ЎзА Ўзбек

01.03.2018 17:53 Чоп этиш версияси

Меҳр ва садоқат тимсолига эҳтиром

Меҳр ва садоқат тимсолига эҳтиром Зулфия – бахт ва баҳор куйчиси, меҳр ва садоқат, фидойилик тимсоли. Юртимизда халқимизнинг ардоқли шоираси китоблари кириб бормаган хонадонни топиш қийин. Ҳар йили баҳорнинг илк кунида атоқли жамоат арбоби, журналист ва шоира, халқимиз суюкли фарзандининг таваллуд айёми кенг нишонланади.

1 март куни пойтахтимиздаги Адиблар хиёбони эрта тонгдан анвойи гуллар, шеърий тўпламлар, китоб тутган ёшлар, нуроний отахон ва онахонлар, кенг жамоатчилик вакиллари билан гавжум бўлди. Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия таваллудининг 103 йиллиги муносабати билан ташкил этилган маърифий тадбирга шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, адабиёт мухлислари таклиф этилди.

24.JPG

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ушбу маскан янада кўркам, обод, сўлим қиёфа касб этмоқда. Бу ерда Зулфия ва Ҳамид Олимжон ҳайкали ўрнатилгани хиёбонда бетакрор адабий муҳит юзага келишида, у шеърият ихлосмандлари талпинадиган ажойиб гўшага, ўзига хос зиёратгоҳга айланишида алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Д.Нажмутдинова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, шоиранинг келини Р.Олимжонова, Ўзбекистон давлат консерваториясининг бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси мудири, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси О.Абдуллаева ва бошқалар юртимизда миллий адабиёт, санъат ва маданиятимиз равнақи йўлида улкан ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу жараёнда сўз санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган ижодкорлар меҳнатини қадрлаш, устоз шоир ва ёзувчиларнинг хотирасини эъзозлаш, уларнинг асарлари мазмунини кенг тарғиб этиш бўйича кўплаб амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

9.JPG

Халқимиз Зулфияни Ватан, табиат, мунис аёлларни содда ва самимий, ғоят таъсирчан тараннум этган шоира сифатида ҳамиша ардоқлайди. Унинг оташин сатрлари табаррук диёримизни, тинч ва осойишта, фаровон ва бахтиёр ҳаётимизни, мусаффо осмонимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга, одамларни бир-бирини қадрлашга чорлайди.

Юртимизда 1999 йили Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилгани шоира хотирасини абадийлаштириш ва унинг ижодига улкан эҳтиромнинг ифодаси бўлди. Айни пайтда ушбу мукофот юртимизда хотин-қизларнинг жамият тараққиётидаги фаоллигига ҳурмат намунасига, иқтидорли қизларни янги-янги марраларга чорловчи омилга айлангани халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилмоқда.

30.JPG

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ эндиликда Зулфия номидаги Давлат мукофоти таълим, фан, адабиёт, маданият, санъат, спорт ва жамоатчилик фаолиятида алоҳида ютуқларга эришган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафардан берилади.

Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилгани эса адабий меросимизни чуқур ўрганиш, ёшларнинг она тилимизга бўлган эҳтиромини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

– Ватанни ардоқлашда, халқимизга садоқат ва фидойилик билан хизмат қилишда шоира опамиз биз учун чинакам ибрат мактабидир, –деди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, Ўзбекистон Миллий университети хорижий филология факультети талабаси Чаман Жонузоқова. – Унинг шеърларини инглиз тилига таржима қилиш ниятидаман.

Тадбирда Зулфия ижодидан намуналар ҳамда ёш шоираларнинг шеърлари янгради. Она Ватанни, баҳорни тараннум этувчи қўшиқлар ижро этилди. Ёш мусаввирлар ишларидан иборат кўргазма ташкил этилди.

Шоира ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
16 651