Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2017 18:35 Чоп этиш версияси

Миллий кинематография ривожланади

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 август куни ижодкор зиёлилар билан бўлиб ўтган учрашуви ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 7 августдаги «Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори маданият ва санъат, хусусан, миллий кинематография соҳасида улкан воқеа бўлди.

Миллий матбуот марказида давлатимиз раҳбарининг учрашувда билдирган фикр-мулоҳазалари ҳамда мазкур қарор ижроси юзасидан соҳа ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори О.Мусаев ва бошқалар Президентимизнинг учрашувдаги маърузаси ва қарори ижросини таъминлаш соҳа ходимларига билдирилган ишонч ва юксак масъулият эканлигини таъкидлади. Халқимиз, аввало, ёшлар онгига миллий истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдиришда катта таъсир кучига эга бўлган кино санъатининг ролини ошириш долзарб вазифалардандир.

Қарорда миллий кинематография соҳасининг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, соҳада фаолият кўрсатаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, кинематография объектларини тўлиқ реконструкция ва модернизация қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш каби мамлакатимизда кино санъатини ривожлантиришнинг барча йўналишлари қамраб олинган.

Маълумотларга кўра, агентлик томонидан жорий йилнинг ўтган даврида давлат буюртмаси асосида 10 бадиий, 5 мультипликацион фильм ишлаб чиқарилди. «Зумраша» болалар юмористик киножурналининг тўртинчи сони суратга олинмоқда. 13 ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильм тайёр ҳолатда. 15 ҳужжатли фильмни суратга олиш ишлари бошланган. Зулфиқор Мусоқовнинг «Дадам бетоб», Рихсивой Муҳаммаджоновнинг «Иснод» бадиий фильмларининг тақдимоти ўтказилган.

Жорий йилнинг ноябрида бўлиб ўтиши кўзда тутилаётган ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар III республика фестивалига тайёргарлик кўрилмоқда. Унда 35 ёшга тўлмаган киноижодкорлар сўнгги икки йил мобайнида суратга олган ижодий ишлари билан қатнашишлари мумкин.

Тадбирда кинематографияни ривожлантиришнинг кейинги беш йилликдаги дастури тасдиқлангани қайд этилди. Халқимизнинг бой маънавий меросини ва буюк ажодларимиз ҳаётини акс эттирувчи нодир асарлар, замонамиз қаҳрамонларини яратиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга соҳа ходимлари жавоб берди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
2 384






Все о погоде - Pogoda.uz