ЎзА Ўзбек

26.03.2019 Чоп этиш версияси

МЕНИНГ ФИКРИМ: Дарсликлардаги дарзлар...

МЕНИНГ ФИКРИМ: Дарсликлардаги дарзлар...

Ўзбекона фикрлаш тарзи, биринчи галда, она тили ва адабиёт дарсликлари воситасида пайдо бўлади, десак, айни ҳақиқат бўлади. Хўш, айни пайтда тил ва адабиёт дарсликлари қай аҳволда? Улар бугунги давр талабига жавоб берадими?

Дарслик яратиш масъулиятли ва мураккаб иш эканини ҳисобга олсак, узлуксиз таълим тизими учун тайёрланган дарсликлар бир-бирини такрорламаслиги, аксинча, мазмунан тўлдириши, ўқувчи билимини босқичма-босқич юксалтиришга хизмат қилиши керак.

Болалар учун ижодкорнинг қайси мансабда ишлагани 
эмас, қандай асар ёзгани аҳамиятли эмасми?

Адабиёт дарсликларида берилган ижодкорларнинг ҳаёт йўли баёнида аксар ҳолларда маълумотбозлик бўй кўрсатади. Ижодкор ҳаёти ва ижодига оид матнларда саналар, жой ва асарлар номи кўплигидан ўқувчи тугул, ҳатто ўқитувчи ҳам шошиб қолади. Масалан, 5-синфда Мақсуд Шайхзода, 6-синфда Туроб Тўла, 7-синфда Мирмуҳсин ва Ўлмас Умарбеков, 8-синфда Фитрат, 9-синфда Фурқат каби ижодкорлар таржимаи ҳолида маълумотлар шу қадар кўп ва қуруқ берилганки, бу ўқувчини толиқтириши, чалғитиши табиий.

Қуйидаги иқтибосга эътибор беринг: “...ёшлар газетасида адабий ходим, Ўзбекистон давлат радиоэшиттириш қўмитасида муҳаррир ва сухандон, Ўзбекистон давлат нашриёти (Ўздавнашр) муҳаррири, «Ўзбекфильм» киностудиясида сценарий бўлими мудири, Республика киночилар уюшмасида котиб, Маданият вазирлиги санъат ишлари бошқармаси бошлиғи, Ҳамза номидаги театр директори, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги Адабиётни тарғиб этиш маркази раҳбари”.

Бу – 6-синф дарслигининг 1-қисми 27-саҳифасида берилган шоир Туроб Тўла таржимаи ҳолидан парча. Бу маълумотлар ўқувчига не чоғли муҳим?! Болалар учун ижодкорнинг қайси мансабда ишлагани эмас, қандай асарлар ёзгани, уларнинг ғояси, мазмун-моҳияти аҳамиятли эмасми?

Айрим ижодкорлар ҳақидаги мавзулар синфдан синфга ўтар экан, ҳеч ўзгаришсиз, қўшимча ва тўлдиришларсиз кўчирилади. Масалан, 6-синфда келтирилган Муқимий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни олайлик. Шоир вафотидан кейин унинг 4-5 та тўплами нашр қилинганини айтмасак, 5-синф дарслигида берилган маълумотлар шундайлигича такрорланган. Бундан ташқари, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов каби ижодкорларнинг ҳам таржимаи ҳоли ўзгаришсиз, янги маълумотларсиз такрор ҳолда дарсликдан-дарсликка кўчиб ўтаверган. Кейинги нашрларда бу қайтариқлар тузатилиши шарт, деб ўйлаймиз.

Дарсликларда Алишер Навоий ҳақидаги мавзулар, бизнингча, тизимли равишда берилмаяпти. Эътибор беринг, 5-синфда улуғ шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида икки саҳифа, 6-синфда эса бир саҳифагина маълумот берилган ва улар ҳам умумий гаплардан иборат. Ваҳоланки, 6-синф ўқувчиси Алишер Навоий ҳақида аввалги синфда келтирилмаган маълумотларни ўқиши, алломанинг ҳаёти ва ижодига тааллуқли янги билимларга эга бўлиши керак эди. Афсуски, бу масала на китоб муаллифларини, на Республика таълим маркази ходимларини ўйлантирган…

