ЎзА Ўзбек

11.02.2019 Чоп этиш версияси

Мураккаб ва жозибали санъат​

Мураккаб ва жозибали санъат​

Цирк ўта мураккаб, айни пайтда жозибали, гўзал ва мафтункор санъат туридир. Цирк санъати усталарининг ботир ва қўрқмаслиги, эпчил ва чаққонлиги, уларнинг айрим кўз илғамас ва мукаммал ҳаракатлари болалигимизданоқ бизни ҳайратлантириб келади. Ҳавода гимнастика кўрсатиш, баланд дорда юриш, оғир тошларни кўтара олиш, ҳайвонлар билан ишлашнинг ўзи бўлмаса керак.

– Бунинг учун қобилият, энг муҳими, иштиёқ ва фидойилик керак, – дейди “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси бош маъмури Мирҳосил Тўрабеков. – Цирк санъатининг бошқа санъатлардан фарқи яна шундаки, бу ерда драматургия йўқ. Ҳар бир цирк артисти ижро этадиган трюкларини, томоша дастурларини ўзи яратади, ўзи тайёрлайди.

21.jpg

18.jpg

Ҳаким ота Зарипов машҳур Зариповлар сулоласи вакили. Бир вақтлар моҳир чавандоз бўлган, ҳатто хорижликларни ҳайратга солган, чет элларда-да мириқиб иқтидорини кўрсата олган, ҳаётини цирк санъатига бағишлаган, умрини циркда ўтказаётган фидойи инсон. Қарийб 90 йилдирки, ушбу соҳада тер тўкиб меҳнат қилмоқда. Ҳайвонларга бор меҳрини бериб, томошабинларга қувонч ва ҳайрат улашмоқда. Мана, ҳозир ҳам табаррук 95 ёшда ҳар тонг қуёш бош кўтармасиданоқ цирк томон ошиқади. Бироз кеч қолгудек бўлса, уни ҳатто жониворлар – отлар ҳам соғиниб қолади. Гапниям оласиз-да, дерсиз. Рост. Бунда ҳеч муболаға, бўрттириш йўқ. Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил қилинган пресс-тур доирасида циркнинг артист жониворлари, уларнинг яшаш шароитлари билан танишар эканмиз, инсон ва ҳайвонот олами ўртасидаги дўстлик ришталарига гувоҳ бўлдик. Айниқса, бир қафасда сақланаётган бўри ва қўй кўпчиликни ҳайратга солди.

– Бўрини қўлга, айниқса, саҳнага ўргатиш осон иш эмас, – дейди цирк ходими Акмал Абдуллаев. – Дунё тажрибасида ҳам бу амалиётнинг қийинлиги айтилади. Шундай экан, камёб ҳодиса саналган ушбу қўй ва бўрини бир дастурга мослаштира олганимиз бизнинг ютуғимиз. Бу иккала ҳайвон ёшлигидан бирга катта бўлгани боис, улар иноқ: бўри қўйни еб қўймайди. Шундай бўлса-да, улар доимий назоратимизда.

8.jpg

“Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси раҳбари Рустам Мажидов таъкидлаганидек, жорий йил муассаса фаолиятида самарали бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 январдаги “Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Маданият вазирлиги томонидан махсус дастур ишлаб чиқилган. Унга кўра, мавжуд цирк биноси тўлиқ реконструкция қилинади. Моддий-техник базаси мустаҳкамланади. Дастурлар ранг-баранглиги оширилади.

Миллий цирк санъатимизни ривожлантиришда халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда амалиётга жорий этиш, хорижий давлатлар билан тажриба алмашишга эҳтиёж бор. Цирк ходимларининг қўшни давлатларга, жумладан, яқинда Россияга бориб малака ошириб келиши ҳам хайрли ишлар дебочасидир. Негаки, бизда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган мураккаб ва қизиқарли бўлган цирк санъатининг ҳақиқий усталари кўп. Уларга бироз эътибор ва рағбат бўлса, кифоя. Отабек Ҳусинов салкам ўн йилдан бери циркнинг артист ҳайвонларини парваришлайди. Ҳайвонларни саҳнага ўргатади. Кези келганда, ўзи ҳам томошабинлар қаршисида чиқиш қилади. Ушбу муассаса ҳайвон ўйнатувчиси – турмуш ўртоғи Танзилла Ҳусиновани доим қўллаб-қувватлайди. Унга энг яқин ҳамкасб ва маслакдошдир.

2.jpg

Саёҳатимиз давомида муассаса фаолияти ва келгуси режалари ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлдик. Шарт-шароитлар билан танишдик. Сўнгги пайтларда асосан муаммолари билан тез-тез тилга тушган давлат цирки ҳақидаги тасаввурларимиз ҳаминқадар ўзгарди. Айни пайтда соҳада қилиниши лозим бўлган ишлар, миллий цирк санъатини янада ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли камчиликлар ҳам мавжуд экан. Охирги йилларда томошалар сони камайгани фикримизнинг тасдиғидир. Бунга йиллар давомида цирк бошқарув тизимининг қониқарсиз ташкил этилгани, шунингдек, дастурлар ва томошаларнинг бадиий савияси кескин пасайиб, профессионал мутахассисларнинг чет элларга чиқиб кетгани ва шунга ўхшаш яна бир қанча омилларни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

1.jpg

Эсингизда бўлса, мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган «Дельфинлар шоуси» билан боғлиқ турли гап-сўзлар болалаганди. Чипталар сотилганига қарамай, мазкур шоу объектив ва субъектив сабабларга кўра, бир неча бор ортга сурилиб, томошалар кечиктирилганди. 2018 йил 2 декабрь куни дельфинларнинг Тошкентга етиб келиши ва томошаларнинг бошланиши ниҳоят турли гап-сўзларга, шов-шувларга нуқта қўйганди.

Пресс-тур иштирокчилари айни кунларда намойиш қилинаётган «Дельфинлар шоуси» кўнгилочар томошалари билан ҳам таништирилди.

– Томошалар учун циркда барча шароит тайёрланган, – дейди Маданият вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева. – «Дельфинлар шоуси»да денгиз жониворлари: 3 та дельфин, 2 та денгиз мушуги ва битта денгиз шери ёрдамида 50 га яқин томоша кўрсатилмоқда. Украинадан махсус самолётда катта қийинчиликлар билан олиб келинган денгиз жониворлари иштирокидаги дастурлар халқимизга, айниқса, болажонларга манзур бўлмоқда, олам-олам завқ улашмоқда.

Саёҳатимиз ниҳоялар экан, беихтиёр кўз ўнгимда олис болалик хотираларим гавдаланади: акамнинг урушқоқ хўрози, қўшнимиз Аҳмад тоғанинг мусобақаларда доим ғолиб бўлувчи қўчқори, амакимнинг ҳовлимиз узра учиб юрувчи қўлга ўргатилган кабутарлари, бедана ва тўтиқушлари... Улар иштирокидаги томошалар... Наврўз байрамлари, тўй ва сайиллардаги дорбозлар чиқишлари... Назаримда, цирк санъатининг энг содда ва жўн, завқли кўринишлари эди улар.

7 838
Моҳигул ҚОСИМОВА, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА