ЎзА Ўзбек

20.07.2020 Чоп этиш версияси

Мусиқачиларимиз ютуғи

Мусиқачиларимиз ютуғи

Жорий йилнинг 7-20 июль кунлари "CA AVE MUSICA" Туркия–Россия биринчи халқаро мусиқа танлови ўтказилди.

Унда Ўзбекистонлик мусиқачилар ва ижодий жамоаларнинг ҳам муваффақиятли иштирок этгани эътиборга моликдир. Масофавий тарзда ўтказилган танловга иштирокчилар ўз ижроларидаги дастурларни видеоёзув шаклида юбордилар.

Ҳакамлар ҳайъати хулосаларига кўра, Ўзбекистон давлат филармониясининг «Сўғдиёна» халқ чолғулари камер оркестри танлов Гран-присига муносиб топилди. Шунингдек, ҳамюртларимиз Улуғбек Юнусов (дутор), Бекзод Тўраев (най) якка академик ижрода Гран-прига лойиқ топилди.

Халқаро танловда биринчи ўринни қўлга киритган иштирокчилар сафида Ноила Абдураҳимова (композиция), Абдумажид Қорабоев, Кирилл Чахлов, Инара Гулиева (дирижёрлик) Асалхон Юсупова (скрипка), Муяссархон Фидаева (дутор) каби ўзбекистонлик мусиқачиларнинг борлиги ҳам қувонарлидир.

Бу ютуқ мусиқачиларимиз ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам ижодий изланишдан тўхтамаётганининг яна бир амалий исботидир.

7 690
Н.Усмонова, ЎзА