6-синфдаги Алишер Навоий мавзусидан кейин берилган савол ва топшириқлар қисмида “Алишер Навоий сиймоси акс этган қандай бадиий китоб ва бошқа санъат асарларини биласиз?” деган савол бор. Тўғри, 5-синфда адиб Миркарим Осим қаламига мансуб “Зулмат ичра нур” қиссасидан парча берилган. Ўқувчи, агар яхши ўқиган бўлса, ушбу асарни айтиши мумкин. Аммо 6-синфда шоир таржимаи ҳоли берилган қисмида бу ҳақда бирор гап айтилмаган. Шундай экан, ўқувчини бундай савол билан нега қийнаяпмиз!? Дарсликнинг кейинги нашрларида Алишер Навоий сиймоси акс этган бадиий китоб ва бошқа санъат асарлари ҳақидаги маълумотлар киритилиши керак. Масалан, Ойбекнинг “Алишернинг болалиги” асаридан парча берилса, буюк бобокалонимизни қуруқ фактлар билан эмас, бадиий тасвир орқали яхшироқ танитган ва ўқувчида ул зотга нисбатан меҳрни янада оширган бўлар эдик.

Дарсликлар 4-5 йилда янгиланади, 
аммо муаллифлар ўзгармайди

Дарслик яратиш мураккаб иш. Бунинг учун катта билим, салоҳият, меҳнат ва сабр-тоқат талаб қилинади. Шу боис бундай китоблар бир неча кишидан иборат жамоа томонидан тайёрланади. Албатта, дарсликлар 4-5 йилда янгиланади. Аммо муаллифлар ўзгармайди. Бизнингча, мактаб дарсликларини тузадиган муаллифлар таркибини қайта шакллантириш, тўлдириб бориш керак. 

Дарслик яратишга адабиётнинг турли соҳалари – наср, назм ва драматургия йўналишлари бўйича тадқиқот олиб бораётган, турли олий ўқув юртларида адабиётдан сабоқ бераётган, адабиёт ўқитиш методикаси билан мунтазам шуғулланаётган юксак салоҳиятли фан докторлари, профессорлар ва амалиётчи ўқитувчиларни ҳам жалб қилиш лозим. Бундай дейишга асослар етарли. Чунончи, 9-синф адабиёт дарслигида мумтоз адабиёт вакилларидан Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий, Фурқат каби улуғ шоирлар бор. Лекин дарслик муаллифлари сафида на навоийшунос, на бобуршунос, на огаҳийшунос, умуман, мумтоз адабиёт олимлари учрамайди. Дарсликларда берилган халқ оғзаки ижодига доир намуналар – халқ қўшиқлари, мақол ва топишмоқлар, достонлар таҳлилида ҳам фольклоршунос олимлар кўмагидан фойдаланиш мумкин эди...

Агар ушбу дарслик муаллифлари навоийшунос олимлар билан ижодий ҳамкорликда ишлаганида, “Фарҳод ва Ширин” достонидаги 

“Машаққатдин йигитни эл қори дер 
Ки, қозилмиш ики-уч юз қори ер” байти
“Мамлакатдин йигитни эл қари дер 
Ки, қозилмиш ики-уч юз қари ер” деб тушунарсиз ҳолда дарсликка киритилмас эди.

Имом Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китобига 
неча ҳадис киритилган?

Адабиёт дарсликларида бир қанча илмий-услубий, имловий хатолар ҳам мавжудки, уларни тузатиш мақсадга мувофиқдир.

Қуйидагиларга эътибор беринг: 5-синф “Адабиёт” дарслигида Имом Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китоби тўғрисида фикр юритилиб (31-бет), ушбу китобга 600 минг ҳадисдан 7397 та ҳадис киритилгани қайд этилган. 7-синф “Ўзбекистон тарихи” дарслигининг 102-бетида “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”га киритилган ҳадислар сони 7275 та деб кўрсатилган. Бир неча йилдан буён бу тафовут ҳеч ўзгаришсиз шундайлигича қолаётир.

Бу саволга жавобни “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти томонидан 2017 йилда нашр этилган “Ислом” энциклопедиясидан топамиз: “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”дан Имом Бухорий томонидан тўпланган 600 мингга яқин ҳадис орасидан ишончли ҳадислар сифатида танлаб олинган 7275 ҳадис (такрорланадиганлари билан бирга) жой олган. Тўпламда такрорланмайдиган ҳадислар сони 4000 дан иборат” (415-бет). Ушбу энциклопедия бир неча тарихчи олимлар, исломшунослар, диний уламолар томонидан тайёрланган. Демак, ҳадисларнинг 7275 талиги ҳақиқат. Шундай экан, 5-синф адабиёт дарслигининг кейинги нашрида бу маълумот тўғриланади, деган умиддамиз.

