ЎзА Ўзбек

06.12.2018 19:01 Чоп этиш версияси

"Мен элимнинг юрагида яшайман"

"Мен элимнинг юрагида яшайман"
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ҳамид Олимжон хотирасига бағишланган “Мен элимнинг юрагида яшайман” номли адабий кеча бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Маданият ва санъат кўргазмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда уюшма аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ижодкорлар, адабиётшунослар, иқтидорли ёшлар ҳамда журналистлар иштирок этди. 

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни қарор топтириш, ёшларда китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Мазкур тадбир Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда улуғ шоир хотирасини ёд этишга бағишланди. 

Тадбирда шодлик ва бахт куйчиси, истеъдодли шоир, драматург, олим, давлат ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон қисқа умри давомида ёзиб қолдирган адабий мерос бугун ҳам халқимиз томонидан севиб ўқилиши эътироф этилди. 

Атоқли шоир Ҳамид Олимжоннинг «Кўклам», «Тонг шабадаси», «Олов сочлар», «Пойга», «Ўлим ёвга», «Дарё кечаси», «Шеърлар», «Ўлка», «Ойгул ва Бахтиёр», «Бахт», «Қўлингга қурол ол!», «Она ва ўғил», «Ишонч» шеърий тўпламлари чоп этилган. 

Шунингдек, шоир Н.Островскийнинг «Пўлат қандай тобланди» романи ва А.Пушкин, Л.Толстой, В.Маяковский, Т.Шевченко каби шоир-ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 

Тадбирда адиб ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумот берилди, шеърларидан намуналар ўқилди. Шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган фото ва китоб кўргазмалари ҳам ташкил этилди. 
photo5208597434060614570.jpg

photo5208597434060614571.jpg

photo5208597434060614572.jpg



Гулноза Бобоева, ЎзА
5 310