ЎзА Ўзбек

10.05.2019 17:22 Чоп этиш версияси

Мурувват тадбирларида имомлар ибрат кўрсатмоқда

Мурувват тадбирларида имомлар ибрат кўрсатмоқда

Мамлакатимизда муборак Рамазон ойи давом этмоқда. Руҳий ва маънавий покланиш, меҳр-мурувват ойи бўлмиш шу кунларда халқимиз саховат ишларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

– Рамазон – тинчлик элчиси, гўзал ахлоқ ва кишилар бир-бирига меҳр-мурувват кўрсатадиган, эзгу амаллар бажариладиган ой, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакили Зайниддин Эшонқулов. – Муборак ойни муносиб ўтказиш бўйича Президент қарорида ҳам мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш белгиланган. Шундан келиб чиқиб, “Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят филиали, имом-хатиблар ва саховатпеша инсонлар ҳамкорлигида ой давомида бажариладиган хайрли ишлар режаси ишлаб чиқилди. Шу асосда айни пайтда жойларда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб, кўнгли ярим, эҳтиёжманд кишиларга ёрдам бериш, эҳсон қилишнинг савобли амал экани ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Вилоятдаги таровеҳ намози ўқилаётган 285 та масжидда ҳам кундалик суҳбатларда бу жиҳатлар алоҳида эътиборга олинмоқда. Айни пайтда ифторлик маросимларига ҳам кўпроқ аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини таклиф этиш, бу тадбирларни камхарж, ихчам ўтказишни тарғиб қилаяпмиз. Бу эзгу ишларда, аввало, имом-хатиблар шахсий намуна кўрсатиб, бош бўлмоқда. Улар маҳалла фаоллари, тадбиркор ва саховатпеша инсонлар билан бирга эҳтиёжманд оилалар, кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олмоқда.

photo5375417696163834544.jpg

Самарқанд шаҳар “Хўжа Абду Дарун” жоме масжиди жамоаси ва саховатли кишилар ушбу қутлуғ кунларда шаҳардаги 1-Меҳрибонлик уйига бориб, тарбияланувчилардан ҳол сўради. Уларни Рамазон билан қутлаб, бу ойнинг шукуҳи ва фазилати ҳақида сўзлаб берди. Муассаса тарбияланувчиларига озиқ-овқат маҳсулотлари, 200 дан зиёд бадиий ва илмий китоблар туҳфа қилинди.

– Етимларга яхши қараш ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан бири, – дейди “Хўжа Абду Дарун” жоме масжиди имом хатиби З.Маҳмудов. – Уларга таом, кийим-кечак, таълим-тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шунинг учун ҳам исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Қуръони каримда етимнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, унга мурувватли бўлиш ҳақида бир қанча оятлар бор. Ушбу муборак кунларда халқимиз бунинг аҳамиятини теран англаб етса нафақат савоб амаллар кўпаяди, балки жамият учун ҳам ниҳоятда фойдали иш бўлади.

Мурувват ишлари билан бирга вилоятдаги муқаддас зиёратгоҳлар, қабристонларда маҳалла аҳли томонидан ободонлаштириш юмушлари бажарилмоқда.

photo5375446596998769291.jpg

photo5375446596998769292.jpg

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА
2 433