ЎзА Ўзбек

18.05.2018 19:40 Чоп этиш версияси

Мангу барҳаёт адиб

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Тўлепберген Қайипбергенов хотирасига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда уюшма раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмонов, Қорақалпоғистон халқ шоири Музаффар Аҳмад ва бошқалар юртимизда ижод аҳлига кенг имкониятлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш қаторида ўтганлар хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ёзувчи 1929 йил Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли қишлоғида туғилган. Ўзининг ижодий фаолияти давомида юзга яқин асар ёзган, улар қорақалпоқ тилидан рус, ўзбек ва бошқа тилларга таржима қилинган. Шу боис ўзбек китобхонлари китоб жавонидан Тўлепберген Қайипбергеновнинг асарлари ҳам жой олган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов адиб ҳақида: “Ўзининг узоқ тарихига эга бўлган қадимий қорақалпоқ халқининг кенг пешонасига бугунги кунда тонг юлдузи каби ярашиб турган ёзувчи Тўлепберген Қайипбергеновдир!», деган эди. Ушбу ижодкор учун бундан ортиқ таърифни келтириш мушкул.

Унинг “Қорақалпоқ қизи” асари асосида “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган бадиий фильм томошабин қалбидан ҳам чуқур ўрин эгаллаган.

Ўзининг ноёб истеъдоди ва жўшқин ижтимоий фаолияти билан шогирдлари қалбидан чуқур жой олган адиб 2010 йилда 81 ёшида вафот этган. Аммо шу йиллар орасида ёзувчини хотирлаш, унинг ижодидан авлодларни кенг баҳраманд этиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар тўхтаган эмас.

Адибнинг замондошлари у ҳақидаги хотираларини сўзлаб берди. Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда адибнинг оила аъзолари ҳам қатнашди.

Буюк ёзувчининг ўлмас асарлари, ҳаёти ва ижоди акс этган фотосуратлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
5 382