ЎзА Ўзбек

06.03.2020 Чоп этиш версияси

Меҳрибон она, суюкли ёр мақоми – энг буюк мукофот

Меҳрибон она, суюкли ёр мақоми – энг буюк мукофот

Аёл – гўзаллик тимсоли, оила замини, жамият устуни, хонадонимиз фариштаси, ҳаётимиз файзи, кўрки. Аёл – ғамхўр она, меҳрибон опа-сингил, вафодор ёр, суюкли қиз. Аёлларсиз бахтимиз тўлиқ, бағримиз бутун, дастурхонимиз тўкин, ҳаётимиз тотли бўлмайди.

Бугун бирор бир соҳа, бирор бир тизим йўқки аёлларни у ерда учратмасак. Ижтимоий соҳа деймизми, саноатми, қурилишми, қишлоқ хўжалигими, қўйингки ҳар бир жабҳада аёллар қўлини, аёллар меҳнатини, қалб қўрини бериб, бир эркакдан зиёдроқ ишлаётганига жуда кўп ҳолларда гувоҳ бўлганмиз.

Мақоламиз қаҳрамони сирдарёлик Гулчеҳра Джонжигитова ҳам ана шундай меҳнатсевар, фидойи аёллардан бири..

Гулчеҳранинг отаси Исоқ Маликов бу ёруғ оламни барвақт тарк этди. Онаси Жумахон опа 28 ёшда бева қолиб 4 қиз ва 1 ўғилни ёлғиз тарбиялади. Оиланинг тўнғичи Гулчеҳра ўқувчилик давриданоқ рўзғор ташвишларини онаизори билан бирга тортишга мажбур бўлди.

Гулчехра-3.jpg

Ҳарна бўлганда, жигар-жигар эканда, Гулчеҳранинг тоғаси Райимқул ака Алибеков уларнинг жонига аро кирди. Жиянларини ўқитди, турмушга узатди, уйли-жойли қилди.

Гулчеҳра Боёвут туманидаги 10-умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тамомлагач, онаси ва тоғасининг қистови билан Гулистон давлат университетининг тарих ва жамиятшунослик факультетига ўқишга кирди. Диплом ишини муваффақиятли йўқлагач, Гулчеҳра Маликова (қизлик фамилияси) Боёвут туманидаги 39-умумтаълим мактабида тарих фанидан ўқувчиларга сабоқ берди.

– Мактаб ўқувчилик давримда, оилага ёрдам учун савхозда меҳнат қилардим, – дея хотирлайди Гулчеҳра Джонжигитова. – Мактабдан сўнг далага чиқиб ғўза чопиғи, яганаси, қўйинки бутун мавсум давомида меҳнат қилиб пул топардим. Ўша пайтда бола меҳнатидан фойдаланмаслик, деган тушунча бўлмаган эканда.

Дарҳақиқат, ўша собиқ иттифоқ даврида бундай ҳолатлар, комсомол даъвати, қалб арми, жонажон “ватан” учун, мамлакатимизнинг “оқ олтин хирмони” учун меҳнат қилишдир, дея тушинтириларди-да.

Халқимиз, қизболани палохмон тоши, отсанг, қаерга бориб тушса, ўша жойида қўним топсин, қўли хамирга, этаги болага тўлсин, дея дуо қилади. Гулчеҳра туғилиб ўсган туманидан унчалик узоқ бўлмаган Боёвут туманига, асли зоминлик бўлган шифокор йигит Қурбонбой Джонжигитовга турмушга чиқди.

Боёвут туманидан Янгиер шаҳрига оиласи билан кўчиб келиб, интернатура ўташ учун Қурбонбой Джонжигитов Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасида иш фаолиятини бошлади.

photo_2020-03-06_13-27-47.jpg

Бу орада Гулчеҳра Джонжигтова Янгиер шаҳар халқ таълими бўлимида васийлик ва ҳомийлик ишлари бўйича назоратчи, шаҳардаги 13-мактабгача таълим ташкилотида мудира лавозимларида фаолият юритди.

Бугун Джонжигитовларнинг 3 қизи 1 ўғли ота-онасининг баркамол тарбияси сабаб олий маълумотли, касб-ҳунарли, қолаверса уйли-жойли, фарзандли бўлди.

Тўғичлари Нозима Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Иккинчи фарзандлари Ойгул Янгиерда “Нозигул Сардор Оқолтин” МЧЖга қарашли хусусий клиникада ҳамшира, Нозигул “Нозигул Сардор Оқолтин” МЧЖга қрашли дорихона мудираси. Сардорбек Тошкент тиббиёт институтининг неврология йўналишининг магистранти бўлиши билан бирга, шу пайтгача отаси Қурбонбой ака бошқариб келган “Нозигул Сардорбек Оқолтин” МЧЖни бошқаришни ҳам ўз қўлига олган. Келинлари Хушнидахон “Камронбек Шифо Стар” МЧЖ хусусий клиникасининг иш бошқарувчиси вазифасида меҳнат қилмоқда. Уларнинг фарзандлари Мубинахон ва Муҳаммадамир боғча тарбияланувчилари.

