Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2018 18:00 Чоп этиш версияси

Мозий шуъласи. “Ким етар мақсадга, ҳар ким бўлса ул бедорроқ”

Мозий шуъласи. “Ким етар мақсадга, ҳар ким бўлса ул бедорроқ”
“Бобур” номидаги халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабоев билан суҳбат!

— Зокиржон ака, Бобур номли халқаро жамоат фонди қошида ташкил этилган илмий экспедиция дунё давлатлари бўйлаб кўплаб сафарлар уюштирди. Айтиш жоизки, таҳсинга лойиқ ишларни ҳам амалга оширди. Экспедиция раҳбари сифатида кўнглингиз тўлган, қилинган ишлар ҳақида баъзи маълумотларни айтиб ўтсангиз? 

— Бобур номидаги Халқаро илмий экспедициямизнинг илк сайёҳати 1992 йилнинг 19 майидан 15 июнигача давом этган. Экспедициямиз таркибида 14 киши бўлиб, автомобилда 18 минг километрдан зиёд йўл босганмиз. Андижондан бошланган сафаримиз, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Хожа Аҳрор, Баҳоуддин Нақшбанд ҳамда бошқа улуғ азиз авлиёларни зиёрат қилиб, Туркманистон ва Эрон орқали Саудия Арабистони ҳудудига ўтиб, Жидда, Макка, Мадина, Арриёд шаҳарларига қадар давом этган. Ушбу шаҳарлардаги Қуръон музейларидан Бобур хатида битилган Қуръонни излаганмиз. Айни кунларга қадар ҳам буюк зотнинг қадамжолари бўйлаб бир неча бор илмий экспедициялар амалга оширилди. 

Жануби Шарқий Осиё, Форс кўрфази ва яқин Шарқ минтақасидаги бир неча мамлакатлардан Бобур Мирзо ҳаёти ва фаолиятига оид илмий далил ва материаллар, бадиий илмий асарлар, ноёб ёдгорликларни ватанимизга олиб келишга эришдик. 25 йилдирки, экспедиция бир қанча эзгу, хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда. Шу йиллар мобайнида буюк аждодларимиздан қолган бебаҳо ёдгорликлар, хорижий мамлакатларда сақланаётган, бой илмий маданий меросларни тўплашда бир қанча сезиларли ишлар қилинди. Экспедициянинг ўнлаб сафарлари самараси сифатида “Бобур ва Жаҳон маданияти” музейини ташкил қилишга эришдик. Бу ерда 500дан ортиқ ноёб қўлёзма асарлар ва ноёб китоблар сақланиб келинмоқда. Биз шу давр мобайнида 30 дан ортиқ видео ва ҳужжатли фильмлар яратдик. Ҳаммаси халқимизга марказий, маҳаллий телевидениелар орқали намойиш этилиб келинмоқда. 

Бобурнинг ҳаёти, ижоди билан чамбарчас боғлиқ ноёб асарларни ҳам Ўзбекистонга олиб келиб, илмий истеъмолга киритдик. Масалан, Ҳайдарободдаги Саларжанг музейида сақланаётган қадимий ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома”нинг асл нусхасининг иккинчи кўчирманусхасини олиб келишга мушарраф бўлдик. 

Шунингдек, “Куллиёти Бобур” танланган асарларини Эрондан олиб келишга эришдик. Буюк бобокалонимиз “Хати Бобурий” номи билан машҳур Қуръони Каримни кўчириб, Мадинаи Мунавварага юборган. Экспедициямиз 10 йил давомида бу улуғ меросни излаб топди ва Эрон давлати билан келишилган ҳолда ушбу асарнинг нусхасини ҳам “Бобур ва жаҳон маданияти музейига олиб келдик. Олимларимиз бундан ҳам баҳоли-қудрат фойдаланишаяпти.

— Келгусида қандай эзгу ишларни режалаштиргансизлар?

— Асосий ишларимиздан яна бирини айтиб ўтишни жуда ҳам истайман. Юртимиз буюк алломаларга бешик бўлган табаррук маскан. Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Ал Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Ал-Форобий ва Навоий, Бобурга қадар. 

