ЎзА Ўзбек

06.12.2018 18:26 Чоп этиш версияси

Мангу йўловчилар

Мангу йўловчилар

Бир ёш ва навқирон йигитни кўрдим. У жуда башанг кийинган, елкасидаги ихчам, попуклари ҳилпираб турган хуржунида ноз-неъматлар, сув, тағин кийим-кечак бор эди унинг. Авзойи жуда оташин, кайфияти баланд, руҳи тетик эди. Буни унинг нигоҳидан сездим. У рўпарадаги улуғ тоғ сари мағрур боқиб, жидду-жаҳд билан қадам босар эди. Йигитнинг чап юзида катта қизил, ўзига ярашган нори бор эди. У мени кўрмади ҳам.

Шунда ўша улуғ тоғдан эниб келаётган, гўё юриб эмас, шамолнинг ихтиёрида қолиб учиб юрган саргардон туяқорин аталмиш тикондек юмалаб тушаётган бир афтода чолни ҳам кўрдим. Чол мункиллаб қолган, соч-соқоли ўсиб кетган, кир ва узун мўйлаби оғзини ёпган, кўзидан нур қочган бир ғариб эди. Эгнидаги қўпол, рангини ҳам билиб бўлмайдиган чакмонининг увадаси чиқиб, тирсаклари тешилиб қолганди. Кирчимол иштони ҳам тешилганди унинг. Зўрға авратини ёпиб турарди. Оёғида эса ҳаво совуқ бўлишига қарамай ҳеч вақо йўқ — ялангоёқ. Товонлари қабариб, шилиниб кетган.

Чол рўпарасидан бораётган йигитни кўргач, жойида тек қотди. Йигит ҳам гўё арвоҳга дуч келган каби бир зум оёқ илдию, тағин одим отди. Улар рўпара бўлдилар. Чол тилга кирди:

—Тўхта, қўзим! Аввал бир қултум сув бер, кейин гапимга қулоқ сол! 

— Кимсан сен ўзи, мени тўхтатадиган?! Ма, сув! — йигит чолга мол терисидан тикилган сув тўла ихчам тулумни узатди.

Чол ютоқиб сув ичди. Кун совуқ бўлса-да, чолнинг ичи ёниб кетаётганга ўхшар эди. 

Сув ичиб нафси қонган чол сўзини бошлади:

— Сен менга қаерга кетаётганингни айт!

Йигит жавоб қилди:

—Уни излаб кетяпман!

— Мен қирқ йил аввал сендан ҳам навқирон ва кучли эдим. Мадрасада ўқирдим. Китобда У бор деб ёзилганини кўрдим. Манзилини ҳам билиб олдим. Ва қирқ йил бурун худди сен каби йўлга тушдим! Шунда, худди шу ерда рўпарамдан мендан-да афтода чол чиқди. Ва менга “Ортингга қайт! Сен излаган У йўқ! Мен ўша манзилга бориб келдим! Қайт, болам!” деб ёлворди. Мен чолнинг гапига ишонмадим ва йўлимда давом этдим.

Аммо бориб кўрдим: У йўқ экан! Қашқирлар, шоқоллар менинг уйқуга кетишимни пойлаб, увиллаб эргашиб юраверди. Аммо қўрқув ва умид менга уйқу бермади. Уни излаб, йиғлаб-ёлвориб кўп жабр кўрдим. Йўқ, тополмадим. Ва бор-будимдан мосуво бўлиб, чолнинг сўзларига ишонмаганимга минг пушаймонлар қилиб, алам ва соғинч чоғиридан мўл-мўл ичиб, зўрға ортимга қайтиб келяпман. Оёқларимга қара, очликдан от терисидан қилинган ковушимни ҳам бурдалаб еб қўйдим. Бўлмаса қашқирларга ем бўлардим. Оёғим қавариб, терилари тошдай қотиб қолди. Шунда бу қавариқлар юришимга халал бериб қолаверди. Қиррадор тош билан жонсиз бўлиб қолган дағал териларни кесиб ташлаб юравердим. Ишонасанми, ўша тери парчаларини ҳам... едим..., — чол изиллаб йиғлаб юборди, бир пасдан сўнг тағин гапида давом этди — Сен орқага қайтгин, болам. Ишон менга!

Чол гапини тугатар экан, йигитга умид билан ёниқиб қаради. 

Йигит эса, хумрайиб чолга шубҳали боққанча бир муддат турди-да, индамай йўлида юришга хезланди. Чол йигитни тутиб қолмоқ учун қалтироқ қўлларини узатди. Йигит уни силтаб ташлади ва юришда давом этар экан, деди:

— У — бор! Китобда ўқидим! Манзилини ҳам биламан.

Чол зор-зор қақшаганча, ерга ўтириб қолди.

Сўнгра у ҳам мени кўрмай ёнимдан лўкиллаб ўтиб кетди.

Мен орадан яна қирқ йил ўтгач, шу ёнбағирдаги сўқмоққ йўлим тушди. Ва қирқ йил бурун кўрганим юзида қизил нори бор йигитдан ҳам хушсуврат бошқа бир йигитга дуч келдим. У жуда шахдам ҳолда, олис қорли чўққилардан кўз узмай йўл тортар эди.

Унинг ҳам сафар завқи парда тортган нигоҳлари мени кўрмади. Йўл четида турдим. У шашт билан ўтиб кетди.

Шу маҳал тоғдан эниб келаётган бир қорага кўзим тушди ва титраб кетдим. Қирқ йил аввалги афтода чолдан ҳам ўн карра ғариб ва ғамгин бир чол энкайиб пастга томон ўрмалар эди. Мени титратган нарса ул бадбахт қариянинг чап юзидаги катта қизил нор эди...

Йўлимга бурилиб жўнадим. Олислаб кетарканман, йигит ва чолнинг гаплари қулоғимга гўё акс-садо каби етиб келди:

— Ортингга қайт, болам, У — йўқ! — дея ялинарди чол.

Йигит эса тобора юқорилаб бораркан:

— У — бор! Китоб алдамайди! - дерди ҳайқирганча. 

***

Мен шарқираб оқаётган сой ёқалаб борар эканман, бу чолнинг ҳам аввалги чолга ўхшаб адашаётганини тушундим! Ҳа — У бор, китоб алдамайди. Аммо бу шўрпешоналар сезишмаяптики, уларнинг заҳмат чекиб, йўлда тортган азоб ва иқрорлари Унинг борлигига далилдир! Умид ва иқрор!

Муҳими шу эмасми?! Улар шуни тушунишмаяптилар!

Сув эса қорнинг ҳидини олиб шарқираб тепадан пастга оқиб ётибди.

Шодмонқул САЛОМ

ЎзА
6 549