Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

29.10.2012 15:43 Чоп этиш версияси

Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Infolib Uzbekistan” миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзархив” агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ҳафталикнинг очилишида сенаторлар, депутатлар, турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ўқитувчилар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар, хорижий давлатлар кутубхоналарининг вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси М.Хўжамбердиев, маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари Б.Аҳмедов, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Хўжаев, Ўзбекистон халқ артисти Ё.Аҳмедов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлоднинг билими ва дунёқарашини кенгайтириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун барча шарт-шароитлар яратилганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг муҳташам биносида бошланган “Infolib Uzbekistan” миллий ахборот-кутубхона ҳафталигидан кўзланган асосий мақсад ҳам ўқувчи-ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг ахборот-коммуникация технологияларига оид билим ва кўникмаларини янада бойитиш, мазкур маърифат масканида китобхонлар учун яратилган барча имконият ва қулайликлардан ҳамюртларимизни бохабар этишдан иборатдир.

Ҳафталик “Очиқ эшиклар куни”, “Танловлар куни”, “Ижодий кун”, “Қизиқарли учрашувлар куни”, “Мутахассислар куни” каби муайян мавзуларга бағишланади. Улар доирасида кутубхонага экскурсиялар, давра суҳбатлари, маърифий акциялар, кўргазмалар, маърифат даргоҳи видеотекасидаги фильмлар намойиши ўтказилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, машҳур ёзувчи ва шоирлар, мусаввирлар, режиссёрлар, ёшлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказилади.

Ижодий кўрик-танловлар, викториналар, маҳорат сабоқлари ўғил-қизларнинг адабиёт, мусиқа, ахборот-коммуникация технологиялари, тасвирий санъат борасидаги билимини янада бойитиш, истеъдодини аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш имконини беради. “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг амалиётга жорий этилиши ва соҳадаги долзарб вазифалар, “Келажакка интилаётган кутубхона” мавзуидаги давра суҳбатлари, конференциялар ахборот-кутубхоналар фаолиятини янада такомиллаштириш, соҳага илғор технологияларни жадал жорий этиш, илғор иш тажрибасини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

– Бундай замонавий маърифат саройи ҳар қандай инсоннинг ҳайратини ошириб, ҳавасини келтиради, – дейди Беларусь Республикаси миллий кутубхонаси директори Роман Матульски. – Кўркам ва маҳобатли бу бино сўлим Тошкентга янада чирой бахш этган. Бу ерда китобхонларнинг зарур адабиётларни тез фурсатда топиши, улардан фойдаланиши учун барча қулайликлар яратилган. Бу мамлакатингизда ёшлар истиқболи, уларнинг таълим-тарбияси йўлида давлат томонидан кўрсатилаётган улкан меҳр-эътиборнинг амалдаги яққол ифодасидир.

Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг биринчи куни янги адабиётлар ярмаркаси, китоблар кўргазмалари, “Фойдаланувчилар сари бир қадам” мавзуидаги конференция, “Буюртма – 2013” маърифий акцияси бўлиб ўтди.


ЎзА, Назокат Усмонова
8 187