ЎзА Ўзбек

13.08.2019 12:59 Чоп этиш версияси

Меҳр-мурувват – азалий қадрият

Меҳр-мурувват – азалий қадрият

Меҳр-мурувват, саховат, бағрикенглик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган тушунчалардир. Аммо замоннинг шиддат билан ривожланиши, глобаллашув, одамларнинг моддий бойликка тобора ружу қўйиши ва яна бир қанча омиллар сабаб феълимиз бироз торайиб, дийдамиз қаттиқлашиб, нафс қурбонига айланиб бораётгандекмиз. Яқинда интернет тармоғида бир сурат – фотоколлажга кўзим тушди: кўчада тиланчилик қилиб, оч-наҳор ухлаб қолган тўрт-беш ёшлардаги болакай ва тўкин дастурхон атрофида кайф-у сафо қилаётган одамлар... Юракни ларзага келтирувчи манзара...

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами давлатимиз томонидан алоҳида ҳимояга олингани, уларга муносиб турмуш шароити яратиш борасида қилинаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар кўнгилларга таскин беради. Ана шундай эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари борки, улар кўплаб юртдошларимизга ижтимоий-иқтисодий, маънавий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Шулардан бири Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди. Мазкур фонд 2014 йил 21 ноябрда Адлия вазирлиги томонидан қайта давлат рўйхатига олинган. Фонд ўтган йиллар давомида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб лойиҳаларни амалга оширди.

Фонд тарихи ҳақида сўз юритганда, фонд ташкилотчиларидан бири профессор Шабот Хўжаев номини тилга олмасликнинг иложи йўқ. Ўтган йиллар давомида у киши мазкур жамғарманинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш учун бутун кучини, билим ва салоҳиятини сарфлади. Вақт ўтиши билан жамғарма мамлакат миқёсида танилиб борди, одамларнинг дардига дармон бўлди. Жамиятда меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, хайр-саховат туйғулари мустаҳкамланишида ўз ҳиссасини қўшди. Ҳамон ишларни ташкил этишда жамоат фонди фахрий раиси Шабот Хўжаевнинг маслаҳатлари, кўрсатмаларига таянилади.

– Мазкур фонднинг асосий мақсади жамиятда инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва холис ёрдам сингари эзгу ғояларни, юксак одамийлик фазилатларини ўзида мужассам этган азалий урф-одат ва анъаналарнинг қарор топишига, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга кўмаклашиш ва ҳамкорлик қилиш, одамларнинг маиший ҳаёти ва турмуш шароитини яхшилашга қаратилган эзгу ишларда фаол қатнашишдан иборатдир, – дейди Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди бошқаруви кенгаши раиси Асрол Мирзааҳмедов. – Фондимиз Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари, туман, шаҳар ҳудудий муассасалари, Наманган, Навоий, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ваколатхоналари, туман, шаҳар филиалларига эга. Ўтган йил давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўмаги ва фонднинг мурожаатига асосан жамоат фонди ҳисоб рақамига келиб тушган 3 миллиард 123 миллион 447 минг сўм маблағ ҳисобидан кам таъминланган, меҳнатга лаёқати чекланган фуқароларга Россия Федерацияси, Ҳиндистон ва мамлакатимизнинг турли клиникаларида даволанишига кўмаклашилди. Қаровчиси ва боқувчиси бўлмаган кишиларга моддий ёрдамлар ташкил этилди. Тошкент шаҳар болалар асаб касалликлари марказининг мурожаатига биноан ётоқ жиҳозлари харид қилинди. Мурувват ва Саховат уйларида яшовчи ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун мунтазам маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб турамиз. Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда ҳам фондимиз фаол иштирок этмоқда. Айнан шу мақсадлар учун 2018 йилда 559 миллион 596 минг сўм сарф этилди.

