга зиё ҳам тўйди.
Дийдорига тўйдим дунёнинг,
Дийдоримга дунё ҳам тўйди.

Қўйинг, сўйлаб бўлмай мен нолон,
Сиз ҳам тинглаб бўлмангиз ҳалак.
Шу ўзингиз билган тўполон,
Шу ўзингиз билган чархпалак.

Номард бўлай агар нолисам,
Бошқа тирилмайман, ўлмайман.
Бир қутулсам, бир кетиб олсам,
Дунёга мен бошқа келмайман.

ИМКОНИЯТ

Ғамгинлик кам эмас қулликдан,
Лекин маҳбусман деб нолиш — уятдир.
Ҳар лаҳза, ҳар нафас бу тутқунликдан
Халос бўлмоқ учун имкониятдир.

O'zA