ЎзА Ўзбек

12.08.2019 Чоп этиш версияси

Менинг Ватаним...

Менинг Ватаним...

Эрталабдан қайнаган пойтахтнинг иссиқ бағридан собиқ курсдошлар йиғилиб Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани томон йўл олдик. Бир соатча йўл юргандан сўнг узоқдан улуғвор тоғлар кўзга ташлана бошлади. Тоққа яқинлашган сайин ҳаво салқинлашди. Юзга салқин шабада урилди. Бундай пайтда вужудингиз тоғ ҳавосини ҳис қилади.

Бўстонлиқ туманига кириб боришда ўнг қўл томонда улуғ тоғлар этагида бир ёзувга кўзим тушди. Ўйладимки, яна инглизча дил изҳори, деб. Хайрият, унақа эмас экан. Лотинча ҳарфларда ʼʼMening Boʻstonligʻimʼʼ деб ёзиб қўйилган. Қайта-қайта ўқидим. Кўнглимга илиқ туйғулар югурди...

Ватанимиз табиати рангдор ва ажойиб. Тоғда ўсаётган мевалардан қизилча, олхўри, ёввойи олма, олча ва биргина дўлананинг уч-тўрт хил турини учратдим. Айни вақтда сариқ дўланалар пишиб, қизил дўланалар хол отяпти. Меванинг шохда маржон-маржон бўлиб тизилиб турганини кўриб ҳайрон қоласиз. Энди рангга кирган, хол отганларни узиб есангиз таъми тилингизда қолади. Сўнг машҳур қўшиқ ёдингизга келади: “Дўлана-дўлана, тоғда ўсган дўлана, Дўлана-дўлана, маржон-маржон дўлана”.

photo5373270233990671311.jpg

Ўсимликлар ҳақида гап кетганда мамлакатимизнинг ўсимлик дунёси ҳам мўжизакор эканлигига амин бўласиз. Шу дамда табиатшунос бўлсанг-да бу ўт-ўланларнинг ҳаммаси билан танишиб чиқсанг. Оёғинг остида эса ҳаёт қайнайди. Қумурсқалар меҳнат қилади, ғимирлаб қайларгадир шошади, чигирткалар эса уёқдан буёққа сакрайди. Капалакларнинг гулдан-гулга қўниб гўзал рақсга тушиши ҳаёлингизни тинчлантиради. Шунда шаҳарда чала қолиб кетган ишларингизни, ташвишларингизни унутасиз-да, капалак билан сайр қиласиз.

Туманнинг тоғлари, содда халқи, хушчақчақ меҳмонлари киши эътиборини тортади. Бунда мевалар пишиб қушлар сахий табиат неъматларидан баҳраманд бўлмоқда. Арча, терак дарахтлари ўша китобларда ўқиган қалин ва қуюқ Беларусь, Швейцария ва Канада ўрмонларини ёдингизга солади. Буни кўриб, Бу менинг Ватаним, дегинг келади...

photo5373270233990671313.jpg

Ярим кунлик Бўстонлиқ сафаридан сўнг бизни рангдор чироқларини ёқиб пойтахт қарши олди. Шаҳарга кираверишдан то уйимга етгунимча ʼʼI love Uzbekistanʼʼ, ʼʼI Love Tashkentʼʼ, ʼʼI love Chilanzarʼʼ сўзлари билан бир қаторда кўплаб хорижий тилларда номланган дўкон ва ресторан номларига кўзим тушдию хаёлимдан турли фикрлар ўта бошлади. Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов билан бўлган бир суҳбатда: “Бугун “I love Uzbekistan”, ʼʼI Love Tashkent” деб турган одамнинг эртага ʼʼI love Londonʼʼ, ʼʼI Love Nyu-York” демаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Бу ёзувлар одамдаги миллий ғурурни сўндиради, деганди. Ҳақиқатдан ҳам шундай эмасми?

Боз устига охирги вақтларда негадир дўкон ва ресторанларни ҳам хорижий номлар билан аташ урф бўляпти. Наҳотки, 80 мингдан ортиқ сўзи бор луғатимизда ресторан ва дўконларни аташга арзигулик ном бўлмаса? Наҳотки, ўз Ватанимизга дилимиздаги туйғуларни ўзбекча изҳор қилолмасак. Ахир ўзимизнинг қадрдон масканларимизни ҳар қанча таърифласак, ҳар қанча ўзбекча эъзозласак кам-ку. Бу нимаси ўзи? Катта қилиб “Mening Oʻzbekistonim”, “Mening Toshkentim”, “Mening Chilonzorim”, деб ёзиб қўйсак, бўлмайдими?

3 534
Дилобар МАМАТОВА, ЎзА