ЎзА Ўзбек

10.02.2019 13:00 Чоп этиш версияси

Муҳаббатни соғинаман мен тунда...

Муҳаббатни соғинаман мен тунда...
90-ЙИЛЛАР ЎЗБЕК ЭССЕЧИЛИГИ ТУРКУМИДАН...

fadfb248-2646-4d24-84e7-07016d6bcfca.jpgЎрол Содиқ 1970 йил Самарқанд вилояти Нурота тумани (ҳозирги Навоий)да туғилган. Адабий-танқидий, бадиий ва публицистик асар ва мақолалари республика матбуотида мунтазам чоп этиб турилади.


Эссе

"Тун... Атрофдагилар ухлаяпти. Сен эса бедорсан, ғафлатда ётганларга посбондайсан гўё... Бедорлигинг недан, нега мижжа қоқмайсан? Ахир кимдир биров посбонликда туриши шарт дейилган-ку, кимдир бедор бўлмоғи керак!"

Ф. КАФКА

I

Гоҳида одамда ғалати ҳиссиётлар пайдо бўлади. Негадир қилаётган ишларингдан кўнглинг тўлмай, ўзингдан хафа бўлиб кетасан. Бирор одамнинг вафот этганини эшитсанг ўнғайсизланиб қоласан, ўзингни қандайдир такаббурлик қилиб тирик юргандай ҳис этасан. Азага бориб қолгудай бўлсанг гўё ҳамма сени қўли билан нуқиб кўрсатаётгандек, “тирик қолиб нима иш битирасан”, деяётгандек туюлади. Ҳақиқатан ҳам сен тириклигингда нима иш битирасан, тирик юриб сиқилаётган одам?! Сенингча тириклик — тирикчиликми ёки сен ҳам Чилилик мусаввирга ўхшаб ўлмай туриб ўзингни даҳо дея сазойи қилишга бел боғладингми?.. Тўғри сениям тушуниш керак, ахир, бу дунёда ҳеч ким мангу эмас! “Хотиранг дилларда мангу жаранглайди”, деган ибора ёлғон...

...Буни қайсидир одам жони узилаётган яқинига раҳми келиб, уни ўкситмаслик учун айтган — осилиб келаётган жағини бу юмшоқ ёлғон билан танғиб қўйгандир. Қайдам... ахир, ҳисоблаб кўр, одамзод пайдо бўлгунича неча юз асрлар ўтди. Шундан қолган бўлса мингта, нари борса юз мингтача одам боласи “яшаб” қолди. Қолганлари изсиз, ном-нишонсиз кетди-ку. Сен бўлсанг “бирор-бир буюк иш қилолмагач, ҳеч бўлмаса тарихий шахс тақдирига тақдирим эш ҳам бўлмаган экан-да”, дея умидсизланасан, Клеопатра Антониога хотин бўлмаганда ундан тарихда ном-нишон қолмасди, деб ўчакишасан. Сен қаёқдан биласан, балки, Антонио атрофидаги шон-шуҳрат, унинг шахсидаги абадийликни Клеопатра туққандир…

Ўйлайманки, ташқи туртки бирламчи эмас. Ақлимиз етмайдиган недир бор бу ерда. Лекин нима у?.. Бу тасодифнинг оти нима... Нимадир қилиш керак. Нимадир... Лекин нима?.. Балки ўлмас асарлар яратиш, нодир мусиқа ижод этиш, балки бўйнига тўрва илиб, олис тоғ чўққилари томон кетмоқ керакдир. Ҳар ҳолда шу-да яхши. Йўқса не маъно бор ивирсиб... кун кўришдан. Дарвоқе, кун ўтади.Кунлар ўтаверади ажинлар солиб. Ҳар битта ажин битта сиртмоқ, бир куни йиқитади у... Ҳар қандай одам “мен ўлимдан қўрқмайман”, деб кеккайиши мумкин. Бунга унинг ҳаққи бор. Лекин у ёлғиз қолганда кузатинг, ўкириб юборай дейди. Ўкирмаслик аҳмоқликнинг белгисидир. “Худолар Сизифни мангу уқубатга маҳкум этган эдилар”, деб ёзади Камю. Яъни Сизиф баланд тепаликка улкан харсанг тошни думалатиб чиқиш масъулиятини олган эди. У қанчалик уринмасин? зўрға обчиққан тоши ўз оғирлиги билан яна пастга думалайди. У яна олиб чиқади, яна думалайди. Яна... яна... яна... Сиз Сизифнинг мингинчи уринишидан кейинги ҳолатини тасаввур эта оласизми? Тош бўп кетган тана, тошга қапишиб қолган тунд чеҳра, танадан дувиллаб оқаётган тер ва чақнаб турган кўздаги ишонч шуъласи...

