ЎзА Ўзбек

17.02.2020 Чоп этиш версияси

МУТЛАҚО МАХФИЙ СУД МАТЕРИАЛЛАРИ: Ҳамзанинг сирли ўлими ҳақида...

МУТЛАҚО МАХФИЙ СУД МАТЕРИАЛЛАРИ: Ҳамзанинг сирли ўлими ҳақида...

Бугунги кунда тарихимизни ҳаққоний ва холис ўрганиш муҳим вазифалардан биридир. Афсуски, янги ўзбек адабиётининг асосчиларидан бири Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийни ҳаёт ва ижод йўли негадир эътибордан четда қолмоқда. Ҳамза қаламкаш биродарлари Абдулла Қодирий, Фитрат ва Чўлпонлар билан бирга ўзбек халқи тарихининг энг мураккаб ва энг фожиали даврларида яшаб ижод этган.

Ҳамза шу фожиали даврнинг дастлабки қурбонларидан бири бўлди. У адабий истеъдоди эндигина олмос қирралари билан товлана бошлаган бир вақтда ҳалок этилди. Лекин Ҳамза қисқа умр кўрганига қарамай, янги ўзбек адабиётининг барча турларида ижод қилиб, шундай асарларни яратдики, бу асарларнинг катта ва асосий қисми янги ўзбек адабиётининг шаклланиши ҳамда ривожланишида муҳим аҳамиятга молик.

Наим Каримовнинг таъкидлашича, Ҳамза ўз ҳаёти ва ижоди давомида мураккаб даврнинг қандай эгри-бугри ва паст-баланд сўқмоқларини босиб ўтган бўлмасин, унинг адабий меросида шундай асарлар борки, уларсиз янги ўзбек адабиётини тасаввур этиш асло мумкин эмас. Узоқ вақт халқ ва жамият томонидан эъзозланиб келган Ҳамза кутилмаганда, мустақиллик даврида унутила бошланди. Унинг номи метро бекати, театр, кўча ва мактаблардан олиб ташланди. Асарлари нашр этилмай қолди...

Ҳамзанинг ижодини ўрганиш, асарларига холис баҳо бериш бугун адабиётшунослик олдидаги долзарб вазифа сифатида кун тартибига қўйилмоқда. Сайтимизда бу ҳақда олимларимизнинг бир неча мақолалари эълон қилинди. Қўйида профессор Қаҳрамон РАЖАБОВнинг “Ҳамза ва xx аср ўзбек адабиёти” китобидан олинган “Ҳамзанинг сирли ўлими“мақоласини ҳукмингизга ҳавола этамиз.

Ҳамзанинг сирли ўлими

...Ўзбекистонда сиёсий қатағонлар бошланиши 1929 йил март ойида Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1926), таниқли шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг 40 ёшида Фарғона водийсидаги Шоҳимардон зиёратгоҳида фожиали ўлдирилиши ҳамда унинг оқибатлари билан бевосита боғлиқ бўлса ҳам ҳозиргача бу тарихий ҳақиқат ҳақида негадир илмий жамоатчилик ўртасида сукут сақланади. Ҳолбуки, Ҳамзанинг ўлими билан Ўзбекистонда сиёсий қатағонлар бошланди.

Фарғона шаҳридан 50 км. узоқликда тоғлар орасида жойлашган Шоҳимардон қишлоғи азалдан ўзининг сўлим ва хушманзара табиати билан барчани ҳайратга солган. Бу ерда Муҳаммад пайғамбарнинг жияни ва куёви Ҳазрати Алининг рамзий қабри ва ҳашаматли мақбараси бўлган. Ҳазрати Али – Али ибн Абу Толиб (599-661) хулафои рошидин, яъни Ҳақ йўлидан борган тўртта халифанинг охиргиси ҳисобланади. ХХ аср 20-йиллари охирида ҳам Шоҳимардон нафақат Фарғона водийси, балки бутун Туркистон халқларининг муқаддас зиёратгоҳи эди. Маълумотларга кўра, Шоҳимардон зиёратгоҳига ҳар йили июль ва август ойларининг ўзида 15 000 нафардан ортиқ зиёратчи келиб турган.

