ЎзА Ўзбек

12.07.2019 17:04 Чоп этиш версияси

Миллатнинг қутлуғ байрами

Миллатнинг қутлуғ байрами

Ўтган йигирма саккиз йил мобайнида мамлакатимиз мустақиллигини шарафлаб туркум-туркум бадиий-публицистик мақолалар, кўрсатувлар, радиоэшиттиришлар эълон қилинди. Жилд-жилд китоблар нашр этилди. Айниқса, мустақилликнинг дастлабки йилларида қалбимизда фахр ва ифтихор туйғулари жўш урди. Узоқ йиллар қарамликда яшашга маҳкум этилган халқимиз учун, табиийки, Мустақиллик миллатнинг чинакам улуғ байрами эди.

Орадан қарийб чорак асрдан зиёд­роқ вақт ўтаётган бўлса-да, бу ­улуғ айём бизга бир олам қувонч ва ҳис-туйғулар бағишлайди. Беихтиёр энтикамиз, фахрланамиз. Ахир, бир неча авлод ота-боболаримиз мустақилликни узоқ вақт орзу қилмаганмиди ва бу йўлда миллатимиз фидойилари жонларини қурбон этмаганмиди?!

Бугун бироз ҳаёт ҳақиқатига юз бургандекмиз. Ҳис-ҳаяжонларни бироз жиловлаб, холисона айтсак, ҳақиқатан ҳам мустақилликка эришганимиздан кейин ўз ҳаётимизни ­ўзимиз қуриш, фарзандларимизни ўзимиз илм-маърифатли қилиш, едириб–ичиришимиз масъулиятини зиммамизга олишимиз ҳаётий заруратга айланди. Қуруқ гап, олди-қочди ваъдалар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслиги амалда кўринди. Қолаверса, халқимиз тақдирига боғлиқ ишларни ташкил этиш, уларни бажаришда ҳайбаракаллачиликка йўл қўйиб бўлмаслигини англаб етдик.

Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 8 июль куни матбуот­да эълон қилинган “Ўзбекистон Ре­спубликаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида шундай дейилган: “Айниқса, охирги йилларда сиё­сий-ижтимоий, иқтисодий муносабатларнинг мазмун-моҳияти, жамия­тимиз қиё­фаси бутунлай ўзгаргани, бу ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз ҳаётида ўз ифодасини топаётгани, халқимизнинг турмуш даражасини, онгу тафаккури, билим ва маданиятини ошириш бўйича қилинган ишларни конкрет далил ва мисоллар, чуқур илмий таҳлиллар ва экспертлик баҳолари орқали мамлакатимиз ва халқаро жамоатчиликка етказиш муҳим аҳамиятга эгадир”.

Узоққа бормайлик, шу кунларда хориж матбуотларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга берилаётган холисона баҳоларга эъти­бор қилайлик. Хитойда чоп этиладиган “South China Morning Post” газетасининг эътироф этишича, “Президент Шавкат Мирзиёев ўтмишда йўл қўйилган хатоларни бартараф этиб, кўплаб танқид­ларга учраган тақиқларни бекор қилди, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир қатор амалий чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этаётир. Айниқса, республиканинг халқаро майдондаги ими­жи тубдан ўзгариб, унинг қўшни давлатлар билан алоқалари яхшиланди. Натижада иқтисодий модернизация ва либерализация жараёнлари изчил кечгани ҳолда, мамлакатга хорижий сармоя­лар оқимида “портлаш эффекти” юз берди.”

Ёки АҚШнинг “Open Democrаcy” электрон порталида “Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кечаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида мақола чоп этилди. Таҳлилчи Дарина Солод (DarinaSolod) 2016 йили Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига сайлангандан сўнг мамлакатда бу йўналишда кенг кўламли чора-тадбирлар бошлангани, жумладан, қатор қонун ва қарорлар қабул қилинганини ёзади” (“Халқ сўзи” газетаси, 141-сон).

Ҳақиқатан ҳам сўнгги йилларда мамлакатимизни модернизация қилиш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳа ва тармоқларни либераллаштириш борасида кенг кўламли иш­лар амалга оширилди. Биргина олий таълим соҳасини олиб кўрайлик. Малакали кадрларни тайёрлаш, хорижий мамлакатлар тажрибаларини ҳаётга татбиқ этиш, мамлакатимизда жаҳоннинг нуфузли олий таълим ўчоқлари филиалларини, физика, кимё технологиялари соҳаларида янги йўналишларни очиш каби долзарб вазифаларга дадил киришилаётгани фик­римизга далилдир.

Биз кўп ҳолларда она заминимизнинг ер ос­ти ва ер усти табиий бойликлари ҳақида тўлқинланиб гапиришни ёқтирамиз. Аммо улар­ни халқимиз дастурхонига нозу неъматлар кўринишида тақдим қилиш борасида ҳали етар­ли даражада малакага, илмий салоҳиятга э­га эмас эдик. Кўрилган чоралар натижасида эндиликда ана шундай мураккаб ишларни амалга оширадиган геология, физика, кимё фанлари бўйича малакали мутахассислар ўзимизда тайёрланади. Тиббиёт соҳасида эришилган натижалар қанчалик самарали бўлмасин, бу соҳалар табиий равишда такомиллашиб бораверади. Шундай экан, хорижий тажрибаларга суяниб, дунёнинг энг сўнг­ги русумидаги технологиялардан фойдаланиб, халқимиз саломатлигини сақлаш тараққиётимизнинг негизини ташкил эта­ди. Демак, бу соҳада ҳам доимий изланиш, юқори малакага эга кадрларни тайёрлаш ­етакчи вазифалардан бўлиб қолаверади.

