Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.09.2017 12:43 Чоп этиш версияси

Миллий қадриятлар фестивали

Жорий йил 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “O’zbegim” миллий қадриятлар фестивалида ўзбек миллий урф-одатлари ва анъаналари, тасвирий ва амалий санъат намуналари ҳамда миллий таомлар намойиш этилади.

“Milliy” телеканали ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур фестивалда кенг жамоатчилик ва дипломатик корпус вакиллари, хорижлик меҳмонлар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этиши кутилмоқда.

Фестивални ташкил этишдан асосий мақсад жонажон юртимиз миллий қадриятлари, урф-одатлари ва анъаналарини асраб-авайлаш, кенг тарғиб қилиш ҳамда халқимизнинг азалий ва боқий мероси билан юртдошларимиз ва халқаро жамоатчиликни яқинроқ таништириш, уларни намойиш этиш асносида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини янада равнақ эттиришга қаратилган. Халқ сайли кўринишига эга фестивалда амалий ва тасвирий санъат намуналари намойиши, маҳорат дарслари, халқ ўйинлари ва томошалари, миллий расм-русумлар, фольклор жамоалар ва ўзбек эстрадаси вакилларининг концерт дастури каби қатор тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилмоқда.

– Фестивалнинг асосий воқеаларидан бири – бу пазандаларимиз томонидан тайёрланадиган миллий таомимиз – палов бўлади, – дейди “Milliy” телеканали бош муҳаррири Ҳ.Солиҳов. – Бу жараёнда Гиннес рекордлар китоби (Guinness World Records) вакиллари иштирок этиб, моҳир ошпазларимиз маҳоратини кузатиб боради. Тайёрланадиган паловнинг миқдори 8 тоннагача бўлиши ва экспертлар унинг миқдори бўйича жаҳон рекордини қайд этиши кутилмоқда. Айнан шу куни фестивалнинг барча иштирокчилари 50 дан ортиқ ошпаз тайёрлаган миллий таомдан татиб кўриш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, феставаль оши “Мурувват” уйлари ва ногиронларга тортиқ қилинади. Асосий тадбирлардан яна бири – Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида бўлиб ўтадиган «O’zbegim» китобининг тақдимотидир. Китоб халқимизнинг кўп асрлик шонли тарихи, миллий урф-одатларимиз ва анъаналаримизга бағишланган.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
1 959






Все о погоде - Pogoda.uz