Якка-ёлғиз, қаровчиси ва боқувчиси бўлмаган кишиларга, эҳтиёжманд оилаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамни янада яхшилашга ҳисса қўшиш мақсадида меҳнат жамоалари, давлат ва жамоат ташкилотлари, ишбилармонлар ва тадбиркорларнинг куч-ғайратларини кўнгилли асосда бирлаштириш фонд олдидаги вазифалардандир. Фонд аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасаларда қурилиш, реконструкция, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларида, соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат қилаётган ходимлар малакасини ошириш – хорижий давлатларда ўқитиш, рағбатлантиришда ҳомийлик, меҳр-шафқ
ат ва хайр-эҳсон амалларини тарғиб қилувчи хамда фуқаролар саломатлигини яхшилаш йўлида фаолият кўрсатаётган давлат, жамоат, хусусий ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади. Инсонпарварлик ёрдами зарур бўлган оилаларга, ногиронларга, якка-ёлғиз қарияларга, меҳнатга лаёқатсиз кишиларга, табиий офат, бахтсиз ҳодисалардан азият чеккан шахсларга доимий ғамхўрлик кўрсатиб, васийликка муҳтож кишиларнинг муаммоларига жамоатчилик ва меҳнат жамоаларининг эътиборини жалб қилиб, уларга ижтимоий ва ўта зарур бўлган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида кўнгилли бадаллар ва хайриялар тўплайди.

Йил давомида жамоат фонди бошқарувига Президентнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига мурожаат этган фуқароларимиздан, тиббиёт муассасалари, маҳалла қўмиталаридан келган ариза-мурожаатлар 102 та бўлиб, уларнинг асосий мазмуни ижтимоий ёрдамга муҳтож кишиларни озиқ-овқат, протез-ортопедия буюмлари, техник воситалар, дори-дармонлар билан таъминлашда, даволаш масканларига жойлаштиришда ҳомийлик ёрдами кўрсатишдан иборат. Барча ариза-мурожаатлар белгиланган муддатда кўриб чиқилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўмагида ҳал этилди.

Тошкентлик Нигора Алашева академик лицейда ўқиб юрган пайтлари бахтсиз ҳодисага дучор бўлди. Ўқув биносининг юқори қаватига кўтарилиш пайтида бехосдан зинадан йиқилди. Ўша пайт оддий қилиб айтганда, бош томири ёрилиб кетди. Зудлик билан республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида операция қилинди. Кетма-кет уч марта жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган қиз охирги операциядан кейин кома ҳолатига тушиб қолди. Шу зайлда 11 кун ҳушсиз ётди...

– 2013 йил... Ўша пайтдаги ҳолатимни тасаввур ҳам қила олмайсиз, – дейди Нигоранинг отаси Тоир Алашев. – Бошимдан ўтган бундай кунларни ҳеч бир ота-онага раво кўрмайман. Беш йил қизимни оёққа турғазиш учун нималар қилмадик, кимларнинг эшигини қоқмадик. Кейинчалик шифокорлар қизимнинг бош томирлари ўралиб қолганини айтишди. Бундай нозик операцияни Германия, Жанубий Корея ва Россия клиникаларидагина бажариш мумкин экан. Хорижга чиқиш учун бизда маблағ йўқ эди. Беш йил давомида қизимни даволатиш учун бор-будимизни сотиб тугатган эдик. Ана шундай оғир пайтларда бизга Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди кўмаги асқотди. Улар2017-2018 йиллар мобайнида икки маротаба Россия клиникаларида операция қилиш имконини яратиб беришди. Оллоҳга шукрлар бўлсин, ҳозир қизимнинг саломатлиги яхши, мунтазам шифокорлар назоратида бўлиб турибди. Фонд доим бизни қўллаб-қувватлаб ёрдам бериб келмоқда. Бунинг учун жудаям миннатдормиз.

Бир ўксик қалбни шод айлаш, унга ёрдам қўлини чўзиш инсонийликнинг олий намунасидир. Ҳазрат Навоий айтганларидек,

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА
2 975