Шу кунларда мамлакатимизнинг қайси туманига, қайси бир узоқ қишлоғига борманг, кўта­ринки кайфиятга гувоҳ бўласиз. Юртдошларимиз “Обод қишлоқ” дастури асосида бун­ёд этилган ёруғ ва шинам хонадонларга кўчиб ўтишмоқда. Бундай иш­ларга эндигина қўл урилган жойларда эса, бун­ёдкорлик ишлари жадал тус олган. Яқин ора­да Янгиерда бўлмаган киши у ерда қад ростлаётган кўп қаватли уйлар, таъмирланаётган кенг кўчалар, мактаб, хотин-қизларни касбга ҳозирлайдиган ўқув марказлари, спорт ва соғломлаштириш муассасаларини кўриб, қаердалигини ҳам унутиб қўйса, ажаб эмас.

Бундай тезкор яратувчанлик жаб­ҳаси Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва бошқа вилоятларда ҳам кўтаринки руҳда давом этмоқда. Биргина Сурхон воҳасидаги Шарғун шаҳарчасини олайлик. Муқаддам бу шаҳар деярли кўпчиликка маълум эмас­ди. Давлатимиз раҳбарининг ташрифидан сўнг замонавий шаҳар барпо этиш жараёнлари бошланиб кетгани, ҳозир 1200 нафар ишчи кечаю кундуз қамишдан бел боғлаб, мамлакатимиз мустақиллигини амалда мустаҳкамлаш билан машғуллигини алоҳида таъкидлаш керак. Тошкент шаҳри-ку бутун олам кўз ўнгида янги қиё­фага кирмоқда. Қисқа муддатда барпо этилган Нурафшон шаҳрининг жамолидан кўзлар қамашади. Буларнинг бари ҳаётимиздаги ўзимиз гувоҳи бўлиб турган ўзгариш­лар ва бунга мисоллар кўп.

Қайси соҳани олиб қарамайлик, ҳар бирида янгича ёндашув, янгича муносабатларни кўрамиз. Турмуш тарзимизда эришилган натижалар четдан қараганда тез кўзга ташланади. Мамлакатимизга ташриф буюраётган хорижлик саёҳатчиларнинг, 
олис қишлоқларимиздан пойтахтимизга келган
азиз меҳмонларнинг эътирофига қулоқ тутсангиз, ўзгаришлар кўламини яққол тасаввур этасиз.

Қўлга киритилган ютуқ ва натижалар энди бош­ланган туб ислоҳотларнинг дебочаси экани­ни ино­батга олиб, уларни холис ва ҳаққоний эътироф этиш мақсадида тунги Тошкент жамолини, Навоий шаҳридаги маъмурчиликни таққослаб кўрайлик. Фарғона оқшомларининг файзи-чи? Буларнинг барини бир сўз билан чинакам самара, деб атаса бўлади. Тўғри, бошланган ишларнинг ҳаммаси ҳам хамирдан қил суғургандек амалга ошяпти, де­йиш қи­йин. Камчилик ва нуқсонлар ҳам талайгина. 
Аммо миллатнинг катта тўйига тайёргарлик кўраётган эканмиз, уларни ҳозирча енг ичида сақлаб турайлик. Ютуқ ҳам, нуқсон ҳам ўзимизники...

Ўтган вақт давомида энг катта эътибор маънавий юксалишга қаратилганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси ўта мураккаб жараён. Ёш авлоднинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, спортга жалб ­этиш, ­уларнинг ҳавасманд кўнгилларини китобга ошно қилиш, бир сўз билан айтганда, тафаккурларини уйғотиш бош вазифа этиб қўйилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётга тақдим ­этилган ва кейинги пайтда мамлакатимиз бўйлаб кенг ёйилган “Беш муҳим ташаббус”нинг мазмун-моҳиятини олиб қарасангиз, мус­тақиллигимизни мус­таҳкамлашнинг пойдевори қандай бўлишини тасаввур этасиз.

Мамлакатимизнинг келажакда қандай қуд­ратга ­эга бўлиши, табиийки, ёшларга берилаётган таълим сифатига боғлиқ. Бу йўналишда бош­ланган туб ислоҳотлар оғир кечаётган бўлса-да, ўзгаришлар зарурат эканлигини ҳаётнинг ўзи тақозо қилиб турибди. Таълимнинг бош бўғини, албатта, бошланғич таълимдир. Ислоҳотлар моҳиятан уларга қаратилгани, ёшлар ўртасида саводхонликни ошириш, таълим муассасаларини дунё стандартлари даражасида ахборот алмашув технологиялари билан жиҳозлаш масалалари қамраб олинаётгани мустақиллигимизнинг чинакам ютуқлари сирасига киради. Адабиёт, спорт, фан олимпиадаларида қўлга киритилаётган муваффақиятлар, ижодкор ёшларга кўрсатилаётган оталарча ғамхўрлик — буларнинг бари ўзбекона қалб, соф туйғу воситасида амалга оши­рилаётгани умидбахш ишлардир. Буларнинг бари мамлакатимиз мус­тақиллигини амалда мус­таҳкамлаш, ­дунё ҳамжамиятида ўзликни ас­раш борасидаги эз­гу саъй-ҳаракатларимиздир.

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма сак­­киз йиллиги, унинг моҳияти ва аҳамияти, халқимизнинг фидокорона меҳнати орзу-умид­лар йўлида амал­га оширган ишлари самарасидир. Бу сана миллатимизнинг энг ­улуғ байрамидир.

Унга тайёргарлик кўриш ва муносиб тарзда нишонлаш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиз.

Ўктам МИРЗАЁР

Манба: “​O'zbekiston adabiyoti va san'ati”​​ газетаси

ЎзА
1 852