ЎзА Ўзбек

30.10.2019 Чоп этиш версияси

Маърифат ҳафталиги

Маърифат ҳафталиги

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “INFOLIB UZBEKISTAN – 2019” VIII миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги қизиқарли ва ранг-баранг тадбирларга бой бўлмоқда. 

"Ахборот-кутубхона марказлари нодир фондларини сақлаш ва таъмирлаш: муаммо ва ечимлар” мавзуидаги семинарда ахборот-кутубхона, ахборот-ресурс марказларининг нодир фондлари билан ишловчи ходимларга, музей, архив мутахассисларига тарихий ёдгорликларни ҳужжатлаштириш, сақлаш, консервация ва реставрация қилиш, улардан тўғри фойдаланишни ташкил этиш ҳақида тушунча берилди. 

Кутубхона соҳаси ходимлари учун ташкил этилган яна бир ўқув- семинарда UZNEL ахборот тизими мутахассислари “Каталоглаштириш” модулида мақолаларни киритиш тартиби билан танишди, шунингдек, ҳужжатларни библиографик тавсифлаш юзасидан батафсил маълумотга эга бўлди. 

"Кутубхонада наср, назм ва наво кечаси" номли туркум адабий тадбирларда мутафаккир шоир боболаримиз ижоди ҳақида сўз юритилди, бугунги кунда миллий адабиёт майдонида фаол ижод қилаётган шоирлар шеърларидан намуналар ўқилди.

Туну кун 24 соат ишлайдиган Гёте институтининг онлайн электрон кутубхонаси фаолиятига бағишланган семинарда дунёда кутубхоначилик соҳасида эришилаётган ютуқлар, соҳадаги янгиликлар ва китобхонлар учун яратилаётган янги имкониятлар, ёшлар ўртасида мутолаага бўлган қизиқишни оширишга мўлжалланган қатор лойиҳалар хусусида сўз юритилди. 

Ҳафталик доирасида “Ахборот-кутубхона таҳлили” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Танлов ахборот-кутубхона хизматлари сифатини баҳолаш, ахборот-кутубхона фонди ва электрон ресурслар ривожланишини ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадида ташкил этилди.

Бу танлов 6 ой мобайнида босқичма-босқич ўтказилган бўлиб, иштирокчилар аҳолининг барча қатламларини ахборот-кутубхона хизмати билан қамраб олиш, АКТ асосида муассасалар фаолиятини фаоллаштириш, янги ахборот-кутубхона хизматлари турларини жорий қилиш, касбий салоҳиятини ошириш, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш йўллари бўйича таклиф ва тавсияларини илгари сурди. 

Танлов натижаларига кўра, биринчи ўринга лойиқ топилган Фарғона вилояти ахборот-кутубхона маркази китоб сотиб олиш учун 60 миллион сўмлик сертификат билан тақдирланди. Иккинчи ўринга муносиб кўрилган Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказига 40 миллион сўмлик, учинчи ўринни қўлга киритган Навоий вилояти ахборот-кутубхона марказига 20 миллион сўмлик сертификат топширилди. 

3 646
Назокат УСМОНОВА, ЎзА