9-синф “Адабиёт” дарслигида берилган “Фарҳод ва Ширин” достонида ҳам мазмунга путур етказадиган бир қанча имловий хатолар бор. Масалан: “Бу фарни ҳодийи бахт етгач иршод, Равон шаҳзода отин қўйди Фарҳод” аслида “Бу фарни ҳодийи бахт этгач иршод, Равон шаҳзода отин қўйди Фарҳод”; “Бу жалвалким, чекибдурлар арода, Ариқ қозмоқ қилибдурлар ирода” аслида “Бу жадвалким, чекибдурлар арода, Ариқ қозмоқ қилибдурлар ирода”; “Не имконим қарор ўлғай кўнгулга, Тасалли ошкор ўлғай кўнгулга” аслида “Не имконким қарор ўлғай кўнгулга, Тасалли ошкор ўлғай кўнгулга”.

Ҳозир ҳам тирик шоирлар борми?

Яқинда олий ўқув юртига кириш учун репетиторга қатнаётган бир йигит билан суҳбатлашиб қолдим. Адабиёт соҳасига яқинлигимни билиб, “Ҳозир ҳам тирик шоирлар борми?”, деб қолди. Дафъатан кулиб юбордим. Кулганимдан хижолат бўлдими, “Тўғри-да, дарсликдаги ҳамма шоирлар вафот этган. Ҳозир ҳам яшаб ижод қилаётганлари киритилмаган демоқчиман”, деди. Бу гапдан кейин кулолмадим, аксинча, ич-ичимдан хўрсиндим. Негаки, бу йигит дарсликка қараб, бугунги кунда адабий асарлар яратилмаяпти, бошқа шоир-ёзувчи йўқ экан, деган хаёлга бораётгани кишини ўйлантириши тайин. Афсуски, бундай ёшлар кўплаб топилади.

Адабиёт дарсликлари бугунги адабиёт, адабий жараён даракчиси бўлиши ҳам керак. Шунинг учун Омон Матжон, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Йўлдош Эшбек, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Азим Суюн, Мирза Кенжабек, Хуршид Дўстмуҳаммад, Эшқобил Шукур, Абдували Қутбиддин, Сирожиддин Саййид, Назар Эшонқул, Иқбол Мирзо, шунингдек, марҳум ижодкорлардан Чўлпон Эргаш, Муҳаммад Раҳмон, Матназар Абдулҳақим, Аъзам Ўктам, Равшан Файз каби шоир-ёзувчилар борлиги, уларнинг ажойиб асарлари ўзбек адабиётининг энг яхши намуналари эканидан бехабар авлоднинг кўплигига ҳам айни шу ҳол – мактаб дарслигига бугунги ўзбек адабиёти вакиллари киритилмагани сабаб бўлаётир. Тўғри, академик лицейларнинг 3-босқич адабиёт дарслигининг охирги бўлимида мустақил ўқиш учун ҳозирги адабий жараён вакиллари асарлари берилган. Бироқ, булар ҳам ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан ўқилмайди. Миллий адабиётимиз даражасини кўрсатиб турувчи дарсликларга асарлари бадиий баркамол бўлган шоир-ёзувчиларнигина киритиш керак. 

Она тили дарсликлари мураккаб ва мужмал 
қоидалару мисоллардан иборат

Энди она тили дарсликлари хусусида ҳам айрим мулоҳазаларни билдириб ўтсак.

Она тили дарси ўтилишидан асосий мақсад қуруқ грамматика ва қонун-қоидаларни ўргатиш эмас, аксинча, ўқувиларга ўзбек тилининг жозибасини, унинг имконият даражасини кўрсатиш, она тилига муҳаббатни оширишдан иборат бўлиши лозим. Аммо амалдаги она тили дарсликлари мураккаб ва мужмал қоидалару мисоллардан иборат бўлиб қолмоқда. Шу боис ҳам кириш имтиҳонларидаги турли ғалвалар, аппеляцияга бериб, жавоблар тўғри эканини исботлашга уриниш йўлидаги машмашалар кўпайди...

