ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Мамат капитаннинг аризаси

Мамат капитаннинг аризаси

Қарнаблик Мамат капитан ўз бошлиғига шундай ариза йўллабди: «Ўртоқ полковник! Оилавий аҳволим ёмонлашганлиги сабабли мени участка инспекторлигидан ДАН ходимлигига ўтказишингизни сўрайман. Майда иш бўлсаям майли. Қарнабда мошин кўп. Бир кунимни кўрарман. Сал ўзимни ўнглаб олай, кейин яна ишимга қайтаман деб ваъда бераман».

«Мелисанинг аризаси» номли ушбу ҳангома муаллифини дарҳол таниган бўлсангиз керак? Ҳа, адашмадингиз, машҳур публицист, ёзувчи Фармон Тошев!

Унинг «Чўпоннинг тумори» номли латифаси ҳам машҳур:

“Кунлардан бир кун Пўлат чўпонга хотини «Икки кундан бери бошим оғрийди. Қилмаган амалим қолмади. Татар мулладан битта тумор ясатиб келмасангиз бўлмайди чоғи. Тушимга кирди», дейди. Эртаси Пўлат ака хотинининг топшириғи эсдан чиқиб, отарга кетворади. Қайтишда бу гап эсига келади. Хуллас, бирпасда оқ қоғозга лотин ёзувида «Берилди ушбу қоғоз шул ҳақдаким, Исмоил қизи Зулфиянинг бундан кейин боши оғримасин. Татар мулла», деб битади. Учбурчак қилиб буклади ва устидан эринмай латта билан тикиб чиқди. Туморни кўргач, Зулфия холанинг чеҳраси очилиб кетди. Анча вақт боши оғримай юрди. Бир куни сир очилиб қолди.
Зулфия хола қўрқа-писа туморни очса, эрининг хати бор экан. «Бизнинг хўжайиннинг дами ҳам татар мулланикидан қолишмайди аслида», дебди у алданганини билмаслик учун”.

Фармон Тошев ижодида бундай теша тегмаган гаплар кўп. Нафақат ҳажвий йўналишдаги, балки бадиий-публицистик, қолаверса, назмий асарларида ҳам катта маҳорат ифодасини кўрасиз.

Яқинда нашрдан чиққан «Мактублар» номли китобда Фармон Тошев ижоди ва шахсиятига чизгилар жамланган. Ундан самарқандлик адиб ва журналистнинг китобларини ўқиб ёзилган мактублар ва тақризлар ўрин олган. Китобдаги асосий хулосалар бадиий маҳорат масалалари билан боғлиқ. Ҳар бир ижодкор бу битиклардан ўзига хулоса чиқариши мумкин.

3 565
Шоҳрух БОТИРОВ, ЎзА