Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2017 19:06 Чоп этиш версияси

Урганчда “Миллий либосимиз – бойлигимиз” кўрик-танлови ўтказилди

Унда ҳудудий саралаш босқичларида ғолиб бўлган жамоалар ўзаро баҳслашди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган танлов ўқувчи ва талаба қизларнинг эстетик дидини ўстириш, миллий либосларимизга қизиқишини ошириш, ёшларда миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғусини юксалтиришга хизмат қилади.

Вилоятдаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида дизайнерлик, чеварлик йўналишида касб ўрганаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш, миллий либосларимизга замонавий кўриниш бериш, ёшларда кийиниш маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган танловда атлас, адрас, беқасам сингари матолардан тикилган миллий либослар хушбичимлиги, ўзига хослиги билан барчада катта таассурот қолдирди.

– Ял-ял ёниб турган атласу адрасни кийган ўзбек қизлари янада гўзал кўринади, – дейди Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси С.Абдукаримова. – Либос – инсоннинг кўрки. У кишининг ташқи кўриниши билан бирга, ички оламини ҳам ифодалайди. Шу боис азалдан кексаларимиз миллий либослар орқали ўзлигимизни, анъана ва қадриятларимизни улуғлаган. Ўзбек хотин-қизларининг ҳаё-ибоси кийимларида ҳам намоён бўлган. Гўзал ва ранг-баранг либосларни кўриб, қўли гул чевар қизларимизнинг маҳоратига тасаннолар айтасан, киши.

Тадбир доирасида умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежлари қошида фаолият юритаётган тўгаракларда, маҳаллаларда якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланаётган тикувчи хотин-қизлар томонидан тикилган либослар кўргазмаси ташкил этилди.

Хива туманининг “Хива зеболари” жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
1 207






Все о погоде - Pogoda.uz