ЎзА Ўзбек

07.03.2019 Чоп этиш версияси

Муқимий театри неча ёшда?

Муқимий театри неча ёшда?

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ўтган асрда энг номи чиққан санъат даргоҳларидан бири бўлиб, Бешёғочга фикр жоиз бўлса, одамлар кўнглини иситиш учун тошқин дарёдай оқардилар.

Кўринишдан ихчаму аммо ичида ҳаёт қайнаган даргоҳлардан бири бўлмиш театрда “Тоҳир ва Зуҳра” спектаклидаги Маҳмуджон Ғафуровни, “Тошболта ошиқ”даги Соиб Хўжаевни кўриш учун олис сарҳадлардан мухлислар келарди. Кўплаб китоб ва мақолаларда Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик драма театрида “Отелло” спектакли саҳналаштирилгандан сўнг Аброр Ҳидоят яратган маврни кўриш учун чипта тополмаган мухлислар бир неча марта дарвозани синдириб ичкарига киранлиги ҳикоя қилинган. Муқимий номидаги театрда ҳам ана шундай воқеалар кўп бора содир бўлганлиги тўғрисида хўб ёзилган.

Энди икки оғиз сўз ушбу театрнинг очилиши ҳақида.

Ўтган асрда театршунослардан чиққан илк академик, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Мамажон Раҳмонов манбаларга таяниб, театрларимиз тарихи эрамиздан аввалги 3000 йилликка бориб тақалишини таъкидлаган. Бунда Олтинтепа ёки Туронга келган чин сайёҳларининг ёзма хотираларидан олинган иқтибослар асқотган. Айниқса, мусиқали драма жанрининг хамиртуруши қадимги даврларга оидлиги ҳақидаги иддао ўринлидир.

Бу йил Муқимий театри расман очилганига 80 йил тўлади. Бундай синчиклаб қарасангиз, Андижон, Фарғона, Наманган, Марғилон мусиқали драма театрлари юз йиллар аввал очилгану аммо ХХ аср бошларидаёқ минтақанинг маданий пойтахтга айланган Тошкентда театр жуда кеч пайдо бўлган эканда деган янглиш фикр туғилади. Чунки ХIХ асрнинг сўнгги чорагида Боку, Қозон ва Уфадан келган труппалар Тошкент шаҳрида спектакллар кўрсатган, бул кент театрчилик борасида энг қайнаган марказга айланиб, унда ўнлаб профессионал ва ҳаваскорлик театрлари ишлаган. Янги аср бошидаёқ бўлғуси пойтахт аҳлида театрга тушиш, руҳий озуқа олиш кўникмаси пайдо бўлган. Ҳамзанинг “Фарғона”, Маннон Уйғурнинг “Турон” труппалари ўзаро мусобақалашиб, нафақат ўзбек драматурглари, ҳатто хорижий муаллифларнинг, айниқса, машҳур озарбайжон драматурги Ҳусайн Жовиднинг кўплаб пьесаларини саҳнага қўйган.

1919 йилда “Фарғона” ва “Турон” труппалари бирлаштирилиб, Карл Маркс номидаги театрга айлантирилади. Ушбу театрда драма ва мусиқали драмалар саҳналаштирилади. Кейинчалик мазкур театр, яъни бўлғуси академик Ҳамза номидаги театр кўпроқ драма саҳналаштиришга ихтисослашаётганлиги учун салоҳияти мусиқали драмага мослашган актёрлар ажралиб чиқиб, Тошкент шаҳрининг ўзида учта мусиқали давлат театри иш бошлайди.

1939 йилда янги мусиқали драма ва комедия театри очишга киришилади. 1940 йилда бу театрни буюк шоир Муқимий номи билан аташ ҳақида қарор чиқади. Илк спектаклни саҳналаштириш учун таклиф қилинган Ҳамза номидаги академик драма театрининг режиссёри М.Мироқилов томонидан Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида тайёрланган Ҳамзанинг “Майсаранинг иши” мусиқали комедияси премьераси билан 1940 йил 30 ноябрда театр ўз бағрига биринчи бор томошабинларни чорлади. Майсара ролини Ҳамза театрида фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон халқ артистлари Марьям Ёқубова ва Марьям Кузнецова ижро этган эдилар. Ўша пайтда драматик театрлар саноқли бўлиб, вилоятларнинг кўпчилигида давлат мусиқали драма театрлари мавжуд эди. Шунинг учун ҳам 1941 йили янги театрга бадиий раҳбар қилиб, Андижон вилояти мусиқали драма ва комедия театрида қизғин фаолият юритаётган Ўзбекистон халқ артисти, таниқли композитор Тўхтасин Жалилов тайинланади. У Андижон, Наманган, Фарғона мусиқали драма ва комедия театрларидан кўплаб шогирдларини ўзи билан олиб келади. Таниқли санъаткор Лутфихоним ая Саримсоқова ҳам Муқимий театрига таклиф қилинади. Шу йили Собир Абдулла пьесаси, Т.Жалилов мусиқаси асосидаги “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали драмаси саҳналаштирилади ва бу спектакль театрнинг ташриф қоғозига айланади.