Ҳазрати Али мозорининг мутаваллиси ва унинг маслакдошлари зиёратчилардан тушадиган катта даромадга эгалик қилган. Шоҳимардон ҳамда унга яқин турли шаҳар ва қишлоқларда ўзбекларнинг хўжалар тоифаси яшаб, улар мутавалли бошчилигида бу даромадлардан фойдаланишган. 1929 йилда ана шундай хўжалар (шайхлар) 300-500 нафар бўлиб, улардан фақат 60 нафари ўз оиласи билан Шоҳимардонда мунтазам яшаган. Бу пайтда мозор мутаваллиси Исмоилхўжа Саййидхўжаев бўлган.

1928 йил 10 августда Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси раиси Йўлдош Охунбобоев, машҳур шоир Ҳамза ва Олтиариқ райони раҳбарлари Шоҳимардонга келишади. Ҳамза яқинда тузилган Шоҳимардонда бидъат ва хурофотга қарши чора-тадбирларни амалга оширувчи комиссия таркибига инспектор сифатида киритилган эди. Ҳамза Шоҳимардондаги фаолиятини мозорни тугатиш ҳамда хўжаларни текин даромаддан маҳрум этишдан бошлашга қарор қилади. 1 октябрь куни Ҳамза Шоҳимардонда хўжаларни йиғиб, зиёратгоҳларнинг ҳадя ва садақаси ҳаром эканини мозор шайхларига дағдаға билан тушунтиради. Ҳамза Шоҳимардондаги хўжаларни қаттиқ сиқувга олади ҳамда милиционерлар ва батраклар ёрдамида уларга ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилади, уларни ҳақорат қилади ва камситади. Бундан ташқари, ёш ва қони қайноқ Ҳамзанинг аёлларга бўлган муносабати ҳам аҳолининг муайян қисми ўртасида унга нисбатан норозилик уйғотди.

Бу воқеалардан сўнг уламолар 1928 йил октябрь ойида Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитасига, 6 ноябрда эса ОГПУнинг Фарғона округ бўлимига шикоят йўллашади. Сўнгги шикоят аризасига Шоҳимардон хўжаларидан 12 нафар киши имзо чеккан эди. Фарғонадаги чекистлар аризаларни текшириб, турли “хуфиялар ва қулоқлар” орқали Ҳамзанинг ҳақиқатан ҳам Шоҳимардон шайхлари ва хўжаларига нисбатан зўравонлик сиёсати юритганини аниқлашган. ОГПУ Фарғона округ бўлими бошлиғи Денисов ва 1-бўлим бошлиғи Баланин имзоси билан тайёрланган ҳамда ОГПУнинг Ўрта Осиёдаги мухтор вакили Бельскийга юборилган, нусхалари эса Ўзбекистон ГПУ раиси (Самарқанд) ва Фарғона округ партия комитетининг масъул котиби Шермуҳаммедов номларига жўнатилган махсус маълумотномада бу ҳақда шундай дейилади: “Биз ўз вакилимизга Ҳакимзодани Шоҳимардондан чақириш ва унга мазкур ишни эҳтиёткорлик билан олиб бориш тўғрисида кўрсатма бердик. Ҳакимзода бизнинг вакилимиз билан суҳбатда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетидан топшириқ олгани ва гўё унинг ташвиқотидан кейин шайхлар, ўз хоҳишларига кўра, мозорни ташлаб кетмоқчи бўлганларини айтди.

Ҳакимзода биз билан музокарадан сўнг Шоҳимардонга бориб, шайхларни йиғди ва уларни сўкиб, шикоят қилганлари учун ҳаммаларини қаматтираман, деб дўқ-пўписа қилди, уларни ўзининг хатти-ҳаракатига жавобан қилган шикоятларини рад этувчи аризани ёзишга мажбур этди. Шундан кейин Ҳакимзода тахминан 25-80 нафар камбағал батракларни йиғиб, улар билан бирга мозорга борди, шайхларни у ердан қувиб, улар ўрнига камбағаллар, девоналар ва бошқаларни жойлаштирди. Ўша куни ОГПУ Фарғона округ бўлимига Шоҳимардондан барча шайхлар номидан битилган ариза билан ўнга яқин шайхлар келишди.

