ЎзА Ўзбек

14.11.2016 14:32 Чоп этиш версияси

Моцартга эҳтиром

Ўзбекистон давлат консерваториясида «Олтин куз» халқаро санъат фестивали доирасида австриялик машҳур композитор, Вена классик мактабининг йирик намояндаси Вольфганг Моцарт асарларидан тузилган концерт намойиш этилди.

Моцарт деярли барча мусиқа жанрларига мурожаат этиб, 600 га яқин асар яратган, мусиқа тарихида гўзаллик ва мукаммал гармония тимсоли сифатида ўз номини қолдирган. Концерт дастурида унгагина хос рационализм мезонлари билан бирга сентиментализм хусусиятлари ўзаро уйғун мусиқалар тингланди. Кенг қамровли мусиқий-бадиий образлар дунёсида жўшқинлик ва чуқур эҳтирос, ирода ва матонат, айни пайтда нафислик ва майинлик хусусиятлари кенг ўрин олган.

Машҳур композитор яратган куйлар «Туркистон» камер оркестри жўрлигида янгради. Яккахон созандалар – халқаро танловлар ғолиби Динара Собитова ва таниқли альтист Юрий Гандельсман. Дирижёр, оркестр бадиий раҳбари – Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Элдор Азимов.

Ўн тўрт ёшида Болон академияси академиги бўлиб сайланган Моцарт ўзининг бебаҳо мероси билан бугун ҳам турли миллатлар ўртасида дўстлик кўприги бўлиб турибди.

Севара Алижонова, ЎзА
4 084