Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2017 19:47 Чоп этиш версияси

Мусаввирнинг кўнгил кўчкилари

Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми, профессор Рустам Худойберганов “Амир Темур портрети”, “Бобур”, “Жалолиддин Мангуберди”, “Спитамен”, “Тўмарис”, “Феруз портрети” каби тарихий мавзудаги картиналари билан мухлислар эътиборини қозонган истеъдод эгаси. У мамлакатимиз ва хорижда ўтказилган бадиий кўргазмалар иштирокчиси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида маҳобатли рангтасвир йўналиши бўйича таълим олаётган кўплаб ёшларнинг севимли устози ҳамдир.

Мусаввир ижодида монументал, витраж асарлар қаторида обод ва кўркам юрт жамоли, кундан-кунга чирой очиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимиз, меҳнатсевар, фидойи инсонлар, гўзал табиат манзараларини акс эттириш ҳам етакчилик қилади.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан Тошкент Фотосуратлар уйида ташкил этилган рангтасвир устасининг “Юртим жамоли” шахсий кўргазмаси она заминимиз табиати, тоғу тошлар, боғу роғлар, фасллар тароватига бағишланди.

Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент Фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда мусаввирлар, санъатшунослар, ўқитувчилар, талабалар ва журналистлар иштирок этди.

Институт ректори Ҳ.Аминов ва бошқалар рассом Рустам Худойбергановнинг ижодий ва педагоглик фаолияти тасвирий санъат соҳасида муносиб ўрин эгаллаши, у яратган асарлар халқимизнинг бадиий-эстетик дидини юксалтиришда ҳамда ёш мусаввирларнинг истеъдод ва имкониятларини намоён этишида катта аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

– Мусаввир Р.Худойбергановнинг ўй-хаёли, ҳис-ҳаяжони кўчки мисол тасвирга ўтади, – дейди Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби М.Тошмуродов. – Унинг асарларидаги ўзига хослик, бетакрорлик ва тиниқлик ҳам шундан. Бугунги кўргазмага қўйилган ишларида ана шу уйғунлик яққол намоён бўлган. Шу боис улар бир-бирига ўхшамайди. Аксинча, мухлисни ўзига тортади ва ҳайратлантиради.

Кўргазмага муаллифнинг қирқдан ортиқ манзара жанридаги асари тақдим этилган.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
5 010






Все о погоде - Pogoda.uz