Мангуликка интилиш Сизифнинг бесамар уринишларига ўхшайди. Лекин барибир ивирсиб юриш ёмон. Сен фикрлайсан. Чалқанча ётиб чексиз самога кўз тикиб хўрсинасан. Лекин Нютонга ўхшаб чексиз коинотда ўзингнинг кичик бир заррачадай эканлигингни сезсангда ўзингдан нафратланмайсан. Сен Нютондан нафратланасан, негаки, Нютон буюк зот. Унинг бутун инсонлар дастуриламал қиладиган қонунлари бор. Сен эса ҳеч ким эмассан...

Қолаверса. Бу дунёи азимда тасодифнинг ўзи йўқ....

Умидсизлик одамни жоҳил қилмайди, балки тарбиялайди. Умидсизлик — содир бўлиш мумкин бўлган барча фожиаларга қарши “бадантарбия”дир. Чунки умид — ноқобиллик белгиси. Яъни тамаъдир... Ғалати тамаъ. Гоҳида одам ҳеч кимда йўқ бўлган хислатларни ўзида мужассамлаштиришни истайди ва шу қадар тентакларча тиришадики... Буюклик яратилмайди, у Аллоҳнинг неъматидир. Дунёдаги энг буюк ишонч — Яратганнинг ягоналиги ва қудратининг бемисллигига бўлган ишончдир...

II

... Қисман қийин ҳолатлар кечади ҳаётда, ҳатто у кулгили ҳам туюлади баъзан. Лекин кулмайсан. Ёлғиз ўтириб кулиш, яна ўз туйғуларингдан, ғалати... қўрқасан. Кулиб юборсанг қаҳ-қаҳанг бетон деворларга урилиб, устингга ёпирилади. Шуларни ўйлаб суякларинг қисирлаб кетади... Ўзингни тиясан. Лаб-лунжингни йиғиштириб, хомуш, китобга термиласан. Қўққисдан “Муҳаббат майда нарса”, деган ўй хаёлингга келади. Яхшиси унга яқинлашмаган маъқул, деб ўйлайсан ўзингча. Лекин юрагингда мунис бир соғинч пайдо бўлади. Сенга бўйсунмаган даҳрий бир соғинч. Унинг бошига урсанг юқорига сапчийди. Сен эса уни истамайсан. Ҳатто хоҳламайсан ҳам. У бўлса душман айғоқчисига ўхшаб пусиб келаверади. Сим тўрларни қирқиб ўтиб тобора, тобора яқинлашади. “У ўлган, энди йўқ у. Сен нега келяпсан”, дейсан юрагинг тўлиб. У бўлса индамайди. Судралиб келаверади. Тили йўқ унинг, гапиролмайди у... Одам соғинаётганда фикр ўлади, дейиш табиий эмас. Ўша пайт ҳеч бўлмаганда унинг қаршисида сиймо туради. У сиймони ўқий бошлайди. Соғина бошлайди... Соғинч — энг улуғ фикрдир. Ҳатто у ғоям бўлиши мумкин. Шаклсиз, айтиб ва ифода қилиб бўлмайдиган ғоя...

III

Уни яхши кўриб қолганимда неча ёшларда эдим, эслай олмайман. Бунинг нима аҳамияти бор... Узун-узун киприкларини пирпиратиб турарди. Кейин бирга айланардик. Боғларни... изтироб чекарди бечора. У фаришта эмас эди, қанотлари йўқ эди унинг. Ҳимоясиз, одамнинг раҳмини келтирадиган даражада дилозор эди у. Мен қаёқдан билай... Энди бутун умр азоблансам керак, деб ўйлайман. Одам журъатли бўлиши керак экан, дейман энди-энди. Ўша маҳаллар бунга фаҳмим етмаганми, мангу яшайман деб ўйламаганманми, ҳарқалай айтмаганман. Айтилиши лозим бўлган гапни чўзиб келганман. Янглишмасам атайлаб шундай қилганман. У даврлар бодом гулларига ҳавасманд эдим.