Мазкур аризалар таржимасининг нусхалари ушбуга илова қилинади.

Бу воқеалардан кейин бир гуруҳ шайхлар ва хўжалар Марғилонда маҳаллий йиғилиш ўтказиб, Ҳамза устидан Фарғона округ прокурори номига ариза ёзишга жазм қиладилар. Ҳамзанинг гўё ҳуда-беҳудага деҳқонларни йиғиб, мажлис ўтказавериши уларнинг экин-тикин ишлари билан шуғулланишларига халақит бераётгани, на совуқ ва на иссиқ демай батракларни ишлатиб, улар елкасини яғир қилаётгани, азиз шайхларни сўкиб, хўжаларнинг муборак авлодини беҳурмат ва бадном қилаётгани ҳақида ёзилган бу аризага юздан ортиқ имзо тўпланади. Тарихга “бир юз саккизлар аризаси” номи билан кирган иш шу тарзда майдонга келади. 1928 йил ноябрининг сўнгги кунларида Олтиариқ район милицияси шу ариза юзасидан текшириш ўтказиб, уч кун давомида “шикоятчилар” билан суҳбатлашиб чиқади. Лекин текшириш натижасида Ҳамзага қўйилган айбларнинг кўпчилиги ёлғон бўлиб чиқади.

Ҳамза эса бунга жавобан 1928 йил 11 декабрда “Найза” тахаллуси билан “Янги Фарғона” газетасида “Шоҳимардон пўнгқарғалари” деган мақолани босиб чиқарди. Бу мақолада Валихон Хонхўжа ўғли ва Умарали Охунхўжа ўғли бошчилигидаги 18 нафар “муштумзўрлар ва текинхўрлар”нинг ишлари тилга олинган ва “юқорида номи номубораклари ёзилган зоти бебаракотларни Шоҳимардондан йўқотишни район фирқўми, ижроқўми ҳам қўшчи қўмитасидан талаб қилди”. Бизнингча, бу мақоланинг расмий матбуотда босилиши ҳар икки куч ўртасидаги курашни яна ҳам кескинлаштирди.

Ҳамза Шоҳимардонда 1929 йилдаги 8 март байрамини 8 нафар аёлнинг паранжидан халос этилиши билан нишонлаб, Қўқонда бўлаётган Фарғона округи ижроия қўмитасининг қурултойида қатнашиш учун 10 мартда бу ердан жўнайди. У бир ҳафта давомида Шоҳимардонда бўлмади. Бу фурсатдан Ҳамзанинг ғанимлари бўлган хўжалар унумли фойдаланишган. Шоҳимардон хўжаларининг топшириғи билан Ғиёсхўжа Салоҳиддинхўжа ўғли Олтиариқ район милициясига бориб, Ҳамза ва унинг котиби Абдулла Ҳотамовнинг хурофотга қарши курашда нотўғри иш олиб бораётгани ва бу ишлар совет ҳокимиятининг халқ ўртасидаги обрўсини тўкаётгани тўғрисида шикоят қилди. Милиция бошлиғи Юсуфжон Тожиев эса унга бу маълумотларни ОГПУ органларига етказиш лозимлигини маслаҳат қилди. 17 мартда Ғиёсхўжа Фарғона бозорига бориб, у ерда Мансурхон Охундхўжа ўғлини учратганида унга 18 март куни Ҳамзанинг ўлдирилажагини айтган.

Бу фикрдан ойдинлашадики, Ҳамзанинг ўлими махсус хизмат ходимлари томонидан атайлаб уюштирилган. Фақат шоир чекистларнинг ўқидан эмас, балки Шоҳимардондаги хўжалар иғвоси билан унга қарши қўйилган бир гуруҳ ғазабланган оломон томонидан ўлдирилган.

