ЎзА Ўзбек

18.05.2018 18:00 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизда Европа кино фестивали ўтказилади

Мамлакатимизда Европа кино фестивали ўтказилади Фестивалда тақдим этилган барча филмлар суратга олган мамлакат тилида эфирга узатилади. Шунингдек, рус тилида субтитрлар берилади. Анъанага кўра, барча кино намойишлари бепул.

Жорий йилнинг 25-30 май кунлари пойтахтимиздаги Алишер Навоий номли кино саройида 6-Европа киноси фестивали ўтказилади. Фестивал "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Бу сафар томошабинларга Германия, Латвия, Руминия, Словения, Швейцария, Финляндия, Франция, Чехия, Венгрия ва Белгия давлатлари томонидан ишлаб чиқарилган 12 та филм тақдим этилади.

Фестивални Швейцарияда суратга олинган “Муҳаббатда телбалар” филми очиб беради. Романтик мусиқали комедияда Швейцарияда истиқомат қилувчи Шри Ланкалик ёш йигитнинг европалик қизга бўлган муҳаббати кулгили воқеалар орқали очиб берилади.

Унда оилавий кўриш учун мўлжалланган 4 та картина ҳам намойиш этилади: “У баскетболчи бўла қолсин” (Словения, 2017), “Компютердан хавфлироқ бобо” (Латвия, 2017), ”Бубуль” (Швейцария/Бельгия, 2014), “Хонаки” (Румыния, 2012).

Фестивал кун тартибидан иккита ҳужжатли филм ҳам ўрин олган бўлиб, "Тўрт элемент" (Финляндия, 2017) филми бешта ноёб персонажлар саргузаштлари орқали Ер, ҳаво, сув ва олов узра хаёлан саёҳат қилиш имконини беради.

"Эртага" ҳужжатли филмида (2015 Франция,) эса ижодий жамоанинг 10 та мамлакат (Франция, Дания, Финляндия, Белгия, Ҳиндистон, Буюк Британия, АҚШ, Швейцария, Швеция, Исландия) бўйлаб сайёҳати акс этган. Унда 2100 йилда инсониятни қандай инқироз кутиши мумкинлиги хусусида сўз боради. Экспедиция қишлоқ хўжалиги, энергетика, иқтисодиёт, демократия, таълим соҳасидаги мутахассислар билан учрашган.

Фестивалда тақдим этилган барча филмлар суратга олган мамлакат тилида эфирга узатилади. Шунингдек, рус тилида субтитрлар берилади. Анъанага кўра, барча кино намойишлари бепул.

Н. Тошпўлатова, ЎзА
7 283