ЎзА Ўзбек

08.05.2019 14:14 Чоп этиш версияси

Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилди

Мотамсаро она ҳайкали ўрнатилди

9 май – Хотира ва қадрлаш куни 

1.jpgҚашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани марказида туман ҳокимлиги ва Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи ҳамкорлигида барпо этилган Мотамсаро она ҳайкали очилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, ҳарбийлар, ёшлар, кенг аҳоли вакиллари иштирок этди.

Мотамсаро она ҳайкали сиймосида даҳшатли урушда ҳалок бўлган фарзандлари ҳақида ўйлаб, нигоҳини бир нуқтага қадаганча ўтирган мушфиқ она, чуқур қайғуга ботган бўлса-да, руҳиятида матонат, мустаҳкам ирода акс этган. Гўё фарзандлари ҳамон тирик...

– Яратган эгам бизни мана шундай дориломон кунларга етказганига шукр, – дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 97 ёшли Абдулҳаким Жабборов. – Урушда ўтган беш йиллик навқирон йигитлик давримни бугунги куннинг бир лаҳзасига алишмайман. Шу кунларни кўришни ўша дамларда фақат орзу қилиш мумкин эди. Украинадан Берлингача қанча-қанча қонлар тўкилди. Эҳ, у кунларни душманимга ҳам раво кўрмайман.

Хотира майдони юксак дид билан жиҳозланган. 1 миллиард 23 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган мажмуада урушда ҳалок бўлган деҳқонободлик 2 минг 175 нафар қаҳрамоннинг номи ёзилган айвон қад ростлаган. Мотамсаро она ҳайкали ва унинг қаршисида қаҳрамонларни ёд этиш рамзи бўлган "зангори олов" мангу ёниб турибди. Айвон қўқонлик наққошлар томонидан ишланган устунлар билан жиҳозланган. 

– Туманимизда барпо этилган Хотира майдони Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган деҳқонободликлар хотирасини абадийлаштиришга хизмат қилади, – дейди "Янги ҳаёт" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шерзод Боллиев. – Маҳалламизда ўсиб-улғайган бир нечта забардаст йигит урушда қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Бу ерда уларнинг зарҳал ҳарфларда битилган исм-шарифларини кўриб, қариндош-уруғлари бениҳоя қувонди. Набиралари менинг бобом қаҳрамон бўлган, деб фахрланди. Рост, улар кўрсатган бемисл жасоратдан қанча фахрлансак ҳам оз. Шу боис бу майдон келажак авлод қалбида ватанпарварлик туйғусини шакллантиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

5.jpg

Тадбир давомида уруш воқеалари акс этган театрлаштирилган томошалар, таниқли санъаткорларнинг чиқишлари, бахшилар ижросидаги достонлар барчада катта таассурот қолдирди.

Тантанали маросимда туманда истиқомат қилаётган 5 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига 7,5 миллион сўм пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.

Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА
1 901