Тўғри, билимни ўқитувчи беради, аммо китоб ҳам ўқувчига ўқитувчисиз тушунарли, ўзлаштиришга осон бўлиши керак. Бироқ, ҳозирги она тили дарсликларига назар ташласак, йилдан-йилга мураккаблашиб бормоқда.

Дарсликларда кераксиз назарий масалаларга беҳад чуқур кириб кетилгани, грамматика таълимига асосий урғу берилиб, сўз таълими кейинги ўринга тушиб қолгани, дарсликлардаги хатоликлар, назарий чалкашликлар, ўқувчи эгаллаган кўпгина билимлар аслида компетенциявий моҳиятга эга эмаслиги кабилар она тили таълимидаги муаммолардандир.

Ўн бир йил ҳатто “аъло” баҳога ўқиган ўқувчи ҳам ўзбекона сўзларнинг жаранги, келиб чиқиши, ўзига хос хусусиятидан бехабар. Чунки улар фақат қоида ёдлаган. Инсон ўз она тилининг фақат назарий жиҳати эмас, лисоний-табиий хусусиятларини яхши ўзлаштирсагина у миллий ўзлиги даражасида фикрлайди, юртига, миллатига, миллий анъана ва маданиятига муҳаббати ортади. Она тили ва адабиёт дарсликларининг бошқа дарслардан афзаллиги ҳам шунда!

Она тили дарсликларида қоидалар анча мураккаблашган, айримларида мужмал қоидалар мавжуд. Масалан, 6-синфда феъл сўз туркуми ўтилади. Феъл нисбатлари ҳақида шундай қоида берилади: “Иш-ҳаракат ва ҳолат жараёнида бажарувчининг қай даражада иштирок этишини ифодаловчи феъл шакли нисбат шакллари дейилади”. “Деҳқончаси”га тушунтирилганда, иш-ҳаракатни ким бажаряпти: бир кишими, бир неча кишими ва ёки бирор киши таъсирида бошқа одам иш бажаряптими. Мажҳул нисбат қоидасида айтиладики, ҳаракатни бажарувчи шахс матн мазмунида кўринмайди, гапнинг кесими -н, -ин, -л, -ил қўшимчалари билан ифодаланади. Масалан: Кўчага эълон тахтаси қўйилди. Бу гап қоидага мос ва мантиқан ҳам тўғри: ишни бажарган одам йўқ, аниқ эмас – мажҳул.

Лекин лицей дарслигида бу қоидага қўшимча қилинади ва 6-синфда ўрганилган билим саробга айланади. Хуллас, лицей дарслигида айтиладики, энди иш-ҳаракат бажарувчиси бўлса ҳам мажҳул бўлиши мумкин: Кир Азиза томонидан ювилди. Юқоридаги икки гапга қарасангиз, иккаласининг кесимида -ил деган қўшима бор. Аммо иккинчи гапда мажҳул нисбат ҳақидаги қоидага амал қилинмаган. Биринчи гапда ишни ким бажаргани маълум эмас, лекин иккинчи гапда ҳаракат бажарувчиси Азиза экани кўриниб турибди-ку! Наҳотки, ўқувчиларни чалғитаётган, кейинчалик шу мужмаллик орқасидан кириш имтиҳонларида ёшлар хатоликка йўл қўяди-да, арзимаган, аммо ҳаёт-мамотни ҳал қиладиган ярим ёки бир балл билан ўқишга киролмай қайтиб кетади.

Умумтаълим мактаблари, коллеж ва академик 
лицей дарсликлари ўртасида узвийлик йўқ

4-5 йил абитуриетларга она тили ва адабиёт фанидан дарс берганман. Уларга имкон борича соддароқ қилиб, даражаларига мослаб дарс ўтардим. Аммо уларнинг айримлари “Устоз, нега ўзбек тили бунча мураккаб, қоидаларга ўзбек бўлатуриб тушунмаймиз”, дейишарди. Мен мулзам бўлиб қолардим. Аммо қоидаларнинг айримлари хато ва айрим ўринларда чалкаш эканини айтиб, аслида қандай бўлиши лозимлигини ақлим етганича тушунтирардим. Ўқувчи нима қилсинки, у имтиҳонда ўқитувчисининг гапига таяниб эмас, айнан дарсликдаги қоидага асосланиб тест ечиши керак – у шунга мажбур!..

