ЎзА Ўзбек

14.05.2019 12:15 Чоп этиш версияси

Миллий археология маркази ташкил этилади

Миллий археология маркази ташкил этилади

Республика ҳудудида жойлашган археологик ёдгорликларни табиий фанларнинг замонавий услубларини кенг қўллаган ҳолда ўрганиш ва бу борадаги ишларни илмий жиҳатдан йўналтириш марказнинг асосий вазифаларидан.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Маданият вазирлиги ва илмий ҳамжамиятининг:

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги Миллий археология марказини;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институти негизида Миллий марказининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган Самарқанд филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Миллий марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

• республика ҳудудида жойлашган археологик ёдгорликларни табиий фанларнинг замонавий услубларини кенг қўллаган ҳолда ўрганиш ва бу борадаги ишларни илмий жиҳатдан йўналтириш;

• инновацион технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда комплекс археологик экспедициялар ташкил этиш;

• археологик қазишмалар бўйича етук илмий кадрларни тайёрлаш;

• археологик ёдгорликларни очиқ осмон остидаги музейларга айлантиришнинг илмий асосини тайёрлаш;

• археологик тадқиқотларда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатларнинг археология йўналишида фаолият олиб бораётган тадқиқотчи олимлар билан қўшма археологик экспедицияларни тизимли ташкил қилиш;

• археологик ёдгорликлардан топилган қазилма бойликларини давлат тасарруфига ўтказиш чораларни кўриш;

• археологик тадқиқот натижаларини кенг оммага етказиш мақсадида мунтазам илмий ва оммабоп китобларни нашр қилишни йўлга қўйиш;

• археологик тадқиқотларга оид халқаро тадбирларни мамлакатимизда ташкил этиш ва хорижда археология бўйича ўтказиладиган илмий-амалий тадбирларда иштирок этиш.

2019 йилнинг 1 июнидан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментидан олинган “очиқ варақа” ва “рухсатнома” олган археологлар томонидан республикада олиб борилаётган барча археологик тадқиқот натижаларининг ҳисоботлари ҳар йили 1 апрелга қадар Миллий марказга тақдим этилади;

Миллий марказ тақдим этилган ҳисоботлар асосида “Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар тўплами” номли нашрни чиқариб боради.

Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланиши мумкин:

• Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ва унинг дирекциясини амалдаги молиялаштириш механизмини сақлаган ҳолда Миллий марказ тасарруфига ўтказиш, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги 831-сонли қарорининг 7-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳамда мажмуани сақлаш харажатлари учун Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида махсус ҳисоб рақамини очиш;

• республика ҳудудида археологик қазилма ва қидирув ишларини янгича кўринишда давом эттириш мақсадида тажриба сифатида Ахсикент ёдгорлигида мунтазам тадқиқотларни амалга ошириш, археологик жиҳатдан очилган меъморчилик қолдиқларини очиқ осмон остидаги музейларга айлантиришнинг илмий асосини тайёрлаш мақсадида Миллий марказ қошида “Ахсикент комплекс археологик экспедицияси”ни ташкил этиш;

• ёшларни Ахсикент тарихи билан кенг таништириш ҳамда очилган ноёб қадимий меъморчилик намуналарини очиқ осмон остидаги музейлар шаклидаги туризм объектига айлантириш ва кейинчалик юқоридаги тажрибани Афросиёб, Қадимги Термиз, Қанқа, Оқчахонқалъа, Пойкент каби бошқа археологик ёдгорликларда ҳам амалга ошириш;

• 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба Ахсикент ёдгорлиги асосида кенг халқ оммасига тарих билимини тарғиб этиш ҳамда туризмни ривожлантириш мақсадида “Ўтмишга саёҳат” халқаро тарихий-маданий фестивални ўтказиш;

• олий таълим муассасаларининг “Тарих” ва “Археология” таълим йўналиши ва мутахассислигида таҳсил олаётган бакалавр ва магистр даражасидаги талабаларни Ахсикент ёдгорлигида яратилган очиқ осмон остидаги музейларда ҳамда келгусида бошқа йирик археологик объектларда дала амалиётларини мунтазам равишда ташкил этиш;

• Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг тарихга бўлган қизиқишини уйғотиш мақсадида Ахсикент ёдгорлигига синфдан ташқари мунтазам экскурсиялар уюштириш ва шу асосда “Ёш қадимшунослар” клубини ташкил этиш;

• Ахсикент ёдгорлигининг яқинида тарихий муҳофаза ҳудудидан ташқари майдонда “Ўтмишга саёҳат” ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш, археологик топилмаларни намойиш этиш ҳамда “Ёш қадимшунослар” клубини жойлаштириш учун уч қисмдан иборат туристик мажмуа қуриш.

ЎзА
2 187