Бобокалонларимиз яратган асарлари билан бутун жаҳонни ларзага солган ва солаяпти. Биз шу пайтга қадар уларнинг тақдир тақозоси билан умргузаронлик қилган жойларини излаб топдик. Буёғи Африка қитъасидан то Ҳиндистон ярим ороли Бирмага қадар буюк аждодларимиз излари бор. Уларнинг қабрларини излаб топдик ва авлодлик бурчимизни бажариб, Қуръон тиловат қилдик. Уларнинг ичида қабрлари ўта хароб ҳолатда ётганлари ҳам аниқланди. Шу масалалар бўйича биз шартнома лойиҳалар туздик. 

Масалан, Форобий ҳазратлари Дамашқда, албатта таъмирталаб. Али Қушчи Истамбулда, Аҳмад Фарғоний Мисрда, Ал-Хоразмий Боғдодда. 

Бизга қўшни мамлакат бўлган Афғонистонда Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мавлона Лутфий, Камолиддин Беҳзод, Беруний ҳазратлари, Бобораҳим Машраб каби улуғ аждодларимиз ётибди. Бу бўйича ҳам лойиҳалар тайёрладик. Ҳозирги кунда ҳазрат Навоийнинг устози Мавлоно Лутфийнинг, Алишер Навоийнинг, Камолиддин Беҳзоднинг қабрини тиклаб, зиёратгоҳга айлантирдик. Бу ишлар албатта бардавом бўлади. 

Яна қиладиган асосий ишларимиздан бири – юқорида номлари зикр этилган улуғ аждодларимизнинг бирортасига энциклопедия яратилмаган. Охирги ўн йилда биз Бобур энциклопедиясини яратиш учун жуда қаттиқ шуғулландик. Иккита нашрини чиқаришга улгурдик. Биринчи нашри 2014 йилда чиқди. Иккинчи нашрини ҳам камчиликлари тўлдирилган ҳолда 2016, 2017 йилда чиқардик. Яна бир хайрли ишни амалга оширдик – Бобур ва Жаҳон маданияти музейида сақланаётган асарларнинг библиографиясини туздик. Бунга харидорлар кўпайиб, қизиқиш ортгандан сўнг республика миқёсида кутубхоналарда сақланаётган Бобур ва Бобурийларга оид асарларнинг ҳам библиографиясини туздик. 

Россия давлати фанлар академияси, Туркология институти қизиққандан кейин 5, 6 та нусха сўради, юбордик. Ҳозирги кунда улар билан ҳамкорликда 2016 -2017 йилларда “Заҳириддин Муҳаммад Бобур — Бобурий библиография” деган 2 кг. 200 граммлик жуда катта асар яратдик. Россия фанлар академияси билан ҳамкорликда яратилган ушбу библиография бутун дунёга машҳур бўлиб, қўлланма сифатида фойдаланиб келинаяпти. Бир нечта Бобур ва Бобурийларга оид асарларни форс, инглиз тилидан ўзбек тилига ўгириб, китобхонларга ҳам етказишга муяссар бўлдик. 

Масалан, “Тарихий Рашидий”, Бобурнинг холаваччаси ҳақидаги китобни ўзбек тилига ўгирдик. Яна “16 аср бунёдкори”, “Гулбадан”, “Бобур — йўлбарс ”, “Андижон шаҳзодаси” каби китобларни ҳам инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилиб, китобхонларга етказдик. Бобур Халқаро жамоат фондимизнинг олдида яна бир муҳим вазифа турибди, яъни “Бобурнома”нинг йўқолган қисмини излаб топиш. Бобур 1494 йил тахтга ўтирган кундан бошлаб “Бобурнома”ни ёза бошлаган. Токи Бобурнинг вафотига қадар – 1530 йилгача ёзилган. Демак, 36 йил ёзилган. Шундан бизгача асарнинг ярми – 18 йили етиб келган, холос. Қолган 18 йилини излаб топишимиз керак. Ана шу ҳам бизнинг асосий вазифамиз. Буюк аждодимиз Бобур ҳазратлари “Ҳарб иши”, “Мусиқа сирлари”, “Қофия илми” деган асарлар ҳам яратган. Уларни ҳам излаб топиш бизнинг олдимизда турган асосий вазифа саналади. Улар яратган илмий маданий меросларни имкон даражасида Ватанга олиб келишга ҳаракат қилаяпмиз. 

Озода Бекмуродова, ЎзА
6 849