1964 йили Москванинг “Советская энциклопедия” нашриётида чоп этилган кўп жилдли “Театральная энциклопедия” китобининг 3-жилди 1000-бетида “Муқимий номидаги театр миллий мусиқали драматик асарлар жанрининг ижодий лабораториясидир” деган эътироф мавжуд.

Ҳақиқатан ҳам мазкур ижод масканида илк бор саҳналаштирилган, бадиий жиҳатдан пухта пиширилган мусиқали драма ва комедиялар нафақат вилоят театрлари, балки қўшни давлат театрларида ҳам саҳналаштириларди. Муқимий театрида саҳнага қўйилган Ҳамзанинг “Майсаранинг иши” комедияси, “Паранжи сирлари” мусиқали драмаси Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон театрларида саҳналаштирилган бўлса, мазкур театр тандирида дастлаб тобланган Исфандиёрнинг “Ишонамасанг, ўламан” мусиқали комедияси Россия, Қозоғистон, Украина, Беларусь, Татаристон, Бошқирдистонда саҳна юзини кўрган.

Агар Ўзбекистон миллий академик театрида Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” 1500 марта намойиш қилинган бўлса, Муқимий театрида Ҳамид Ғулом, Манас Левиевнинг “Тошболта ошиқ” мусиқали комедияси 1700 марта ўйналган. Ҳозирча рекорд “Ёш гвардия” театрида (ҳозирги ўзбек давлат драма театри) Исфандиёрнинг “Отасининг қизи” комедияси томонида бўлиб, бу йил мазкур спектакль Бахтиёр Ихтиёров томонидан саҳналаштирилганига 35 йил тўлган бўлса-да ҳали-ҳануз саҳнадан тушгани йўқ ва яқинда 3000 марта ўйналади. Буни “Гиннеснинг рекордлар китоби”га тавсия қилиш мумкин. Чунки, мен бир театршунос сифатида Ғарб театрларида бир пьесанинг бир марта саҳналаштирилгани бўйича 2000 марта ўйналгани ҳақида ўқиганман, аммо 3000 рақамига кўзим тушмаган ёки эшитмаганман.

Сўнгги икки-уч йил ичида театрда таъмирлаш ишлари олиб борилди. Аммо неча миллиард сўм маблағ сарфланганига қарамасдан иш ҳали ниҳоясига етгани йўқ. Театр жамоаси эса янги спектакллар яратиш иштиёқи билан яшамоқда. Шу ўринда, мазкур соҳага доир икки-учта таклифим бор эди. Биринчиси шуки, Президентимиз қарори билан маданият муассасаларида ишловчи ходимларнинг маоши 45 фоизга оширилди. Аммо кўмакчи таркиб, саҳна ишчилари ва бошқа хизмат кўрсатувчилар маоши ўша-ўшалигича қолди. Ваҳоланки, қарорда рўйхатга кирмай қолган ходимларнинг маошини ошириш учун бир ой ичида Вазирлар Маҳкамасига тегишли вазирлик томонидан таклиф киритилсин, дейилган эди. Аммо назаримда ҳали-ҳануз бундай қилинганича йўқ. 

Бундан ташқари, Президентимиз иқтидорли ёшлар Тошкент шаҳрида доимий руйхатдан ўтишларини осонлаштириш ҳақида қайта-қайта қайд этаётган бўлсалар-да 2016 йили 10 ходим руйхатдан ўтгани бўйича 30 йиллардан буён бу театрда ишлаётганлар, иқтидорли ижодкорлар бир неча марта юқори ташкилотга мактублар оқимини йўллаётган бўлсакда, муаммо ижобий ҳал бўлганича йўқ. Ҳолбуки мазкур театрда юртимизнинг турли вилоятларидан келганлар фаолият кўрсатади. Уларнинг тўлақонли ижод қилишлари, поликлиникага бириктирилишлари учун доимий руйхатдан ўтказиш жуда ҳам муҳимдир.

Ўтган йили Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида қўшни Қирғизистон Республикасининг Норин вилояти академик мусиқали театри гастроль ўтказди. Ўшанда 50 киши фаолият кўрсатаётган вилоят театрида академик унвони бўлгани ҳолда 270 киши ишлайдиган бизнинг театримизнинг мақоми анчайин пастроқ эканлигидан кўпчилик ўкинди.

Демоқчи бўлганим – Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри номини “Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали драма ва комедия театри” дея ўзгартирилса ва 1919 йил очилган Карл Маркс труппаси санасига мувофиқ, 2019 йил кузда мазкур театрнинг 100 йиллик юбилейи нишонланса, ўзбек анъанавий санъатига алоҳида эҳтиром кўрсатилган бўларди.

Тўра Мирзо,
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театр адабий эмакдоши

6 424
ЎзА