– Туғруқ таътилига чиққанимда ҳам бекор ўтирмаганман. Зоминга турмуш ўртоғимнинг қариндош-уруғлариникига борганимда ўрганиб келган таом – тандир кабоб қилиб сотганман. Тадбиркорлик ўшанда бошланган, – дейди Гулчеҳра ўзига завқ бағишлаган дамларни эслаб. – Кейинроқ, оилам билан истиқомат қилаётган Янгиер шаҳридан тандир кабоб чойхонасини очдик. Лекин ўшанда чойхонамиз мижозлар билан гавжум бўларди.

Гулчеҳра биргина тандир кабоб пиширишни яхшигина ўзлаштириб олиш билан чекланмади. Тўй – ҳашамларга торт тайёрлаб бериш билан бирга, Шарқ таомлари: уйғур лағмонидан тортиб, норину хонимгача, корейс чимчисию куксусигача тайёрлашни, бичиш-тикиш, тўқиш сирларини ўргатувчи курсларда таҳсил олиб, тажрибасини оширди. Турли аёллар

зеб-зийнатларини ясовчи заргарга шогирд тушиб, аёллар тақинчоқларини ясашни ўзлаштирди. Ҳатто шофёрлик курсида ўқиб гувоҳнома ҳам олди.

Турмуш ўртоғи Қурбонбой ака Гулчеҳрада тадбиркорликка бўлган иқтидорни пайқаб унга ўзи фаолият юритаётган Янгиер шаҳридаги “Нозигул Сардор Оқолтин” масъулияти чекланган жамиятида меҳнат фаолиятини давом эттиришни таклиф қилди.

2004-2009 йиллар давомида Гулчеҳра Джонжигитова “Нозигул Сардор Оқолтин” МЧЖда менеджер, 2009-2015 йилларда раҳбар ўринбосари, яъни Қурбонбой аканинг ўнг қўли бўлиб меҳнат қилди.

2015 йил МЧЖнинг Гулистон шаҳридаги филиали ташкил этилгач, Гулчеҳра ушбу хусусий клиникага директор бўлди.

Айнан шу йили унинг ишбилармонлигини, тадбиркорлигини кўрган ишбилармон сирдарёлик аёллар бир овоздан уни “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассосацияси Сирдарё вилояти бўлинмаси раиси этиб сайлашди. Шу йили Гулчеҳра Джонжигитова Янгиер шаҳрида “Камронбек шифо стар” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, мана бир неча йилдирки ўзи раҳбарлик қилиб келмоқда.

Боёвут туманида собиқ марказий шифохона биносини “ноль“ қийматда олиб у ерда бошлаган таъмирлаш ишлари ҳам якунланиш арафасида. Боёвутда ҳам хусусий клиника ташкил этилиб, дастлаб 30 га яқин мутахассислар иш билан таъминланиши режалаштирилган.

Бу халқ саломатлиги, манфаати, қолаверса, яна янги иш ўринларини ўйлаб амалга оширилган эзгу ишлар.

– Ўтган йили “Камронбек шифо стар” МЧЖга қарашли хусусий клиника ташкил этдик, – дейди Гулчеҳра Джонжигитова. – Янгиер шаҳридаги клиникамизда бел чурраси консерватив (жарроҳликсиз муолажа усулида) даволашга ихтисослашган. Бу ерда 30 киши меҳнат қилаётир. Президентимизнинг амалий кўмаклари, биз, тадбиркорларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрликлари самарасида Гулистондаги хусусий клиникамиз учун 10 йил муддатга 75 минг АҚШ долларилик 1 фоизли имтиёзли кредит маблағи олиб, хориждан энг замонавий жарроҳлик тиббиёт ускуналарини олиб келиб ўрнатдик.

Дарвоқе, айни пайтда, ушбу хусусий клиникада энг мураккаб жаррроҳлик амалиётлари ўтказилади.

2019 йил декабр ойидан “Нозигул Сардор Оқолтин” МЧЖни янада ривожлантириш учун хорижий давлатлардан замонавий тиббиёт технологияларини олиб келиш учун Халқ банкидан 500 минг АҚШ доллари миқдорида кредит маблағларини хорижий заводларга ўтказиб берди.

Гулчеҳра Джонжигитованинг ажойиб ҳислатларидан бири, гарчанд мутахассислиги тиббиёт соҳасида бўлмасада, юксак билим ва тажрибага эга соҳа ходимларини клиникасига жалб этиб, қўл остида ишлаётган шифокор ва тиббиёт ходимлари учун тез-тез маҳорат дарсларини ташкил этишни хуш кўради. Бу ерга Россия, Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатлардан профессорлар келиб кўплаб беморларни даволади, тиббиётнинг сўнгги сир-асрорларидан клиника тиббиёт ходимлари ўртасида маҳорат тажриба амалиётлари ўтказди.

