ЎзА Ўзбек

16.10.2012 16:40 Чоп этиш версияси

Маданият ва санъат равнақи йўлида

Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида маданият ва санъат соҳасида юксак малакали мутахассислар тайёрлаш даражаси ҳамда сифатини оширишга бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда депутатлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва журналистлар иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А.Маматов, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Б.Сайфуллаев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимизнинг бой маданий меросини тиклаш, асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Анъанавий тарзда ўтказилаётган “Санъат ғунчалари”, “Янги авлод”, “Келажак овози”, “Навқирон Ўзбекистон”, “Ниҳол” каби кўплаб кўрик-танловлар, тасвирий санъат ва фото кўргазмалари, халқаро фестиваллар ёшларнинг истеъдодини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлмоқда. Ёшларимиз нуфузли халқаро танловларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олаётир.

Бунда маданият ва санъат соҳасида замонавий талабларга, халқимизнинг тобора ортиб бораётган интеллектуал, эстетик ва маданий эҳтиёжларига жавоб берадиган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар муҳим аҳамият касб этаётир.

Мамлакатимиздаги тўрт олий таълим муассасаси, 20 академик лицей ва касб-ҳунар коллежида ёшларга маданият ва санъат йўналиши бўйича таълим берилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 4 июндаги “Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Ҳозир мазкур қарорда белгиланган вазифалар юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида институтнинг янги, замонавий биноси барпо этилмоқда. Янги таълим даргоҳида талабалар жаҳон андозалари даражасида таълим олиши, ўз салоҳиятини тўла рўёбга чиқариши учун барча шарт-шароит яратилаётир.

Анжуманда ёшлар тарбиясида маданият, санъат ва таълим уйғунлиги, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида таълим-тарбия сифатини янада ошириш, “устоз-шогирд” анъаналарини кенгайтириш, маданият ва санъатни ривожлантириш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди. 


ЎзА, Б.Хидирова
12 245