ЎзА Ўзбек

11.02.2019 Чоп этиш версияси

“Мангулик калити” фильми премьераси

“Мангулик калити” фильми премьераси

Алишер Навоий номидаги кино саройида “Мангулик калити” ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги давлат буюртмаси асосида “Dilshoh Media” киностудиясида суратга олинган фильмда Ўзбекистон халқ шоири Ҳусниддин Шарипов ҳаёти ва ижоди, унинг ўзбек адабиёти тарихида тутган ўрни, замонавий ўзбек шеърияти, драматургияси ва қўшиқчилик санъатига қўшган ҳиссаси ҳақида атрофлича маълумот берилади. Шоирнинг Ватанни мадҳ этувчи, оддий инсон меҳнатини, аёл сиймоси ва муҳаббатини куйловчи шеърлари, уларга басталанган қўшиқлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.

Ўзбекистон Қаҳрамонлари, миллий адабиётимиз фидойилари Озод Шарафиддинов, Абдулла Орипов, академик Наим Каримов, шоирлар Минҳожиддин Мирзо, Икром Отамурод, Зиёвиддин Мансур, режиссёр Карим Йўлдошев, композитор Анор Назаровларнинг фильмга табиий равишда сингдириб юборилган интервьюлари шоир сиймоси, унинг ижодий истеъдоди ва инсоний фазилатларини янада кенгроқ очиб беришга хизмат қилган.

Ушбу асар ижод ва илм аҳли, филология йўналишидаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек, ўзбек адабиётини севган барча мухлислар эътиборини тортиши, шубҳасиз. Янги ҳужжатли картинанинг сценарий муаллифлари – Рустам Шарипов, Азиза Шамсиева.

Постановкачи режиссёр – Муроджон Одилов. Постановкачи-тасвирчи Анвархон Қосимовнинг маҳорати, теран операторлик нигоҳи туфайли картина янада таъсирчанлик, ҳаётийлик касб этган. Янги ҳужжатли фильмга Маҳмуд Эркабоев продюсерлик қилган.

7 301
Н.Усмонова, ЎзА