Замондошларининг хотираларига кўра, Ҳамза қурултой тугагандан кейин 17 март оқшомида Шоҳимардонга етиб келди. Бу ерда шоирнинг 5 яшар ўғли Аббосхон ва хотини Комилахон Усмонова интиқ бўлиб кутишарди. Фожиали воқеалар 18 март куни пешин атрофларида Шоҳимардон зиёратгоҳида юз берди. Ҳамза бу пайтда Шоҳимардон зиёратгоҳига келиб, мозорга осиб ташланган турли туғлар ва қўтос думларини олиб ташлашни буюрди.

hamza-1915.jpgАрхив фондларида сақланиб қолган Ҳамза ўлимига оид суд материалларига кўра, бу фожиа судланувчиларнинг “айблов хулосаси”да қуйидагича кўрсатилган: “Ҳамза Ҳакимзода мозор томонидан “дод” деган қичқириқларни эшитгач, матлубот дўкони мудири Муллажон Абдураҳимов билан чойхонадан чиқиб, юқорига, воқеа юз бераётган мозорга қараб югурди. Шу фурсат Дўсмат Шерматов уларга яқин келиб, Абдураҳимовнинг бошига мушт билан уриб йиқитди-да унинг милтиғини тортиб олди, бошқалар эса шу заҳоти Ҳамза Ҳакимзодани қуршаб олиб, уни зиналар ёнидаги йўлакдан мозорга қараб судраб кетишди. Биринчи бўлиб шайх Раҳмоналибой Маъмурали Ҳамза Ҳакимзоданинг олдига келиб, унинг бошига ёпишган ҳолда: “Сен мозорни буздинг. Ур, буни!” деб бақирди. Шундан кейин Алиёр қўрбошининг собиқ босмачилари Ёдгор Нуриддинов ва Болта Ёқубов Ҳамза Ҳакимзодага ташландилар ва уни уриб, ерга йиқитдилар. Холдор Рустамов эса унинг юзига пичоқ тортиб юборди. Абдулла Тошев, Сотиболди Расулов, Зариф Абдумўминов, Шаропов, Узоқов, Маҳкам Шерматов ва бошқалар Ҳамза Ҳакимзодани тошбўрон қилишди... Оломон орасида ҳозир бўлган Ҳидоятхўжа Дадахўжаев, Жалолхўжа Камолхўжаев, Эшонхўжа Саййидхўжаев “Ур, уни!” деб бақиришди. Оломон Дўсмамат Шерматов билан биргаликда Ҳамза Ҳакимзодага тош отиб, тепишди...”.

ХХ асрда ўзбек адабиёти ва санъатининг йирик арбобларидан бири ана шу тарзда “махсус фитна” натижасида фожиали ўлдирилди.

Бироқ Ҳамзанинг фожиали ҳалокатини “расмий ҳужжатлар”да холис ёритилган деб айтиш қийин. Маҳаллий ўлкашунослардан бири Ҳамза ҳалокатининг ҳақиқий сабабларини унинг замондошлари хотираларига таянган ҳолда қуйидагича изоҳлайди: “1929 йилнинг эрта баҳорида Ҳамзани икки киши – Болта ўғри ва Ёдгор ўғри ўлдирган. Қотилликка маиший асосда келиб чиққан тўқнашув сабаб бўлган. Аммо ҳукумат органлари бу қотилликни мусулмон руҳонийлари томонидан уюштирилган фитна маҳсули тарзида халққа эълон қилдилар. Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларидан 60 киши мана шу сценарий асосида жиноий жавобгарликка тортилди”.

Фожиадан кейин бир неча кун ўтгач, Олтиариқ район ички ишлар бўлими ходимлари Шоҳимардонга келиб, тергов ишларини бошлаб юбордилар. Улар томонидан 20-21 март кунлари қотилликка алоқадор деб топилган 54 нафар хўжалар ва батраклар ҳибсга олинди.