– Мен 2 нарсани яхши кўраман. Бири бўш вақтим бўлдими китоб ўқишни, иккинчиси янги-янги иш ўринлари яратиб, токи бирор юртдошимни ишсиз қолмаслигни таъминлашни, – дейди Гулчеҳра.

Эҳтимол мана шу хислатлари учун ҳам 2019 йилда Янги Ўзбекистон – янги сайловлар шиори остида бўлиб ўтиган сайловларда янгиерликлар Гулчеҳра Джонжигитовани халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашига депутат этиб сайлагандир.

Айни пайтда, сайлов олди ваъдаларини бажариш учун депутат Гулчеҳра Джонжигитова Янгиер шаҳрида ишсиз ёшлар ва хотин-қизларга ҳунар ўргатиш мақсадида мебель ва тикувчилик цехини ташкил этиш устида астойдил иш олиб бормоқда.

– Ушбу кичик корхонамиз ишга тушгач, мебель цехида 15 нафар, тикув цехида 20 нафар янгиерликлар иш билан таъминланади, – дейди Гулчеҳра Джонжигитова. – Бу албатта амалга ошираётган лойиҳамизнинг биринчи босқичи. Лойиҳанинг 2-босқичи ишга тушгач, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам, иш ўринлари сони ҳам 4 баробар ортади.

Бундан ташқари, тадбиркор, депутат, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси Гулчеҳра Джонжигитова ўзи туғилиб ўсган Боёвут туманида “Камронбек шифо стар” масъулияти чекланган жамиятининг филиалини ташкил этишни режалаштирган.

Биз тиниб-тинчимас тадбиркор опага бир неча савол билан мурожаат қилдик.

– Раҳбар, тадбиркор, депутат, партия фаоли,

ғамхўр она, меҳрибон бувижон, қолаверса суюкли турмуш ўртоқ Гулчеҳра Джонжигитованинг ҳам армони борми?

– Менимча, бу дунёда армони йўқ инсоннинг ўзи бўлмаса керак, – дейди Гулчеҳра опа. – Менинг биринчи армоним – ўз мутахассислигим, ҳуқуқшунослик касбини давом эттира олмаганим. Иккинчиси эса.., мен ёшлигимда шифокор бўлишни орзу қилардим. Қани эди, тиббиёт соҳасида сиртқи бўлим бўлсаю, уни битириб профессионал тиббиёт ходими бўлсам. Лекин иккисини ҳам иложи йўқ.

– Тадбиркорлик фаолиятида муваффақиятларга эришишингизни сири нимада, деб ўйлайсиз?

– Сири интилишда, изланишда, меҳнат қилишда, деб ўйлайман. Лекин мени тадбиркорлик фаолиятим равнақ топишида аввало Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорларга қаратган ҳукумат даражасидаги эътиборидан, деб ўйлайман. Мени тадбиркорликка ундаган, қизиқтирган, ҳам маънавий ҳам моддий жиҳатдан ҳамиша қўллаб-қувватлаб турган турмуш ўртоғим Қурбонбой ака Джонжигитов бўлади.

– Сизнингча, меҳри дарё она ва садоқатли ёр бўлиш қийинми ёки мустаҳкам иродали яъни, бугунги шароитда тадбиркор аёл бўлиш қийинми?

– Меҳрибон, ғамхўр она ва севимли, садоқатли ёр бўлиш – ўзбек аёлининг минталитетида, яъни қонида бор. Бунинг учун бирор бир олийгоҳни битириш шарт эмас. Бу сабоқлар ҳеч қайси институтда берилмайди. Ўзбек аёлини ҳаёт университетининг ўзи оналик ва жуфти ҳалоллик мақомида камол топтириб, профессионал даражага етадиган инсон этиб тарбиялай олади.

Тадбиркор ёки сиз айтгандек – мустаҳкам иродали бўлиш учун инсоннинг ўзи ўқиши, уқиши, изланиши, елиб югуриши талаб этилади. Бу борада унга сабоқ берувчилар деярли йўқ. Уни ўзи ҳаётдан, жамиятдан шу сабоқларни топа билиши керак. Бу эса назаримда анча мушкул. Бешикдан то қабргача илм ўрган, дейишади. Менимча ҳар бир инсон ҳар куни ниманидир ўрганиши, тажрибасини бойитиб бориши керак. Менга бошқа аёллар сингари меҳрибон оналик, садоқатли ёрлик мақомидан бошқа ҳеч нарса керак эмас. Зеро ўзбек аёлига бунданда олийроқ мақомнинг ўзи бўлмаса керак.

25 152
А.ҚАЮМОВ, мухбир. Ф.ТОШМАТОВ, (сурат) ЎзА