ЎзА Ўзбек

06.09.2019 Чоп этиш версияси

Муаммоларга кўзгу тутган спектакль

Муаммоларга кўзгу тутган спектакль

Пойтахтимизда Ўзбекистон давлат драма театри ўзининг янги 51-ижодий мавсумини бошлади.

Шу муносабат билан театр биносига кенг жамоатчилик вакиллари, театр мухлислари, талаба-ёшлар таклиф этилди.

Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси раиси Ёқуб Аҳмедов, Маданият вазирлигининг Театрларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Муқаддас Аҳмаджонова, Ўзбекистон давлат драма театри директори Баҳром Усмонов мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, халқимиз учун энг сара ва бадиий жиҳатдан мукаммал спектаклларни тақдим этиш борасида давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар соҳа фидойилари зиммасига ҳам улкан масъулият юклаётганини таъкидлади.

– Бу саҳна шунчаки оддий саҳна эмас, – деди таниқли режиссёр Олимжон Салимов. – Миллий театримиз асосларини яратишда муҳим ҳисса қўшган инсонларнинг қадам излари ушбу муқаддас саҳнага муҳрланган. Шу боис ҳам бундай мўътабар масканда бадиий мукаммал асарларни томошабинларга тақдим этишга астойдил интиламиз.

Дарҳақиқат, мазкур ижодий жамоа томонидан тайёрланган спектакллар ўзининг пухта бадиий ечими, юксак ижро маҳорати боис мамлакатимиздаги бир қатор ижодий танлов ва фестиваллар билан бирга хорижий давлатлардаги халқаро театр байрамларида, ижодий ҳафталикларда, лойиҳаларда юқори баҳоланган.

Янги мавсум адиб Шароф Бошбековнинг “Ер барибир айланаверади“ асари асосидаги спектакль билан бошланди. Ш.Бошбековнинг ўзига хос ижодий ёндашуви, маҳорати томошабинларни бир лаҳза бўлса-да, асар воқеаларидан фикран чалғишга йўл қўймади. Адибнинг услуби ушбу спектакль давомида ҳам намоён бўлади, яъни, ўткир ижтимоий муаммоларни дадил кўрсатиш, унинг илдизию сабаблари ҳақида мулоҳаза юритиш, хулоса чиқаришни эса томошабинларга ҳавола этилиши асар янада қизиқарли, мушоҳадага бойлигини таъминлаган. Коррупция, одамлар тақдирига бефарқлик, ишга панжа ортидан қараш каби иллатлар билан бирга, оддий одамларнинг ҳаддан зиёд ношудлиги, юзхотирчиликка берилгани, ўз ҳақини талаб эта билмаслиги, айримларнинг эса калтабинлиги жамиятдаги турли қусурларнинг янада авж олишига замин яратаётгани баъзан драматик, баъзан эса юмор воситасида очиб берилгани эътиборга молик.

Спектакль Олимжон Салимов томонидан саҳналаштирилган. Саҳна безакларини театр рассоми Сергей Чуфарнов ишлаган. Асосий ролларни Баҳодир Мирмахсудов, Илҳом Бердиев, Элёр Носиров, Рустам Аҳмедов, Тамара Мирмахсудова каби актёрлар ижро этган.

4 223
Назокат УСМОНОВА, ЎзА