Ҳамзанинг “қотиллари” устидан суд жараёни Водил қишлоғида (Шоҳимардондан 25 км. узоқликда) 1929 йил 2-29 июнь кунлари бўлиб ўтди. Тергов ва суд жараёни маҳаллий ва республика газеталарида кенг ёритилди. Бироқ судда хўжалар ҳам, батраклар ҳам қотилликни бўйнига олмадилар. Фақатгина 2 нафар батрак Ҳамзани ўлдиришда хўжалар ташвиқоти билан қатнашганликларини эътироф этишди. Шунга қарамай, Ўзбекистон ССР Олий Судининг сайёр ҳайъати томонидан 1929 йил 29 июнда айбланувчилардан 9 нафари отиб ўлдиришга ва мол-мулкини мусодара қилишга, 4 нафарини 10 йилдан ортиқ қаттиқ қамоқ жазосига ва 5 йил ҳуқуқидан маҳрум қилишга, 3 нафарини 5 йил муддатга қамоқ жазоси ва 3 йил ҳуқуқдан маҳрум қилишга, 1 кишини 3 йил муддатга қамоқ жазосига, 17 кишини ижтимоий хавфли деб топиб Ўзбекистон ва Фарғона округидан сургун қилишга ҳукм қилинди. Судланганлардан 4 нафари айбсиз деб топилди. Ўлим жазосига ҳукм қилинганлардан 4 нафари (Жалолхўжа Камолхўжа ўғли, Ҳидоятхон Дадахўжа ўғли, Орифхон Охундхўжа ўғли, Хуррам Холиқ ўғли) Фарғона шаҳрида 4 июль куни кечқурун отиб ташланди. Отишга ҳукм қилинганларнинг қолган 5 нафарига жазо ўзгартирилиб, улар 10 йил қамоқ жазосига, сўнгра 1 йил муддат ҳуқуқдан маҳрум қилиш билан жазоланди. Аввал отиб ўлдиришга ҳукм қилиниб, сўнгра ўлим жазоси 10 йиллик қамоқ муддати билан алмаштирилган Музаффархўжа Исмоилхўжа ўғлининг бутун мол-мулки мусодара қилиниб, улардан тушган маблағ ҳисобига Ҳамзанинг рафиқаси Комилахон Усмоновага бирйўла 300 рубль берилди ва ҳар ойга 25 рубль миқдорида нафақа белгиланди, ўғли Аббос эса ҳукумат таъминотига ўтказилди.

Шу нарса характерлики, суд мажлисидаги ҳукмда 7 киши: “Ҳамроқул Турсунқул ўғли, Исмоилхўжа Саййидхўжа ўғли, Музаффаржон Муҳаммаджон ўғли, Қўқонбой Тўрақул ўғли, Маъруфхўжа Охунхўжа ўғли, Иброҳимхўжа Муҳаммадшоҳхўжа ўғли, Турсунқори Муҳаммадхўжа ўғли Жиноят кодексининг 64-боби билан оқланса ҳам ҳукмнинг баёнот қисмида кўрсатилган далилларга асосан, Жиноят кодексининг 38-бобига биноан, улар Ўзбекистон ССРдаги жамоат ўртасида туришлари ижтимоий хавфли топилиб, уларнинг ҳар қайсиси 5 йил муддатга Совет Иттифоқининг бошқа бир республикасига сургун қилмоққа, улар хусусида ҳукм ижро этилгунга қадар Фарғона округ қамоқхонасида сақламоққа қарор қилинади”.

Кейинчалик Ҳамроқул Турсунқулов (1892-1968) номи билан нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Иттифоқда машҳур бўлган шахс ушбу 7 нафар кишининг биринчиси сифатида тилга олиниб, ҳукмнинг баён қисмида унга шундай таъриф берилади: “32. Ҳамроқул Турсунқул ўғли. 38 ёшда. Туғилган ва истиқомат қиладиган жойи Водил қишлоғи. Миллати ўзбек. Хотуни ва 4 нафар фарзанди бор. Кам саводли. 1918 йилдан 1929 йилгача совет идораларида хизмат қилган. Фирқасиз. Кейинги вақтда идорадан тозалаш тартибида хизматдан бўшатилиб, ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлган. Асли касби боғбончилик бўлиб, ҳозирга вақтда бошқа кишилар кучи билан фойдаланиб деҳқончилик қиладур. Бадавлат. Илгари босмачилар билан курашиб, мукофотлар олган бўлса ҳам сўнгги вақтда босмачи Нормат Махсумга ёрдам кўрсатиши хусусида жиноят иши қўзғолган”.

