Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2017 18:02 Чоп этиш версияси

Машғулотлар самараси

Мамлакатимизда маданият, санъат ва миллий рақс санъатини равнақ топтириш, малакали мутахассисларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ёшларимизнинг салоҳиятини юзага чиқариш, уларнинг турли халқаро танловларда юқори ўринларни эгаллаб, миллий рақс санъатимизнинг бетакрор жозибасини дунёга танитишида муҳим омил бўлаётир.

Миллий рақс ва хореография соҳасидаги таълим принципларига асосланган ҳолда узлуксиз таълимни тўлиқ қамраб олган Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби 4 босқич – ихтисослаштирилган мактаб-интернат, хореография коллежи, олий таълимнинг бакалавриат ҳамда магистратура босқичлари бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрловчи ягона таълим муассасасидир.

Ўзбек миллий рақс ҳамда хореография соҳасини ривожлантиришда ушбу таълим муассасасининг ўрни беқиёс.

Мазкур таълим муассасаси Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1997 йил 8 январдаги “Ўзбекистонда миллий рақс ва хореография санъатини ривожлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ташкил этилган. Ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва хореография коллежида ўқувчилар миллий рақс ва классик (мумтоз) рақс йўналишлари бўйича таълим олиб, “Балет артисти” ва “Миллий рақс ансамбли артисти” касбий малакаларига эга бўлмоқда. Олий мактабнинг юқори босқичида “Хореография санъати” ва ”Санъатшунослик” таълим йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.

Олий мактабда профессор-ўқитувчилар жамоаси ҳамда зарур моддий техник база шакллантирилган бўлиб, ўқувчи ва талабаларга давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ яратилган таълим дастурлари, ўқув режаларига биноан машғулотлар ўтилади. Ўқув машғулотлари маъруза, амалий ва якка дарс шаклларида олиб борилади. Бу ерда ўқувчи ҳамда талабалар дарсдан ташқари ҳам ўз устида мустақил равишда ишлашлари мумкин. Уларнинг мустақил таълим олишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Замонавий кўринишдаги ўқув аудиториялари, балет заллари, ахборот-ресурс маркази, компьютер хонаси ҳамда кинозал дарс машғулотларининг ҳамда ўқувчи, талабаларнинг бўш вақти тўлақонли, мазмунли ўтишини таъминлайди. Талабалар дарсларда аудио-видео, компьютер, мультимедиа воситалари ёрдамида билимини мустаҳкамлаб боради.

Машғулотлар самарасида талабалар халқаро ва республика олимпиадалари, нуфузли танловларда муносиб қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келаётир. Хусусан, Тигран Абдуллаев ўтган йили Сочи шаҳрида ўтказилган халқ рақси халқаро танловида бош совринни қўлга киритган бўлса, Сусуна Усенова Мукаррама Турғунбоева номидаги миллий рақс ижрочиларининг кўрик-танловида биринчи ўринни эгаллади.

– Ўзбек рақс санъатига меҳрим ўзгача, – дейди С.Усенова. – Унинг тарихий анъаналарини тиклаш, авайлаб асраш ҳамда бойитиш, шарқона фазилат ва Шарқ маънавиятига мос рақсларни тарғиб этишни вазифамиз, деб биламиз.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда ёшларга доир давлат сиёсати ҳаётга изчил татбиқ этилаётганининг амалдаги ифодасидир.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 261






Все о погоде - Pogoda.uz