ЎзА Ўзбек

02.11.2012 19:21 Чоп этиш версияси

Мусаввир ижодига бағишланди

Ўзбекистон Бадиий академиясида биринчи ўзбек аёл мусаввирларидан Шамсирўй Ҳасанова ижодига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Бадиий академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда “Ўзбектелефильм” давлат унитар корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда рассомлар, санъатшунос олимлар, ёзувчилар, талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида санъатни ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор ёшлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Бу борада тасвирий санъатимиз намояндаларининг ижодий фаолиятини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш муҳим ўрин тутмоқда.

1917 йили Тошкентда таваллуд топган Шамсирўй Ҳасанованинг “Боғбон қиз”, “Қашқар шоираси Мутриба”, “Зебунисо”, “Нодирабегим” каби асарларида бой маънавий меросимиз ва қадриятларимиз ёрқин бўёқларда тасвирланган. У ўзбек тасвирий санъатига натюрморт жанрини олиб кирган, асарларида Шарқ ва Ғарб миниатюра мактаби анъаналарини уйғунлаштирган.

Тадбирда Ш.Ҳасанова хотирасига бағишлаб “Ўзбектелефильм” томонидан яратилган ҳужжатли фильм намойиш этилди.


ЎзА, А.Рашидбеков
9 006