Ҳ.Турсунқулов ҳақида совет даврида нашр этилган “Ўзбек совет энциклопедияси”да унинг вафотидан кейин 1978 йилда эса расмий равишда қуйидаги фикрлар ёзилган эди: “Колхоз ишлаб чиқариши ташкилотчиларидан бири. Уч марта Социалистик Меҳнат Қаҳрамони (1948, 1951, 1957). 1945 йилдан КПСС аъзоси. ЎзССР Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси фахрий академиги (1957-1961). Деҳқон оиласида туғилган. Октябрь революциясига қадар батрак, ишчи. Ўзбекистонда совет ҳокимиятини ўрнатиш ва уни мустаҳкамлашда актив қатнашган. Водил қишлоқ совети раиси ва Фарғона округи Революцион ҳарбий кенгаши мухтор вакили (1925), Чимён волость ижроия комитети раиси (1922-1923), Чимён район комитети “Қўшчи” союзи раиси (1925). Фарғона область Олтиариқ район сув хўжалигида ишлаган (1927-1929). “Бирлик” ва “Меҳнат” қишлоқ хўжалик артеллари ташаббускори (1929), Тошкентда район милиция бўлими оператив вакили, Тожикистонда “НКВД” совхози директори (1930-1935). 1935 йилдан бошлаб Тошкент область Янгийўл районидаги “Бирлик” (“Шарқ юлдузи”) колхози раиси. КПСС ХХ-ХХII съездлари делегати. 2 – 6-чақириқ СССР Олий Совети депутати. СССР Олий Совети Президиуми аъзоси (1958-1962), 1946 йилдан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети аъзоси”. “Ўзбек совет энциклопедияси. Том 11. – Тошкент: Ўзбек совет энциклопедияси Бош редакцияси, 1978. –Б.419.)

Совет даврига мансуб ҳар икки расмий маълумот бир-бирини тўлдириши ҳамда бир-бирини инкор қилиши билан бугунги кунда кишини ҳайратга солади ва турли фикрлар уйғотади. Бу маълумотларда Ҳ.Турсунқулов ниҳоятда мураккаб ва зиддиятли шахс сифатида кўринади. Бир томондан, у совет ҳокимиятига садоқат билан хизмат қилган, шунинг учун ҳам ўз даврида катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлган. Иккинчи томондан, у Йўлдош Охунбобоевнинг махсус топшириғи билан Фарғона водийсидаги турли қўрбошилар гуруҳлари билан шубҳали алоқаларда бўлиб турган. Хуллас, у икки томонга ҳам “холис” хизмат кўрсатган. Ҳ.Турсунқулов 1919-1920 йиллардан бошлаб чекистлар билан, яъни ВЧК, ГПУ, ОГПУ, НКВД органлари билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб борган. Ҳамзанинг фожиали ўлимини уюштиришда унинг ҳам “хизмати” бўлган. Фожиага тааллуқли суд ҳужжатларида келтирилишича, оломон Ҳамзани ваҳшиёна ўлдиргач, энг аввало, Шоҳимардондан Водил қишлоғига қараб йўлга чиққан ва бу ерда яшовчи Ҳ.Турсунқулов олдига икки киши бориб, даҳшатли воқеа хусусида унга маълумот берган.

Умид қиламизки, шоирнинг ўлими ҳақидаги бутун тафсилотлар ҳамда бу фожиада Ҳ.Турсунқуловнинг ўрни қандай бўлганига кейинги тадқиқотларда ойдинлик киритилади.