Умумтаълим мактаблари, коллеж ва академик лицей дарсликлари ўртасида узвийлик йўқ. Қоидалар бир-бирини такрорлаш билан бирга, айримларида ҳар хиллик жуда кўп, айримлари бир-бирини инкор этади. Оддий мисол:

1) феълнинг маъновий гуруҳлари 6-синфда 4 та, академик лицей (2-курс)да 7 та;

2) сифат даражалари 6-синфда 4 та, академик лицей (2-курс)да 3 та;

3) феъл майллари 6-синфда 3 та, академик лицей (2-курс)да 4 та…

Она тили дарсликларидаги баъзи мавзулар ҳатто ўқитувчиларни ҳам қийнаб қўяётганини ўзлари тан олишади. Масалан, олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларидан бири суҳбатда филолог-педагогларни ҳам қийнаётган мавзулар деб, қуйидагиларни айтган эди:

– 8-синф дарслигида қўшма гап сифатида келтирилган бирликнинг академик лицей дарслигида уюшиқ кесимли содда гап сифатида берилгани;

– ажратилган бўлаклар ичида ажратилган кесим истилоҳи йўқ бўла туриб (8-синф), лицей дарслигида унинг ҳам ажратилиши ҳақидаги фикр берилиши;

– тўлдирувчи ва ҳолнинг аниқ чегараси йўқлиги;

– қўшма феъл билан ифодаланган кесимнинг от кесим ёки феъл кесимлиги муаммоси;

– феъл кесимнинг соф феъл билан ифодаланиши айтилганига қарамай, равишдош билан ифодаланишига мисол келтирилиши;

– равишнинг ясалиши муаммолари ва ҳоказолар.

Бундай чалкашликлар кўп, санасак, бир неча саҳифа тўлиб кетади. Аммо фақат хато топмасдан, ечим айтиш керак. Бизнингча:

– дарслик ёзаётган муаллифлар бирлашиб, ягона фикрга келиши, яхлит қоида тизимини яратиши керак;

– фан атамаларини қўллашда бир хилликка эришиб, мувофиқлаштириш лозим;

– илмий, ўта чуқур қоидаларни соддалаштириш керак;

– дарсликдан билим олган ўқувчи сўз, унинг лисоний жозибаси, илоҳий сири ҳақида тасаввурга эга бўлиши керак. Бунинг учун эса она тили дарсликларининг асосий вазифасидан бири ўқувчиларга сўз маъносини англатиш, сўз танлаш ва қўллаш малакасини шакллантириш бўлиши лозим. Бунинг натижасида ёшларнинг сўз захираси, демакки, нутқи бойиб боради, уларнинг саводхонлиги табиий равишда ошади. Бу эса ўқувчида мантиқий, образли, ассоциатив фикрлашга замин яратади, тафаккури юксалади.

–она тили дарслигини яратиш жараёнига методист ўқитувчиларни, айнан мактабда дарс берадиган, бир неча йил мактаб “ҳавосини олган” ва ўқувчи ёши, психологиясини ҳисобга олган ҳолда мавзу танлай оладиган ўқитувчиларни жалб қилиш керак. Шунда International English Language Testing System (IELTS) ўқув тизимида энг юқори – 8, 9 балл олиб, худди инглиздек инглизча равон гапираётган ўқувчи-ёшларимизнинг ўз тилларига ҳурмати ортади, ўз тилини яхши кўра бошлайди, шунча юқори балл тўплаб, ўз она тили билан боғлиқ тест синовида паст балл олиб, ҳафсаласи пир бўлмайди.

Юртни қудратли қиладиган авлодни тарбиялашда қалб ва тафаккур соғломлиги муҳим – бирламчи! Улғаяётган боланинг қалб ва тафаккурини соғ сақлайдиган тил ва адабиёт дарсликларидир. Дарсликлардаги дарзлар келажак эгаларининг шуури ва кўнглига кўчмасин.

Ҳусан Мақсудов,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат
ўзбек тили ва адабиёти университети Олий адабиёт курси тингловчиси,
“Ёшлик” журнали адабий муҳаррири.


PS. ЎзА сайтида 2019 йил 19 мартда бу мавзуда Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Гулчеҳра Рихсиеванинг “Дарсликлар замон талабига мос бўлсин” номли мақоласи эълон қилинган эди. Баҳсни давом эттирамиз.

Сайтимизни кузатиб боринг!

13 117
ЎзА