Нуротада бодом ҳамалда гулга киради. Ҳамма ёқ оппоқ бўлиб гулга бурканади. Шундай пайтда бир умр тоғларда қолиб кетгинг келади. Шуларга маҳлиё бўлиб ҳаммасини унутиш кўп кўргиликлар келтирди. Хусусан, у жуда эрта ўлиб кетди. Айтмасдан. Уялиб, қимтиниб ўлиб кетди. Унинг мунис изтироблари билан яшаш қанчалик оғир ва ёқимли.. У ҳамма нарсадан қочиб кетди. Шон-шавкатдан, бахтдан, ғазабдан, муҳаббатдан. Дарвоқе, у гўзал ўлим топди. У мендай ўз умрини турмушнинг шамолига совурмади. Икир-чикирларга ўралашмади ва соф ҳаёт кечирди. Мен уни қаттиқ севаман, фахрланаман ва зимдан уяламан...А. Камю: “...Бундай ҳаёт яшашга арзимайди”, деб ёзади. Лекин қандай ҳаёт муносиб. Одамлар қандай ҳаёт билан ўз умрларини гулчамбарга буркайдилар. Бир умр мол-дунё кетидан қувиб, ҳаром-хариш йўллар билан фароғат туйиб, қорин тўйдириб, кекириш арзийдими яшашга. Буни қандай тушунмоқ керак? Ақлнинг аҳамияти қандай бу ерда? Яшашга арзийдиган ҳаёт қуришни ақл-идроқ уддалай оладими?! “Ақл-идрок ҳеч қачон эзгулик билан ёвузликни аниқлаб беришга, лоақал унисини бунисидан тахминан фарқлаб беришга ҳам қодир бўлмаган; аксинча, доимо ҳар икки тушунчани шармандаларча бўтқага айлантирган. Бу борада чала фан жуда қовун туширган. Чала фан инсоният учун ўлатдан, очлик ва урушдан-да хавфли кушанда”, деган эди Достоевский.

Унда ақлли бўлишга тиришмоқ нега? Бу бачканалик Сизифнинг ибратомуз ҳалокатини эслатмайдими сизга?” Қўлингизни соябон қилиб қаранг, қанча сизифчилар тепаликка харсанг думалатиш билан овора. Ҳей, десангизам, ҳой, десангизам эшитмайди. Яшаш шу деб ўйлайди, ҳаёт аччиқ бўлса-да мароқли, деб фикрлайди. Атроф билан иши йўқ. Мушаклари ялтираб тиришгани, тиришган. Миллион йил бўлди бунга, юз миллион йил бўлди бунга, тиришгани тиришган...

IV

... Кечаси ҳамма нарса яхши кўринади. Аниқ — бурнингнинг устида тургандек. Яхшилаб тикилсанг ёнгинангдан ўрмалаб ўтаётган чумолининг кўзиниям кўришинг мумкин. Кейин, тунда одам бир қадар шахсийлашади. Кун бўйи танасига ёпишган шовқину ташвишни, турқидаги нотабиийликни, тилидаги “олтин” қопламани кийимига қўшиб ечиб ташлайди. Шундай паллада мен ҳам доим олис болалигимга қараб кетаман. Мен у билан эринмай суҳбатлашаман. Ҳатто турли ўйинлар ўйнайман. Шу пайт телефон жиринглайди. Ҳаёлим бўлинади. Қўнғироқ телефонга чорлайди. Менинг эса юрагим бетламайди. Чунки, гўшакни менинг кўйлагим ёки шимим, нари борса галстугим кўтариб турган бўлади... Шунинг учун мен тунни соғинаман. Қани эди борлиқ, тундай сеҳрли бўлса деб, орзу қиламан. Шундай эврилиш кутаман. Севгилим билан сокин гулзор қўйнида самимий суҳбатлашиш лаззатини орзу қиламан. Ҳеч нарса — урф-удум, одат, тамойил ва бир-бирига ўхшаган кунлар нуқси урмаган муҳаббатни соғинаман мен тунда...

Ўрол Содиқ,
1993 йил. “ЎзАС”

ЎзА
12 589