Ҳ.Турсунқулов томонидан кейинчалик ўзбек ва рус тилларида ёзилган турли хотираларда Шоҳимардондаги воқеалар ва Ҳамзанинг фожиали ўлдирилиши, суд жараёни ва ўзининг сургун қилиниши ҳақида мутлақо фикр билдирилмайди. Бу давр воқеалари, худди Бобур билан Убайдуллахон ўртасидаги тўқнашувлар “Бобурнома”да ёритилмагани сингари, хотираларда ҳам очиқ қолади. Фақатгина Ҳ.Турсунқулов ўзининг “Ҳаётим қиссаси” китобида қуйидаги фикрларни ёзиб ўтган, холос: “Сув хўжалиги системасида, кейинчалик Тошкентга келиб милицияда ишлаб юрган пайтларимда бир неча йилгача деҳқончиликдан узоқлашишга тўғри келди. Шу вақтларда Тошкентда босмачилар яна пайдо бўлиб қолди. Мени уларга қарши курашишга юбордилар. Ниҳоят, босмачиларнинг қолдиқлари тугатилгандан кейин, мени Тожикистондаги совхозлардан бирига (“НКВД” совхозига.) директор қилиб тайинлашди. У ерга оилам билан кўчиб бордим... Ҳосил ҳам яхши бўлди. Бироқ менинг саломатлигимнинг мазаси қочиб қолди. Врачлар ўз юртимга қайтишимга маслаҳат берди. Оиламни олиб Тошкентга кўчиб кетдим. Аммо Фарғонага бориб, туғилган қишлоғимда ишлашни орзу қилардим”.

Демак, Ҳ. Турсунқулов Фарғона водийсидан ёки Ўзбекистондан 1929 йили сургун қилинмаган. У фақат махсус топшириқ билан аввал Тошкентга милиция сафларига, кейин эса Тожикистонга “босмачилар”га қарши курашга юборилган. Чунки унинг “фаолияти” Фарғона водийсида, хусусан, Водил ва Шоҳимардонда кўпчиликка маълум эди. Кексаларнинг хотирлашларича, Ҳ. Турсунқуловни шунинг учун ҳам Фарғонада кўпчилик ёқтиришмаган.

Хуллас, Ҳамзанинг ўлдирилиши Ўзбекистонда кўплаб фожиали оқибатларни келтириб чиқарди. Шоҳимардон, Водил, Марғилон, Олтиариқ ва шу атрофда яшовчи кўплаб уламолар “шоирнинг ўлими”га алоқадорликда айбланиб, 1929 йил ёзида ноҳақ равишда жазога тортилди. Қатағон қиличи фақат Фарғона водийсидаги уламоларга қарши қаратилмади. Айнан 1929 йилда Бухородаги бир гуруҳ уламолар ва муллалар ҳам Ҳамзанинг ўлдирилишига алоқадор кишилар сифатида қамоққа олинди ва отиб ташланди. Кўпчилик уламолар сургун қилинди. “Бешариқ иши”, “Кармана иши”, “Уламолар иши” каби турли-туман сиёсий ишлар тўқиб чиқарилди ҳамда ўзбек халқининг кўплаб асл фарзандлари совет режими томонидан қатағон қилинди.

Афсуски, Ўзбекистонда сўнгги 100 йил ичида Ҳамзага муносабат бир неча марта ўзгарди. Совет ҳокимияти йилларида ҳам, мустақиллик даврида ҳам айрим маддоҳлар ва мафкурачилар шоирнинг номи ва ишларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб, уни аввалдан тайёрланган маълум бир қолипга солишди. Ўзбек адабиётига жадид шоири сифатида кириб келган, кейинчалик коммунистик мафкурани ўз ихтиёри билан қабул қилган, бироқ миллий шоир сифатида халқ қалбида ва адабиёт тарихида абадий қолган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий фаолияти баъзан илоҳийлаштирилди, баъзан эса унутилди. Давр маддоҳлари гоҳ Ҳамзани улуғлаб кўкларга кўтаришса, тузумлар ўзгаргандан кейин айнан яна уларнинг ўзи буюк шоирни тупроққа қориштирди. Сиёсий доираларда Ҳамзага бўлган муносабат эса ҳозир ҳам мужмал ва мавҳум бўлиб турибди. Ўзбек халқи ўз фарзанди Ҳамза хотираси олдида қачон ҳурматини бажо келтириши ҳам номаълумлигича қолмоқда.


Қаҳрамон РАЖАБОВ,
профессор

“Ҳамза ва XX аср ўзбек адабиёти” китобидан олинди


33 903
ЎзА